Наманган вилояти Учқўрғон тумани Қўғай қишлоғида яшовчи Ю.М. Учқўрғон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат этган.
Мурожаатда баён этилишича, фуқаро 2021 йилда туғилган набирасини қорин бўшлиғидаги безовталик сабабли Қўғай тиббиёт бирлашмасига олиб келган. Шу куни кундузги навбатчи шифокор томонидан буюрилган дори воситасининг дорихона сотувчиси томонидан бошқа дорига адаштириб берилиши натижасида беморнинг саломатлиги ёмонлашган. Боз устига истеъмолчи жами 2 000 000 сўмлик моддий зарар кўрган.
Ушбу мурожаат Учқўрғон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ҳудудий профилактика инспектори билан бирга ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам дорихона сотувчиси нотўғри дори воситаларини бергани аниқланди. Дорихона раҳбарига қонун доирасида тушунча берилди. Натижада дорихона раҳбари истеъмолчига етказилган зарарни тўлиқ қоплади.
Моддий зарар қоплангани ўз йўлига. Ҳар бир дорихона ходими бу каби вазиятдан хулоса чиқариб, дори воситаларини шифокор рецепти асосидагина бериши лозим. Биргина хато инсонлар соғлиғига катта зарар етказиши мумкин.
Наманган вилояти Чуст тумани “Каркидон” МФЙда яшовчи М.Ш. шу йилнинг январь ойида Чуст тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат этган.
Мурожаатда баён этилишича, фуқаронинг хонадонида электр симида кучланиш юзага келгани сабабли уйдаги музлаткич, янги электр плита куйиб, яроқсиз холатга келиб қолган.
Ушбу мурожаатни Чуст тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳамда Ўзэнергоинспекциянинг Наманган ҳудудий бирлашмаси мутахассислари ҳамкорликда қонун доирасида ўрганиб чиқди. Ўрганиш давомида истеъмолнинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, куйган жиҳозлари янгисига алмаштириб берилди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси ахборот хизмати