АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Ой ресурсларини ўзлаштириш мақсадида халқаро “Артемида келишуви” шартномасига ҳозирлик доирасида ошкоравийлик асосларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда ҳужжатларга дахлдор манбаларга таянган ҳолда Reuters хабар беради.
Шартнома муаллифларининг эътироф этишича, мазкур келишув АҚШ иттифоқчиларини яқин ўн йилликда одамларни ва космик станцияларни Ойга йўллашга интилаётган НАСА атрофига бирлаштириши зарур
Бир неча ҳафтадан кейин АҚШ Канада, Япония, Европа мамлакатлари, БАА каби ҳамкор-давлатлар билан расмий муҳокамаларни бошлайди. Американинг фикрича, Ойдаги ресурсларни ўзлаштириш масаласида уларнинг нуқтаи назари ўзаро мос келади.
Манбага кўра, АҚШнинг Халқаро космик станциядаги асосий ҳамкорларидан бири бўлган Россия ушбу лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичида ҳамкор-давлатлар қаторидан жой олмаган. Москвани қўшмасликнинг асосий сабаби Пентагоннинг нуқтаи назари бўлиб, у Россия сунъий йўлдошларининг саъй-ҳаракатларида таҳдидий аломатлар кўрмоқда.
Шартнома доирасида Ой ресурсларини ўзлаштиручи компанияларнинг эгалик қилишлари учун эркин асос яратилиши кўзланмоқда.
АҚШ ва бошқа давлатлар Ойга коинотдаги энг устувор восита сифатида қараб келади. Бундан ташқари, у Марсга амалга ошириладиган учишлар учун узоқ муддатли илмий тадқиқотларни амалга оширишда муҳим ўрин тутиши мумкин.
Сал олдинроқ президент Дональд Трамп АҚШга Ой ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатловчи фармонни имзолаган эди. Ҳужжатга мувофиқ, америкаликлар коинот кенгликларида қонунчиликка асосланган ҳолда, тижорат тадқиқотларини, ресурсларни қазиш ва фойдаланиш ишларини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлишлари лозим.
Рауф Нуруллаев