Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан Навоий вилоятига ижодий сафарга отланар эканман, кўнглимдан шу каби туйғулар ўтди. Бошқа азиз даргоҳлар қатори Навоий вилоятини ҳам зиёрат қилиш чет элда яшаётган ўзбекларнинг катта орзуларидан бири бўлса, ажаб эмас. Чунки икки дарё оралиғидаги хазиналар оролидек бўлган Ўзбекистонни севган ҳар бир инсоннинг меҳри, албатта, ҳазрат Навоий сиймоси билан чамбарчас боғлиқ. Ҳирот бир қадам узоқда бўлса-да, Навоий зиёратини унинг номи билан аталган улкан вилоятдан бошлашнинг ўзи нақадар рамзий маънога эга.

Ким топса Навоий баҳридан гавҳар,

Ҳаётни нур этар, хаёлни дилбар.

Қўлимда Алишер Навоийнинг беш юз саҳифалик салмоқли «Сабъаи сайёр» достони. Бу китобни учинчи марта қайта ҳижжалаб ўқир эканман, асар менга саёҳатнома каби қадрли туюлади. У тасаввуримни юксак осмонларга олиб чиқади.

Достоннинг яшил рангли ҳикоясида яшил шаҳар — Шаҳрисабз билан боғлиқ воқеалар тасвирланади. Бир шаҳзоданинг қадимги Кешга келиб бошидан кечирган саргузаштлари баён этилади. Назаримда, шу қисмнинг ўзиёқ ҳар бир ўзбекистонлик қалбида чексиз фахр туйғусини уйғотиши мумкин. Бу асарни ҳар бир мактабда, ҳеч бўлмаганда, айнан шу бобини чуқур ўрганиш лозим. Навоийни ўзига мафтун этган тарихий даргоҳларга дахлдорлик инсонга қанчалик руҳий қувват бағишлаши, тарихга ошуфталик уйғотишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ушбу достон келажакда театр саҳнаси учун яратишим мумкин бўлган фантастик асарларимга инсценировка манбаи бўлиб қолса, ажабмас. «Сабъаи сайёр»ни мавзу-мундарижаси ва ҳикоя ичида ҳикоя усули жиҳатидан туркий дунёнинг «Минг бир кеча»сига тенглаштирган бўлардим. Балки шу асар таъсирида ҳам Навоий вилоятига катта ҳаяжон билан отлангандирман.

Кейинги ўн йилда давлатимиз раҳбари томонидан туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида ички ва ташқи сайёҳлар сони сезиларли даражада ошгани ҳеч кимга сир эмас. Мен ҳам хорижий саёҳатлар билан бир қаторда жонажон Ватанимизнинг қоқ юрагидаги Навоий вилоятининг қадимий қадамжолари сари қулай ўриндиқли замонавий поездда гўё учиб борар эканман, инсон қадри учун илгари сурилган эзгу ғояларнинг амалда ўз ифодасини топаётганидан кўзим қувнаб, кўнглим тўлди. Атрофдаги гўзал манзаралар, бизнес масканлари, инновацион фермер хўжаликлари, поезддаги сервис хизматлари ва одамларнинг хушнуд чеҳралари ҳам инсоннинг яшашга бўлган иштиёқини оширади.

Поезд чўл бағрини кесиб ўтиб, Навоий вилоятига кириб боради. Вокзалдан тушган заҳоти инсоннинг кўксига кенгликлар ҳавоси урилади. Кўчалар кенг, ҳовлилар кенг, бинолар кенг, кўнгиллар кенг. Навоий вилоятининг биринчи ўзига хослиги ҳам шунда — кенгликларида.

Бир пайтлар Азим Суюндан эшитган, унинг ёзганларида ўқиган Нурота саёҳатлари энди саробдек узоқ манзил эмас, кўнгилга яқин ва етиш мумкин бўлган маскан сифатида тасаввуримни жўшқинлантиради. Ўқиганларимиз ва эшитганларимиз асосида шаклланган тасаввурлар билан ҳақиқий манзараларни солиштириш, уларнинг бир-бирига қанчалик мос келишини ёки кутганимиздан ҳам гўзалроқ эканини ҳис қилиш қандай яхши!

Жонажон уюшмамиз раиси Сирожиддин Саййид суҳбатларимизнинг бирида давлатимиз раҳбари, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижодкорларимиздан ҳол-аҳвол сўраб: «Қалай, бизнинг ижодкорлар яхшими, жўшиб ижод қиляптими?» қабилидаги саволларни берганини айтиб қолдилар.

Раис сифатида «Албатта!» деб катта ишонч билан жавоб берганлари, жўшиб ижод қилишга ваъда қилганлари кўз олдимга келади. Бу ишончга муносиб бўлиш керак, деб ўзимга-ўзим такрорлайман. Ҳар бир ижодкор Ватаннинг маънавий посбони сифатида янгиликка йўғрилган асарлар яратиш масъулиятини елкасидаги катта бурч деб ҳис этса, ажаб эмас. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳавас қилса арзигулик адабиётимиз ҳам бўлади.

Сафаримизнинг биринчи куни Шайх Қосим Азизон мақбарасини зиёрат қилишдан бошланди. Мақбара ёнидаги музейда сақланаётган осори атиқалар билан танишдик. Авлиё зотга тегишли рўзғор буюмларини кўриш орқали ўн бешинчи аср қаърига саёҳат қилгандек бўлдик. Беш юз йил аввалги ҳаётга дахлдор буюмлар, тарихий бинолар ва улар билан боғлиқ ривоятлар бизга дарсликларда ўқимаган, ҳатто тасаввуримизга ҳам келмаган аждодларимиз ҳаётини яқиндан англаш имконини берди.

Улар нафақат илм-маърифат тарғиботчилари, балки ўз даврида ҳукмдорлар билан мулоқотда бўлиб, тинчлик ва осойишталикни таъминлашга ҳисса қўшган жасоратли инсонлар ҳам бўлган. Уларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишар эканмиз, ўзимиз учун ҳам янги маънавий оламни кашф этдик. Мақбара ёнидаги масжидда ўтганларни ёд этиб, тиловат қилдик.

Навоий вилоятининг бошқа манзилларида ҳам бўлдик. Вилоят ҳокимлиги биносида жойлашган мўъжазгина кутубхонада замонавий ва мумтоз китоблар жамланмаси билан танишдик. У ерда устоз журналист Шоҳира Ҳамро билан китоб, театр, санъат ва туризм ҳақида видеострим ҳам уюштирдик.

Қайси жойга бормай, бир фикр ортимдан соядек эргашиб юраверди. Бундан ўн беш йиллар чамаси олдин рўйхатда турган манзилимдан бошқа жойга чиққанимда ёки Тошкентнинг айрим ҳудудларида ҳужжат текшириш билан боғлиқ терговнамо сўроқларга дуч келганим қалбимда жароҳат каби из қолдирган шекилли. Ҳозир эса Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида эркин ҳаракатлана олаётган бўлсам-да, баъзан кўзимга ишонмайман. Гўё ҳозиргина қаердандир текширувчи келиб қоладигандек туюлаверади.

Маданият ривожланиши учун унинг барча тармоқлари каби саёҳат маданияти ҳам тараққий топиши керак. Мен ҳам театр санъатининг бошқа вакиллари каби саёҳатлар орқали, фақат илмий назариялар ва назарий билимлар билангина чекланиб қолмай, амалий ташрифлар воситасида ҳаётий қарашларимни бойитиб боришим муҳим. Бу таассуротлар чоп этиладиган китобларим ва саҳналаштириладиган спектаклларимда миллий оҳанглар каби акс-садо берса, ажабмас.

Ҳар бир ўзбекистонликнинг ўз туғилиб ўсган юрти бўйлаб ортиқча текширувларсиз, эркин саёҳат қилишида мамлакатимиздаги қонунчилик ва ислоҳотларнинг аҳамияти катта. Бу борада 2023 йилдан кучга кирган янги таҳрирдаги Конституция ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашда муҳим ўрин тутади.

Жумладан, Конституцияда фуқароларнинг тарихий, маънавий ва маданий меросни асраш мажбурияти, давлатнинг эса бу меросни муҳофаза қилиш вазифаси мустаҳкамланган. Бу тарихий шаҳарлар, мақбаралар, музейлар ва қадимий ёдгорликларни асраб-авайлашнинг конституциявий асосларидан биридир.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий давлат тамойили аҳолининг турли қатламлари — ёшлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам туристик саёҳат имкониятларини кенгайтиришга ҳуқуқий замин яратади. Хулоса қилиб айтганда, янги Қомус туризмга фақат бевосита эмас, балки инсоннинг эркин ҳаракатланиши, дам олиши, маданий меросдан баҳраманд бўлиши ва ижтимоий ҳимояси каби ҳуқуқлар орқали ҳам таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон тарихий ёдгорликларга бой мамлакатлардан бири. ЮНЕСКО томонидан ҳудудимиздаги қатор маданий объектларнинг жаҳон миқёсидаги аҳамияти эътироф этилгани ҳар бир фуқаро билиши лозим бўлган муҳим маълумотлардан биридир.

Шу ўринда Навоийга сафар баҳонасида катта саёҳат илмининг бир бўлагини қизиқарли маълумот сифатида келтирмоқчиман. ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлардан бири — «Зарафшон — Қорақум йўлаги»дир. Бу йўлак қадимда Ипак йўли тармоқларида муҳим ўрин тутган, ҳозирги уч давлат ҳудудини боғлаган савдо ва маданий алоқалар тизими билан аҳамиятлидир. Унинг таркибига Жартепа ёдгорлигидан тортиб Пойкент қадимий шаҳар харобаларигача бўлган тарихий объектлар киради.

Ушбу савдо ва маданий алоқалар йўлидаги қалъалар, работлар, сардобалар ва карвонсаройлар милоддан аввалги II асрдан XV асргача халқлар ўртасида ўзига хос тирик кўприк вазифасини бажарган.

Зарафшон — Қорақум йўлагидаги муҳим тарихий манзиллардан бири юқорида номи тилга олинган Шайх Қосим Азизон мақбарасидир. Бу жой XV асрда Бухоро ва Кармана ўртасидаги муҳим манзилгоҳлардан бири бўлган.

Ўз вақтида «Темир қўрғон» номини олган Добусқалъа ҳам ушбу йўналишдаги Бухоро ва Самарқанд ўртасида ўз мавқеини сақлаб келган тарихий манзиллардан биридир. Бугунги кунда бу иншоотнинг харобалари сақланиб қолган. Зарафшон воҳасидаги ушбу қадимий қадамжони кўздан кечирар экансиз, тарихий манзаралар кўз олдингизда жонланади.

Тарихий обидаларни зиёрат қилар эканмиз, ҳар бир юртдошимизнинг қалбида фахр туйғуси уйғониши табиий. Бу туйғу маҳобатли гумбазлар ва нозик меъморий нақшларга қараганда бир бор жўш урса, зиёрат масканларига кириш нархларидаги имтиёзларни кўрганда янада кучаяди. Масалан, хорижлик сайёҳлар учун кириш чиптаси 50 минг сўм этиб белгиланган бўлса, маҳаллий аҳоли учун анча арзон нарх таклиф этилади. Бундай ҳолатда ўз юртининг бой тарихий меросидан баҳраманд бўлаётган инсонда фахр туйғуси янада ортади. Ҳатто хорижлик сайёҳлар ҳам: «Эҳ, қанийди, шу жойларда туғилганимда эди», деган хаёлга бориши мумкин.

Миллий туризм ривожланишини истаган жонкуяр фуқаро сифатида «Етти пир зиёрати» анъанаси қаторида Ҳўжа Аҳрор Валий, Имом Бухорий ва Навоий вилоятини ҳам алоҳида зиёрат манзиллари сифатида тарғиб қилишни таклиф этган бўлардим. Ҳатто Навоий вилоятини ҳазрат Алишер Навоий сиймоси билан боғлиқ рамзий зиёратгоҳ сифатида эътироф этиш мумкин.

Навоий вилоятига сафарни ҳазрат Навоий сиймосига яқинлашиш йўлидаги бир қадам, дейишда жон бор. Чунки Навоийни англаш, аввало, унинг дунёқарашига таъсир кўрсатган ислом дини, ҳадис илми, ақида, шунингдек, ўзидан бой илмий ва маънавий мерос қолдирган алломаларни танишдан бошланади. Вилоятдаги тарихий манзиллар ва улар билан боғлиқ ривоятлар эса бизни ана шу маънавий оламга яқинлаштиради. Айрим мақбараларнинг асл қиёфаси сақлангани, уларнинг ҳали тўлиқ реставрация қилинмагани ҳам ўзгача таассурот уйғотади. Бундай манзилларда босқинчиларнинг халқ бошига солган вайронагарчиликлари, тарихнинг аччиқ сабоқлари ҳақида ҳам ўйга толасан киши.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни арафасида қоғозга тушираётган ушбу ижодий сафар таассуротларим ҳали катта бир сафарноманинг бир парчаси, холос. Кейинги чиқишларимизда Навоий сафарномасидан яна янги бадиий лавҳалар ва таассуротларни ўқувчилар билан баҳам кўрамиз.

Мустақиллик халққа берилган энг буюк бахтдир.

Навоий қалами бизга ёдгор,
Ҳар байтидан кунлар жилвали, пойдор.
Сарбон боболарнинг боласи саркор,
Самарқанд, Хева, Шош — мустақиллигим.

Мустақиллик асоси бўлган Конституцияни асраб-авайлаш, ундаги инсон қадри ва ҳуқуқий эркинликларга оид нормаларни ҳаётга татбиқ этиш, уларни чуқур ҳуқуқий билим асосида тарғиб қилиш ҳар бир зиёлининг елкасидаги муқаддас бурчдир.

ЎЗБЕКТОШ ТЎРАХОНЛИ,

Ўзбек Миллий Академик драма театри ходими,

драматург, режиссёр,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Театр арбоблар уюшмаси аъзоси,

Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзоси,