Сурхондарё вилояти Ангор туманининг “Таллимарон” МФЙ ҳудудида “Аngor index” МЧЖ савдо ва ишлаб чиқариш мажмуасининг қурилиш ишлари бошланди. Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Б.Шарипов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Маманов томонидан лойиҳага тамал тоши қўйилди.
Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, йирик лойиҳа жорий йилнинг июнь ойида мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига Ангор туманида савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси фаолиятини йўлга қўйган ҳолда маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларини яратиш бўйича топшириғи асосида амалга оширилмоқда.
Савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси учун 4 гектар ер майдони ажратилган. Ушбу ҳудудда лойиҳага биноан 704 та ҳар хил турдаги қурилиш ва пардозлаш моллари дўконлари барпо этилади.
50 млрд сўмни ташкил этувчи инвестицион лойиҳа 2022 йилнинг январь ойида тўлиқ ишга туширилиши мақсад қилинган бўлиб, бу ерда маҳаллий аҳолининг 1 400 нафари доимий иш ўрнига эга бўлади.
Савдо мажмуасининг ўзида 1 500 кв.м ҳудудда умумий ишлаб чиқариш майдони ҳам мавжуд бўлади. Шунингдек, мажмуа қаршисида 1000 га яқин автомобиллар учун тураргоҳ бунёд этилади. Бу эса яна минглаб қўшимча иш ўринлари яратилиши учун замин яратади.