Жорий йил январь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган оператив-техник тадбирлар давомида кибержиноятчилар гуруҳи фаолияти фош этилди.

Гуруҳ Қорақалпоғистонда яшовчи уч нафар фуқародан иборат бўлган. Улардан бири — 2004 йилда туғилган, муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган Нукус шаҳрида яшовчи М. исмли шахс.

Унинг телефони текширилганда, Telegram'даги ёпиқ каналлардан бирида турли шахслар билан банк карталарига оид маълумотлар алмашилгани аниқланган.

Терговда аниқланишича, жиноий схема жуда оддий кўринган: фуқаронинг телефонига APK файл юкланади. У орқали керакли маълумотларга эга бўлган жиноятчилар фуқаронинг банк картаси ва ундаги маблағлари ҳақида маълумот олади.

Кейин карта рақами, амал қилиш муддати ва тасдиқлаш коди каби маълумотлардан фойдаланилиб, маблағ бошқа — «дроп» карталарга ўтказилган.

Гуруҳ аъзоларидан бири ўз кўрсатмасида картада 10 млн сўм бўлса, уни жиноий шериклари берган дроп картага ўтказганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, бундай операциялар учун уларга фоиз кўринишида пул берилган. Айрим ҳолатларда бир кунда 3 млн сўмгача даромад қилиш мумкинлиги ваъда қилинган.

Жиноий схема фақат мавжуд банк карталаридан пул ечиб олиш билан чекланмаган.

Гуруҳ аъзолари моддий манфаат эвазига бошқа фуқароларни мобил тўлов иловалари орқали верификациядан ўтказган ва уларнинг номига виртуал банк карталарини очган.

Бунинг учун айрим фуқароларга 100–300 минг сўм атрофида пул берилган. Кейин эса ушбу карталар ҳақидаги маълумотлар жиноий шерикларга етказилган.

Тезкор-техник тадбирлар натижасида гуруҳ фаолияти оқибатида 250 га яқин фуқаронинг қарийб 3 млрд сўм маблағи талон-торож қилингани аниқланган.

Суриштирувлар давомида гумонланувчилар бу йўлга 2023 йилдан бери киришганини маълум қилган.

Улар Telegram'даги ёпиқ каналлар орқали чет элдаги шахслар билан алоқа ўрнатиб, пластик карталар ва улардаги маблағлар ҳақидаги маълумотларни алмашиб келган.

Тергов жараёнида яна бир ҳолатга ойдинлик киритилди. Гуруҳ аъзоларидан бири жиноий фаолиятни ташламоқчи бўлганида, унга таҳдид қилинган.

Унинг айтишича, шахсий суратлари ва маълумотлари тарқатилган, уйига одам юборилган ва ҳатто ўлдириш билан қўрқитилган.

Бундан ташқари, катта миқёсда жиноят содир этган яна бир 8 кишилик гуруҳ ҳам қўлга олинган. Ҳозирда уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гуруҳ аъзоларининг асосий қисмини Қорақалпоғистонда яшовчи, қолган қисмини эса бошқа вилоятларда яшовчи ёшлар ташкил этган.

Қорақалпоғистон ИИВ мутасаддилари ахборот технологиялари бўйича билимга эга ёшларни ўз салоҳиятини қонуний мақсадларда ишлатишга чақирди.

Зеро, технологияни яхши билган ёш учун қонуний даромад топиш имкониятлари ҳам кўп. Акс ҳолда, осон пул ортидан қувиш жиноий жавобгарлик ва темир панжара билан якунланиши мумкин.