Давлатимиз раҳбари Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида нутқ сўзлади ва Ғазо секторини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қайта тиклаш ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти АҚШ савдо вазири Ховард Латник, АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир, Эксимбанк президенти ва раиси Жон Йованович ва Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси бош ижрочи директори Бэн Блэк билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида мамлакатимиз етакчиси бир қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимида ва қўшма лойиҳалар тақдимотида иштирок этди. Тадбирда АҚШ ҳукумати, йирик компаниялари ва молия институтларининг юқори даражали вакиллари ҳамда видеоалоқа орқали Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Ташриф тадбирлари якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрига жўнаб кетди. Аэропортда давлатимиз раҳбари ва рафиқасини АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.