ОАВ вакиллари Ангрен конида кўмир устки қатламини очиш, кўмир қазиб олиш, саралаш ва истеъмолчиларга юклаш жараёни билан танишдилар. Тадбир давомида журналистларга республика кўмир саноати соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Республикада кўмир қазиб чиқариш кўрсаткичлари ва кўмир қазиб чиқариш ҳажми ижтимоий соҳа ҳамда саноат тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиқиб, йил сайин ортмоқда. Илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда кўмир қатламларини баҳолаш ва бурғилаш ишлари давом эттирилмоқда.
Хусусан, 2024 йилда 8,4 миллион тонна кўмир қазиб чиқарилган
(2023 йилга нисбатан 128 фоиз ёки 1,9 миллион тоннага, 2016 йилга нисбатан 2,2 баробар кўп). 2025 йилда кўмир қазиб чиқариш 9 миллион тоннага етказилиши прогноз қилинмоқда.
Кўмирга мутаносиб равишда қазиб чиқарувчи корхоналар сони ҳам ортиб бормоқда. Аниқланган 17 та истиқболли конлар ва майдонлар тадбиркорларга берилиб, улар томонидан 2023 йилдан шу кунга қадар 1,1 миллион тоннадан (умумий қазиб чиқариш ҳажмининг 5,6 фоизи) кўмир қазиб чиқарилди. 2023 йилга қадар кўмир маҳсулотлари фақат «Ўзбеккўмир» ва «Шарғункўмир» жамиятлари томонидан қазиб чиқарилган.
«Шарғункўмир» АЖни модернизация қилиш инвестицион лойиҳаси тўлиқ ишга туширилиши натижасида 900 минг тонна юқори калорияли кўмир ички бозорга йўналтирилди. Тош кўмир асосан цемент ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлатилиб, аҳоли эҳтиёжлари учун фойдаланилмайди.
Бундан ташқари, Ангрен кўмир хавзасидаги Нишбош кўмир конига инвесторлар жалб қилиниб, йилига 10 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш ҳамда кўмирни бойитиш орқали республика истеъмолчиларига сифатли кўмир маҳсулотлари етказиб бериш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти томонидан истеъмолчиларга жами 6,4 миллион тонна (ўсиш 107,8 фоиз), шу жумладан, ижтимоий соҳа ташкилотларига 615 минг тонна, аҳолига 1 276 минг тонна маҳаллий кўмир юборилган.
«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятида 11 та таркибий тузилма мавжуд бўлиб, улардан учтаси кўмир кони, қолганлари ёрдамчи корхоналардир. Тизимда бугунги кунда 6 минг нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда.
Пресс-тур иштирокчиларини қизиқтирган саволларга «Ўзбеккўмир» АЖ мутасаддилари, масъул ходимлар томонидан жавоб ва тушунтиришлар берилди.
Зулхумор АКБАРОВА