Онлайн учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон иқтисодиёти ривожи учун зарур бўлган замонавий мутахассисликларда кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга қилган ташрифини жуда яхши эслайман, — деди Вебстер университети президенти жаноб Ю.Шустер. — Нью-Йорк шаҳрида бизнес вакиллари билан ташкил этилган учрашувда Президентингиз билан биринчи марта учрашган эдим. Ўшанда Президент Ўзбекистонда катта имкониятлар борлигини, АҚШ университетлари филиалларини очишни таклиф қилиб, барчамизни Ўзбекистонга чақирган эди. Мана орадан уч йил ўтди, бугун Вебстернинг Тошкент шаҳридаги филиали нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги АҚШнинг биринчи таълим лойиҳаси сифатида муваффақиятли иш олиб бормоқда. Бу лойиҳани минтақадаги АҚШ ва Европа стандартлари асосида таълим берадиган ўзига хос марказ деб бемалол айтишимиз мумкин.
Музокаралар якунида ҳамкорликда малакали кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, республикадаги бошқа олий таълим муассасаларида ҳам қўшма таълим дастурларини йўлга қўйишда амалий ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олинди.
Маълумот учун, Вебстер университети 1915 йилда АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида ташкил топган. Ҳозирги кунда университет 4 та қитъадаги 9 давлатда (АҚШ, Буюк Британия, Нидерландия, Швейцария, Австрия, Греция, Хитой, Тайланд ва Ўзбекистон) 62 та шаҳарда ўз фаолиятини олиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Вебстер университети таълим дастурларини амалга ошириш маркази 2019 йил 26 августда 350 нафар талаба билан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, бугунги кунда филиалда 1000 дан зиёд, шу жумладан хорижлик талабалар ҳам таҳсил олмоқда.