Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 21,2 мингдан ортиқ иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил этилди. Натижада, меҳнат органлари томонидан ишсиз, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган, меҳнат миграциясидан қайтган 177 836 нафар фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Уларнинг иш ҳақлари учун Жамғарма ҳисобидан 169,7 миллиард сўм маблағ молиялаштириб берилди.
Бундан ташқари, Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан фуқароларнинг ва иш берувчиларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 23 та тадбиркорлик субъектига умумий қиймати 4,5 млрд сўмлик 861 дона асосий воситалар, мини-ускуналар, тикув машинаси жамланмаси, мотокультиватор, автомобил ювиш шаҳобчаси жиҳозлари ижарага берилди. Натижада “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган ишсиз, банд бўлмаган аҳоли учун республика бўйлаб қарийб 1400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан туман ва шаҳарларга ажратилган маблағлар мақсадли сарфланиши вазирлик томонидан мунтазам назоратга олинмоқда. Хусусан, Жамғарма маблағларини мақсадли ва самарали сарфланишини назорат қилишни самарали ташкил этиш учун Вазирликда 3 нафар, ҳудудий бандлик бошқармаларида 2 нафар ходимдан иборат Молиявий назорат бўлими ҳамда Жамғарма ижро этувчи дирекциясида 2 нафар ходимдан иборат ички аудит бўлими ташкил этилди. Шунингдек, жамоат ишларига жалб этилган фуқароларни ҳаққоний ишлаётганлиги, иш берувчиларга Жамғарма ҳисобидан молиялаштирилган маблағларни ўз вақтида тўлаб берилаётганлигини ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганишлар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, меҳнат органларида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар ҳисобини юритиш, шу жумладан, иш берувчилар томонидан Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этишга буюртмаларни электрон шакллантириш, ишсиз шахслар томонидан жамоат ишларига ёлланиш имкониятини берувчи электрон тизим “Бандлик хизмати” ахборот тизими жорий этилди. Ахборот тизими Статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат персоналлаштириш маркази ва бошқа тегишли вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари билан интеграция қилинди.