Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясида инновацион фаолият субъектлари ва тадбиркорлик натижалари асосида ташкил этиладиган иш ўринлари, ички ва ташқи бозорда тижорийлаштириш орқали яратилган ишланмалар сонини кўпайтиришни назарда тутувчи қатор вазифалар белгиланган. Улар ижросини таъминлаш, илм-фанни ривожлантириш ва илмий тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш учун 2018 йилдан буён мунтазам равишда “InnoWeek.Uz” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ўтказиб келинмоқда.
Мазкур ҳафталик мамлакатимиздаги илмий-инновацион ишланмалар ҳамда илм-фан ютуқларини намойиш этиш, инвестиция жалб қилишда катта имкониятлар яратмоқда. Унда олимларимиз томонидан яратилган турли қизиқарли лойиҳалар намойиш этилиб, бир қатор ижобий натижаларга эришиляпти. Жумладан, “Ҳудудий инновациялар”, “Технологиялар трансфери” ва “Янги инновациялар” каби бурчаклар ташкил этилиб, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, биотехнология, қурилиш, кимё соҳаларига оид энг янги ишланмалар йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинмоқда.
Айни пайтда уларнинг аксарияти ишлаб чиқаришга жорий этилиб, дастлабки самараларини берди. Шундай истиқболли ишланмалардан бири “Порлоқ пахта нави толасидан ҳамда йигириш жараёнидаги чиқиндилардан йигирувбоп тола ажратиб олиш асосида янги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси бўлиб, уни тижорийлаштиришга Инновацион ривожланиш агентлиги 1,388 миллиард сўм маблағ ажратди.
Айни пайтда лойиҳа доирасида Чуст тумани маҳаллаларидаги 7 нафар фуқаро иш билан таъминланиб, умумий ҳажми 90 миллион сўмлик дастлабки синов-тажриба маҳсулотлари маҳаллий бозорга етказиб берилди. Навбатдаги лойиҳа асосида Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги она асалариларни сунъий усулда етиштириш ва уруғлантиришга ихтисослашган корхоналардан бири иш бошлади.
Ўтган йили корхонада 2000 килограмм асал, 5 килограмм гулчанги ва 1,5 литр асалари сути етиштирилган. 2023 йилда эса сунъий усулда она асалариларни етиштириб, сунъий усулда уруғлантириш ҳамда аҳоли хонадонлари ва асаларичилик хўжаликларига тарқатиш режалаштирилган. Қолаверса, яна бир МЧЖ корхонаси “Ўсимлик ёғларини переэтерификация қилиш усули билан сут ёғи ўрнини босувчи ёғлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш ва амалга ошириш” лойиҳаси устида иш бошлаган.
Лойиҳа доирасида маҳаллий хомашёлардан фойдаланган ҳолда, ўсимлик ёғини переэтерификация қилиш (ёғларнинг ўзаро реакцияга киришуви натижасида янги эфирларнинг ҳосил бўлишли) технологияси жорий этилиб, импорт ўрнини босувчи ёғ-мой маҳсулотларининг янги турлари, сут ёғи ўрнини босувчи махсус ёғ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ёғ кислоталари билан бойитилган, маҳаллий ўсимлик мойларидан олинган рецептлар асосида яхшиланган органолептик хусусиятларга эга маргарин ишлаб чиқариш технологияси жорий этилади.
Бундай ёғларни олиш технологияси илгари юртимизда мавжуд бўлмаган. Шунингдек, тиббиётга оид лойиҳаларнинг тижорийлашуви ҳам ижобий самарага эга. Масалан, тиббиётда кенг қўлланадиган антибиотиклар одамнинг иммун тизимига кескин таъсир кўрсатса-да, кўп ҳолларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларга тавсия этилмайди. Шу сабабли антибиотикка муқобил, безарар ва самарали дори-дармонларни яратиш ва ишлаб чиқариш долзарб вазифадир.
Дунё олимларининг фикрича, микроорганизмлар келтириб чиқарадиган юқумли касалликларни даволашда бактериофаглар антибиотикка муқобил препарат бўлиши мумкин. Бактериофаглар антибиотик ўрнини босувчи восита бўлиб, ножўя таъсирга эга эмас. Уларни ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, ҳар қандай ёшдаги болалар, ҳатто муддатидан олдин туғилган чақалоқларда ҳам қўллаш мумкин.
Препаратнинг асосий афзаллиги шундаки, уни ишлаб чиқаришда юртимизда кенг тарқалган касаллик тарқатувчи микроорганизмлардан фойдаланилган. Шу сабабли самарадорлиги чет элдан келтирилган препаратларникига қараганда анча юқори. Бу, ўз навбатида, шу пайтга қадар мамлакатимиз эҳтиёжи учун импорт қилинаётган иммунобиологик препаратлар ҳажмини қисқартириш билан бирга валюта сарфини тежаш имконини беради.
Бундай бактериофаг препаратлар нафақат дорихоналаримизда сотилмоқда, балки чет элга экспорт ҳам қилинмоқда. Жағ соҳасида синиш бўлган беморларни даволашни оптималлаштирадиган универсал оригинал боғлам ҳам эътиборга молик лойиҳалардан биридир. Ушбу маҳсулотни оммавий ишлаб чиқариш жағ соҳасида синиш бўлган беморнинг вақтинчалик ва якуний транспорт иммобилизацияси муаммосини тўлиқ ҳал қилади.
Бу даволаш учун тавсия этилган муолажа вақтини 5 кун қисқартиради. Маҳсулот хориждан келтирилаётган муқобилларидан 3 баробар арзон ва 90 фоиз клиник ҳолларда мос келади. Бундан ташқари, кўз косасининг пастки девори жароҳатланиши ва нуқсонларини индивидуал 3D моделлаштирилган имплант ёрдамида бартараф этиш лойиҳаси ҳам тижорийлаштиришга йўналтирилди. Унинг аҳамиятли томони шундаки, моделлаштирилган имплант қўлланганда жарроҳлик амалиётидан кейин беморларнинг реабилитация вақти қисқаради.
Шунинг ҳисобига беморларнинг меҳнат қобилияти 1,6 баробар ошгани кузатилди. “Фитопассит” тинчлантирувчи дорисини ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам истиқболли ишланма сифатида баҳоланди. Уни амалга ошириш натижасида асаб тизимининг функционал фаоллигига тинчлантирувчи, невроз, таъсирчанлик, хавотирланиш, қўрқув, толиқиш, паришонхотирлик билан кечувчи ҳолатлар, нерв қўзғалиши, уйқусизликда қўлланадиган препарат яратилди.
У олти хил маҳаллий доривор ўсимлик (арслонқуйруқ ўти, валериана илдизпояси, наъматак меваси, дўлана меваси, қора зира меваси, оддий қўлмоқ)дан олинади. Ушбу препарат ҳозир чет элдан келтирилаётган тинчлантирувчи дорилар ўрнини босади ва таннархи 3-4 баробар арзонлиги туфайли иқтисодий самара келтиради. Шу билан бирга, келгусида экспорт имкониятини беради. Қишлоқ хўжалигига оид лойиҳалар ҳам ишлаб чиқарувчиларда катта қизиқиш уйғотади.
Шундай лойиҳалардан бири асосида мамлакатимизда ипак қуртининг озуқа базаси сифати ва ҳосилдорлигини ошириш учун юқори навли тут кўчатлари етиштирувчи ин витро лабораторияси ва қўшимча иккита махсус иссиқхона ташкил этилди. Уларда тут дарахтининг хасаки ва дурагай навларига нисбатан 1,5-2 баробар юқори ҳосилдорликка эга, янги серҳосил навлари кўчати кўпайтирилади.
Шунингдек, фермер хўжалиги ҳудудида кенг турдаги тут кўчатларини етиштириш мақсадида Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида кўпайтириб келинаётган тутнинг жаҳон коллекцияси таркибига кирувчи 240 навидан 2,2 гектар майдонда янги коллекция тутзори барпо этилди. Ипак қурти озуқа базасининг сифатли тут кўчатларига талабини таъминлаш мақсадида давлат реестрига киритилган, турли ҳудудларда кўпайтирилиши мўлжалланган юқори навли, касалликлардан холи кўчатларни ин витро усулида кўплаб етиштириш йўлга қўйилди.
Натижада дастлабки йилнинг ўзидаёқ 300 минг дона “Жарариқ-2”, “Жарариқ-7”, “Жарариқ-14” ва “Марҳамат-2017” тут навлари кўчатини етиштириш имконияти яратилди.