Айни кунлардаги юртимизда об ҳаво ҳароратининг 40-42, жанубий вилоятларда кузатилаётган 45-47 даражагача кўтарилиши аномал иссиқ деб баҳоланади. Мутахассислар 41 даражадан юқори бўлган ҳароратни инсон организмига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли баланд деб таъкидлайди. Бунда нафақат беморлар, балки соғлом инсонлар ҳам ўзини лоҳас сезиши ва қатор нохуш касалликлар юзага келиши мумкин.

Охирги йилларда сайёрамизда аномал иссиқликлар тез-тез содир бўлаётгани ҳақида маълумотлар кўп. Тўғри, бизнинг мамлакатимиз иссиқ иқлимли мамлакат қаторига киради. Лекин аномал иссиқда организмда кескин салбий ўзгаришлар бўлиши табиий.

Инсон организмининг 70 фоиздан кўпроғи суюқликдан ташкил топган бўлиб, бу қон-томир тизимида муҳим аҳамият касб этади. Қон-томир тизими фаолияти 36,6 ҳароратда ўз ҳужайраларини озиқлантириш, кислород билан таъминлаш функцияларини меъёрида бажара олади. Аммо тана ҳарорати баландлаб кетганда, организмда салбий ўзгаришлар рўй беради.

Шу боис, аномал иссиқ шароитида белгиланган умумий қоидаларга амал қилишимиз лозим бўлади. Биринчи қоида — зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик. Албатта жазирамадан ҳимояловчи бош кийим кийиб юриш талаб этилади. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, жазирамада офтоб уриш эҳтимоли кучаяди.

Бундай шароитда табиийки, енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш, кўпроқ суюқлик ичиш талаб этилади. Кофе, ширин, газланган сувларни истеъмол қилмаслик мақсадга мувофиқ.

Ҳавони яхши ўтказадиган, қуёш нурини қайтарадиган, кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган кийимларни кийиш тавсия этилади. Тўқ, хусусан, қора ва жигар ранг матодан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади. Оқ рангли кийимлар қуёш нурини яхши қайтариш хусусиятига эга.

Офтоб уриши оқибатида тана ҳароратининг кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульс тезлашиши, юракнинг тез уриши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Бундай пайтда офтоб урган одамни дарҳол соя жойга олиб, сочиқни муздек сувга ҳўллаб бошига қўйиш тавсия этилади. Бўйин ва қўлтиқ соҳасига муз бўлаклари қўйиш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Беморга оз-оздан суюқлик ичирилиб, тез ёрдам чақирилади.

Республика аҳолисини бундай шароитда муҳофаза қилиш, тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 173 та туман ва шаҳар бўлимлари шай бўлиб турибди. Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «1003» қисқа рақамли Саll-маркази фаолият кўрсатмоқда.

Элмира БОСИТХОНОВА,

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари