Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов билан бўлиб ўтган учрашув чоғида Америка делегациясига бошчилик қиладиган АҚШ савдо вазирининг ўринбосари Мариса Лаго шу ҳақда маълум қилди.
Музокаралар чоғида бўлажак ташриф кун тартиби ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама этилди. АҚШ Савдо вазирлиги вакили ўзаро савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қўшма дастур ҳамда ташаббусларни илгари суришда ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.
Таъкидланганидек, АҚШ ҳукумати Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳити ва республиканинг сармоявий жозибадорлигини сифат жиҳатдан яхшилаш борасидаги муваффақиятларини диққат билан кузатиб боряпти. Савдо вазирлиги бундан кейин ҳам Ўзбекистон томони билан яқин ҳамкорлик қилади ва мамлакатимиздаги ўзгаришларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этади.
Америка делегациясининг Ўзбекистонда бўлиши давомида бир қатор вазирлик ва идораларда учрашув ва музокаралар, Америка ва маҳаллий компанияларнинг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишувлар, Америка Савдо палатаси - «AmCham Uzbekistan» аъзолари билан алоҳида брифинг ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, АҚШ Савдо вазирлигининг қисқа муддатли бизнес амалиёти махсус дастури («SABIT») битирувчилари ва Ўзбекистон Ишбилармон аёллар ассоциацияси вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши назарда тутилган.
Вазир ўринбосари бошчилигидаги Савдо департаменти делегацияси пандемия тугаганидан бери Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюради. M. Лаго АҚШ савдо идорасининг Президент Жо Байден маъмуриятидаги бундай юқори даражадаги биринчи вакили сифатида мамлакатимизга келади.
2018 йил октябрь ойида АҚШ савдо вазири Уилбур Росс Тошкентга ташриф буюрган эди. Уилбур Росс билан эришилган келишувларга мувофиқ, 2019 йил июнь ойида АҚШ Савдо вазирлигининг сертификатланган Савдо миссияси Ўзбекистондаги бизнес ва сармоявий муҳит билан яқиндан танишиш мақсадида Американинг 13 та йирик компаниялари билан Тошкентга келган эди, деб хабар беради «Дунё» АА.