Мулоқотлар чоғида ўзбек тилининг АҚШдаги нуфузини янада ошириш, ўзбек тили таълимоти дастурларини пандемия шароитида қўллаб-қувватлаш, Огаё давлат университети ва бошқа маҳаллий олий ўқув юртларида унинг ўқитилишини кенгайтириш ва мамлакатимизнинг бой маданий меросини тарғиб қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда хорижий мамлакатларда тилимизни ўрганишга қизиқиш ортиб борилаётгани эътироф этилди.

Ҳозирги кунда АҚШнинг Огаё давлат университети энг йирик ўзбек тили таълими дастурига эга бўлиб, йилига 10-12 талабага мамлакатимиз давлат тили ўргатилади. Мазкур дастур доирасида шу кунга қадар 200 дан ортиқ талаба ўзбек тили курсларини тамомлаган.

Айтиш жоиз, 1870 йил ташкил этилган олий ўқув юрти академик жиҳатдан AҚШнинг ижтимоий-гуманитар фанлар таълими йўналиши бўйича университетлар рейтингида 17 ва жаҳонда 45-ўринни эгаллайди. Шунингдек, университет мамлакатдаги энг катта кутубхоналардан бирига эга бўлиб, 1 миллиондан ортиқ китоб фондига эга. Бундан ташқари, Шарқий Европа, Евроосиё ва славяншунослик соҳаларидаги тадқиқотлар борасида ҳам нуфузли таълим масканларидан ҳисобланади.

Ҳозирги кунга қадар университетни тамомлаганлар орасидан икки нафари ва профессор-ўқитувчилардан ҳам икки нафари Нобел мукофоти совриндори бўлган. Йилига 65 минг талаба таҳсил оладиган олий билим даргоҳида жаҳоннинг турли мамлакатларида фаолият юритаётган ва юқори натижаларга эришган минглаб давлат расмийлари, йирик тадбиркор, машҳур санъатшунос олимлар таҳсил олган.

Қайд этиш жоиз, айни пайтда Огаё давлат университетида йилига тўрт бор ўзбек тили курслари ташкил қилинмоқда. Мамлакатимиз ҳаётининг турли жабҳаларида кечаётган туб ўзгариш ва ислоҳотлар америкалик ёшларнинг давлат тилимизни ўрганишга бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

Бундан ташқари, Огаё университетида ўзбек тилини ўрганган битирувчилар ҳозирги кунда АҚШ ҳукуматининг турли идораларида Евроосиё масалалари бўйича мутахассис сифатида фаолият олиб боряпти.

Дипломатик ваколатхонамиз таъкидлашича, университетда «Глобал май» дастури жорий қилинган бўлиб, унинг доирасида мазкур билим юрти талабалари 4 ҳафта давомида маълум бир мамлакатга саёҳат қилиб, маданияти ва тилини яқиндан тадқиқ қилиб келяпти. Таълим муассасаси 2021 йилги дастур давомида ўзбек тилини ўрганаётган бир гуруҳ талабаларнинг мамлакатимизга сафарини ташкил қилиш режасини ишлаяпти.

Мазкур ташриф доирасида америкалик вакиллар мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилиши, турли ташкилот ва университетларда бўлиб, маъруза ва илмий муҳокамалар ўтказиши, кўплаб тенгқурлари билан тажриба алмашиши кўзда тутилган.

Ушбу жараёндаги ишларни фаоллаштириш мақсадида элчихонамиз ва университет маъмурияти ҳамкорликда қисқа муддатли Ўзбекистонга саёҳат дастурини ишлаб чиқишни режалаштирган. Ушбу ташриф ўзбек тили ёки Марказий Осиё тарихи, маданияти курсларининг камида битта босқичини тамомлаган ёшларга таклиф қилинади.

Учрашув якунида, С.Леви ва А.Бринлингер билан ҳамкорликда Огаё университетидаги ўзбек тилини ўргатиш дастури нуфузини янада ошириш, унга жалб қилинаётган талабалар кўламини кенгайтириш ва унда иштирок этаётган профессор-ўқитувчилар фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишиб олинди.