Форумда учта асосий масала атрофлича таҳлил қилинди. Пандемиядан кейинги даврда глобал иқтисодиётни ривожлантириш тенденциялари, трансформация жараёнида молия ва бухгалтерия ҳисоби архитектурасини такомиллаштириш ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари икки кун давомида муҳокамалар марказида бўлди.
Форумда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ҳар томонлама шаклланиб бораётгани алоҳида қайд етилди. “Бу, албатта, мамлакатингиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижасидир. Бошқа давлатлар вакиллари қатори франциялик ишбилармонлар, сармоядорлар, олимлар, ахборот технологиялари вакилларининг юртингизда эркин фаолият юритиши учун барча шароит муҳайё. Биз бундан доимо мамнунмиз”, деди франциялик профессор Тьерри Жоэль.
Форумнинг яна бир муҳим иштирокчиси, Кембриж университети профессори Сиддҳартҳ Саксена ўз фикрини қуйидагича изоҳлади: “Бугунги қизғин мунозаралар жараёнида Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси бош мавзу қилиб танлангани муҳим аҳамиятга эга. Форумда илгари сурилган фикрлар, шубҳасиз, мамлакатингизнинг бутун минтақа миқёсида дадил ривожланиш йўналишларини белгилашга хизмат қилади. Чунки ушбу илмий анжуманда ўртага ташланган таклифлар минтақани иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилганлиги, шу орқали жаҳон иқтисодий тараққиётига сабаб бўлиши атрофлича кўрсатиб берилди. Бу борада дадил ривожланаётган Ўзбекистоннинг ўз ўрни ва аҳамияти беқиёсдир”.
Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган хорижий давлатлар элчихоналари, AҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ҳамда Индонезия давлатларининг нуфузли таълим даргоҳлари профессорлари истеъмолчилар талабининг пасайиши, минтақадаги геосиёсий вазият таъсирини юмшатиш борасида иқтисодий ҳамжамият олимлари олиб бораётган фаолиятни катта қизиқиш билан кузатди.
Тадбирнинг иккинчи куни ҳам қизғин муҳокамалар билан давом этди. Унда жадаллик билан кечаётган рақамлаштириш жараёни янги иқтисодиётни вужудга келтираётган бир пайтда бизнесда самарали маркетинг компаниялари ишини жадаллаштириш, минимал харажат қилиб максимал фойда олиш, маҳсулот ҳамда хизматларни муваффақиятли сотишнинг самарали усуллари тақдим этилди.
Ҳозирда кўплаб фундаментал лойиҳаларни ўз ичига олган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида мамлакатимиз ички инфратузилмасида сезиларли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш шулар жумласидан.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Феруз ҲAКИМОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
молия ва бухгалтерия ҳисоби факультети
3-босқич талабаси