Тадбирда мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган улкан ғамхўрлик, уларнинг хорижий мамлакатларда таълим олиши учун яратилаётган кенг имкониятлар, давлатимиз раҳбари томонидан ҳар томонлама етук, интеллектуал салоҳиятли ва халқаро стандартларга мос келадиган кадрлар тайёрлашга берилаётган алоҳида эътибор ҳақида маълумот берилди.
АҚШ ва Ўзбекистон университетлари ўртасида бевосита шериклик алоқаларини ўрнатиш, «Эл-юрт умиди» жамғармасини Америка Қўшма Штатларида таълим дастурлари ва стажировкаларни ташкил этиш жараёнига жалб этиш, шунингдек, бу соҳада грант дастурлари уюштириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Талабалар билан бўлиб ўтган тадбир очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, унда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди, улар томонидан билдирилган қатор таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди. Хусусан, «Эл-юрт умиди» фонди стипендиатларининг ёзги таътил мобайнида маҳаллий ҳокимият, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, Американинг йирик компанияларида амалиёт ўташ масаласи муҳокама қилинди. Ўзбекистонлик талабалар мамлакатимизнинг Вашингтон шаҳридаги дипломатик ваколатхонаси ва Ўзбекистон давлат ташкилотларида ҳам шу турдаги амалиёт дастурларини жорий этиш имкониятлари билан қизиқишди.
Элчихона томонидан талабалар учун AҚШ Конгресси, хусусан, Вакиллар палатасидаги «Ўзбекистон бўйича кокус» вакилларининг офисларида ва бошқа қатор маҳаллий ҳукумат идораларида ҳам амалиёт ташкил этиш учун имкониятлар мавжудлиги, қизиқувчилар учун тегишли мурожаатларни Америка тарафига тақдим этилиши мумкинлиги таъкидланди.
Шунингдек, «Эл-юрт умиди» фонди стипендиатларига улар таҳсил олаётган олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбекистонлик ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишиш ҳамда консуллик хизматларини кўрсатишда енгиллик яратиш мақсадида жорий йил элчихона делегациясининг ушбу штатларга ташрифлари режалаштирилгани ҳақида маълумотлар берилди.
Муҳокамалар чоғида талабаларга қулайликлар яратиш мақсадида АҚШдаги «Эл-юрт умиди» фонди стипендиатлари ва мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси ходимларидан ташкил топган «Telegram» ижтимой тармоғида махсус гуруҳ шакллантирилгани, вужудга келган муаммолар, таклифлар ҳамда консуллик хизматларига оид саволлар билан ушбу платформа орқали мурожаат қилиш имконияти яратилгани айтиб ўтилди.
Шуни эслатиб ўтиш жоизки, бугунги кунда «Эл-юрт умиди» фондининг 82 нафар стипендиати AҚШнинг 14 штати ва Канадада жойлашган 30 га яқин олий билим юртида ўқимоқда. Улардан 63 таси бакалавриат, 17 таси магистратура ва 2 таси докторантура (PhD) босқичларида таҳсил олмоқда. Талабалар компьютер технологиялари ва дастурлаш (19 та талаба), ҳуқуқ (9 та), бизнес бошқаруви (7 та), иқтисодиёт (6 та), кимё муҳандислиги (6 та), қишлоқ хўжалиги (3 та), молия (3 та) ва бошқа соҳаларни ўрганмоқда.
Кўп сонли талабаларимиз Аризона давлат университети, Цинциннати университети, Жанубий Флорида университети, Флорида давлат университети, Стэнфорд университети, Вашингтон университети каби АҚШнинг етакчи ўқув юртларида билим олмоқда.
Онлайн-мулоқот якунида ўзбекистонлик талаба ва ёш олимлар билан келгусида бундай тадбирларни мунтазам ташкил этиш, АҚШ ва Канададаги фаол ўзбек ёшлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.