Марказий диспетчерлик бошқармаси реал вақт режимида мамлакатни табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш билан боғлиқ барча жараёнларни кузатиш ва назорат қилиш имконини беради. Яъни унинг ёрдамида «зангори ёқилғи» ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига қандай етказиб берилаётганини кузатиш мумкин.
«Ақлли ҳисоблагичлар»нинг ўрнатилиши эса энергия назоратида ишончли ҳисоб юритилиши, сарф-харажатларни аниқлашнинг асосий кўрсаткичи саналиб, ортиқча йўқотишларни олдини олишга хизмат қилади.
— Барча ҳудудларда замонавий ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва табиий газни истеъмолчиларга хавфсиз етказиб беришни таъминлашга имкон яратди, — дейди «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси Баҳодир Эшмуратов. — Бундан ташқари, турар жойларда газ сизиб чиқиши билан боғлиқ фавқулодда ҳодисалар ҳолатлари бир неча баравар камайди. Замонавий тизимнинг қўлланилиши натижасида соҳа ходимларининг ҳам каттагина муаммосига ечим топилди. Бир йил аввал қарздорлик масаласини ҳал қилиш, ҳисоблагичлар кўрсатишларини солиштириш ва қарзларни тўлаттириш учун ҳар ойда уч мингдан ортиқ инспекторлар 3,5 миллиондан зиёд уй хўжаликларини айланиб чиқишга мажбур бўлишарди. Эндиликда эса ҳар бир абонент газ ҳисоби бўйича барча маълумотларни ўзининг мобил телефони орқали қабул қилади ва ёқилғи учун тўловларни куннинг ҳар қандай вақтида мобил иловалар орқали тўлаб боради. Агар абонент тўловни ўз вақтида амалга оширмаса, автоматик режимда газ таъминоти тизимидан узиб қўйилади.
Бугунги кунда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими билан 2 миллиондан ортиқ абонентлар қамраб олинган. Инсон омили таъсирининг камайиши ва табиий газ истеъмолининг ҳажмлари бўйича тўлов пулларини йиғиш автоматлаштирилгани туфайли коррупция кўринишлари ва ҳақиқий маълумотларни яшириш ҳолатларига барҳам берилмоқда.
Феруза ЖЎРАЕВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири