«Миллар» дастурида хабар қилинишича, бола онаси билан Ангрен шаҳридаги маҳаллаларнинг бирида ижарада яшаб келган. Гувоҳларнинг айтишича, ўша куни бола мактабдан қайтаётган бўлган. Кўчадаги дайди итлардан бири унга ташланган. Оқибатда 8 ёшли бола оғир жароҳат олиб, ҳалок бўлган.

Мазкур ҳолат жамоатчилик томонидан катта ташвиш ва қайғу билан қабул қилинмоқда.

Ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, шаҳар ва вилоят ҳудудида дайди ҳайвонларни назорат қилиш, уларни тутиш ҳамда белгиланган махсус жойларда сақлаш ишлари кучайтирилди.

Ўқувчига ҳужум қилган ит Ангрен шаҳар ободонлаштириш бўлими ҳузуридаги дайди ҳайвонларни тутиш гуруҳи томонидан ушланди. Бу ҳақда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳайвон махсус сақлаш жойига олиб борилди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги масъуллари иштирокида ўтказилган шошилинч йиғилишда мутасадди ташкилотлар — ободонлаштириш хизмати, ветеринария бўлими, санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати ҳамда бошқа идораларга тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Хусусан, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, дайди ҳайвонларни тутиш ва зарарсизлантириш ҳамда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Мазкур масала алоҳида назоратга олинган бўлиб, жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилиши билдирилди.