Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Мана шундай мураккаб бир шароитда аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат, жумладан, гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашнинг аҳамияти катта.

Президентимиз раислигида 18 июль куни озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни жиҳатлар таҳлил қилинар экан, юртимизда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, нарх-навонинг аҳоли рўзғорига таъсирини юмшатиш чоралари кўрилаётгани таъкидланди. Бу борадаги устувор вазифалар белгилаб берилди.

Аҳамият берган бўлсангиз, сўнгги йилларда наинки саноати ривожланган давлатлар, балки аграр тармоқ етакчи бўлган мамлакатларда ҳам озиқ-овқат барқарорлигини таъминлаш долзарб масалага айланди. Шу ўринда табиий савол туғилади: нега ва ниманинг ҳисобига танқислик кучаймоқда?

Бунга аввало, сайёрамизда мавжуд ресурсларнинг чекланганлиги, аҳолининг тобора ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжлари сабаб бўлаётган бўлса, бошқа томондан, ерларнинг чўлланиш ва шўрланиш даражаси ортиб бораётгани, тупроқ унумдорлигининг пасайиши, сув танқислиги каби муаммолар ҳам салбий таъсир қиляпти. Дунё мамлакатлари ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўзининг акс таъсирини намоён этиб улгурган ва халқаро майдонда давом этаётган сиёсий тангликлар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларига турли чекловларнинг ўрнатилиши ҳам нархлар беқарорлигини келтириб чиқармоқда.

Бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат, шу жумладан, чорвачилик маҳсулотлари, хусусан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, парранда, балиқ ва сут маҳсулотлари нархларига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ички бозорларимизда ҳам асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиши кузатилди. Хусусан, жойларда сут нархи 30–36 фоизга, тухум нархи 10–12 фоизгача қимматлашгани маълум.

Давлатимиз раҳбари раислигида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, мавжуд салоҳият ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш юзасидан ўтказилган қатор йиғилишларда бу каби ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик ҳолатлар салбий оқибатларининг олдини олиш ва юмшатиш бўйича тегишли вазифалар, янгича ишлаш усуллари белгилаб бериляпти. Соҳага доир тегишли қонунчилик ҳужжатлари ҳамда тармоқни ривожлантиришга оид белгиланган вазифаларга мувофиқ, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимида қатор амалий ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Ветеринария хизмати замон талабларига мос ривожланяпти

Биласиз, гўшт, парранда, балиқ ва сут маҳсулотлари юртдошларимиз истеъмол қиладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади. Ушбу турдаги маҳсулотлар етиштириш ҳажмини кўпайтириш, нарх-навоси барқарорлигини таъминлашда чорва ҳайвонлари, паррандаларни турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Юртимизда боқилаётган чорва молларининг 92 фоизи аҳоли хонадонлари ҳиссасига тўғри келади ва бу аҳолининг асосий ва қўшимча даромад манбаи ҳисобланади. Ҳозирда республикамиз ҳудудида ветеринария осойишталигини таъминлаш бўйича ҳар йили 35-37 миллион бошгача чорва моллари 11 турдаги, 100 миллионга яқин паррандалар эса 4 турдаги юқумли касалликларга қарши эмланади, шунингдек, профилактик тадбирлар олиб борилади.

Бутунжаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилотининг маълумотига кўра, 2022 йилнинг ўтган даврида дунёнинг 80 та давлатида 6 мингта ҳолатда оқсил, чўчқа ўлати, юқори патогенли парранда гриппи, нодуляр дерматит ва бошқа тур касалликлар келиб чиқиши оқибатида кўплаб ҳайвон ва паррандаларнинг нобуд бўлиши кузатилган.

3 та давлатда турли ҳайвонларда COVID-19 қўзғатувчилари кузатилган. Республикамизга чегарадош ва савдо алоқалари ўрнатилган Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Афғонистонда эса куйдирги, оқсил, парранда гриппи ва бошқа тур касалликлар қайд этилган.   

Ўзбекистон Республикасининг “Ветеринария тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, республика ҳудудини ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликларидан ҳимоя қилиш, ветеринария осойишталигини таъминлаш ва аҳоли истеъмоли учун сифатли чорвачилик маҳсулотларини етказиб бериш ташкилотимизнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бу борада ҳудудларда ҳайвонлар орасида касалликларнинг келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини бўйича профилактик тадбирларни “маҳаллабай” ва “хонадонбай” асосида амалга ошириш тизими яратилди. Маҳаллалардаги чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа йўналишлар билан шуғулланувчи хонадонлар сони ва уларнинг фаолият тури тўғрисидаги маълумотларни қамраб олган маҳалланинг “Ветеринария хизматларини “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тартибда ташкил этиш” паспорти ишлаб чиқилди.

Маҳаллаларда ветеринария сервис хизматини кўрсатиш учун ҳудудий давлат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларида хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди. Улар томонидан аҳоли ва бошқа хўжаликларда мавжуд ҳайвонларни доимий равишда клиник кўрикдан ўтказиш, даволаш профилактика ва сунъий уруғлантириш ишларини олиб бориш белгилаб берилди. Ветеринария хизмати кўрсатиш марказлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида аҳоли хонадонларида парваришланаётган 15,1 миллион бош йирик шохли, 10,9 миллион бош майда шохли мол, 5,8 миллион парранда, 57,6 минг бош қуён, 15,3 мингта асалари уяси ҳамда қарийб 2 миллионта бошқа тур ҳайвонларга ветеринария хизматлари кўрсатилди.

Олиб борилаётган ветеринария тадбирларини мувофиқлаштириб бориш учун туман, вилоят ва республика штаблари ташкил этилди. Ҳайвонлар миграцияси, профилактик тадбирлар ва эпизоотик вазиятларни кузатиб боришнинг рақамлаштирилган “REGISTON 2021” электрон дастури ишга туширилди.

Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига замонавий ускуналар билан жиҳозланган 6 дона кўчма лаборатория, 42 дона махсус автотранспорт, ҳудудий ветеринария участкалари 20 дона контейнер билан таъминланди. Асосий юклар ҳаракатланувчи 8 та чегара божхона ўтказиш пунктига махсус дезинфекция йўлаклари ўрнатилди ҳамда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида замонавий ветеринария клиникалари ташкил этилди.

Деҳқон бозорлари ва савдо расталарига келтирилган маҳсулотлар сифатини текширишнинг самарасини янада ошириш учун ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари тезкор усулда текширадиган замонавий жиҳозлар билан таъминланиб келинмоқда.

Паррандачилик тармоғини янада ривожлантириш учун касалликларга қарши эмланган паррандаларнинг иммунитет фаоллиги ва касалликларга тезкор усулларда ташхис қўйиш бўйича “Парранда касалликларини ташхислаш” ҳамда “Чорва моллари, паррандалар ва балиқлар озуқаси таркибини таҳлил қилиш” лабораториялари ташкил этилди.

Ветеринария хизмати томонидан 2016 йилда 300 миллион сўмлик пуллик хизматлар кўрсатилган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 60 миллиард сўмга етди. Жорий йилда пуллик хизмат кўрсатиш ҳажмини 150 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.

Маҳсулдор чорва зотлари, самарали вакциналар яратилди

Албатта, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда чорва моллари ва паррандаларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш қанчалар муҳим бўлса, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва ҳамқаро ҳамкорлик алоқалари кучайтириш ҳам бирдек муҳим саналади. Бу борада Президентимизнинг 2022 йил 31 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ташкил этилганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.

Чунки, мазкур университет олдига ветеринария ва чорвачилик тармоғини барқарор ривожлантириш учун юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, профессионал кадрларни тайёрлаш ҳамда кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш сифатини ошириш, ҳалқаро ҳамкорлик ва рақобатбардошликни таъминлаш, халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив фикрлайдиган кадрлар тайёрлаш учун зарур шарт-шароит яратиш, таълимни амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш каби устувор вазифалар қўйилди.

Айни пайтда қўмитамиз тасарруфида 3 та олий таълим, 5 та техникум, 3 та илмий-тадқиқот институти ва 1 та академик лицей бўлиб, уларда қарийб 9 минг 200 нафар талабалар таҳсил олмоқда.

Халқаро ҳамкорлик доирасида эса Беларусь Республикасининг Гродно ДАУ ҳамда Витебск давлат ветеринария медицинаси академияси билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланмоқда.

Тизимда илмий тадқиқот ишлари самарали йўлга қўйилган бўлиб, 3 та илмий тадқиқот институти университет билан ўз йўналишлари бўйича ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Илмий тадқиқотлар натижасида республикамизда чорва моллари наслини яхшилаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда юқумли ва юқумсиз касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллий хомашёлар асосида юқори самарадор ветеринария препаратлари ва диагностикумлари яратилди ҳамда уларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Маҳаллий штамлар асосида қорамолларнинг тейлериоз касаллигига қарши вакцинанинг илмий асоси яратилди. Ҳайвонларнинг колибактериоз, сальмонеллёз ва пастереллёз касалликларига қарши маҳаллий вакцина 100 фоизгача самара бериши аниқланди.

Ветеринария биопрепаратларини тайёрлашда фойдаланиладиган микроорганизмлар штаммларини биологик, морфологик, иммунологик хусусиятлари ўрганилиб, 12 та штаммни паспортизация қилиш услуби ишлаб чиқилди. Асалари, қуён ва балиқ касалликларига ташхис қўйиш, даволаш ва олдини олиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Маҳаллий ишлаб чиқариш штаммлари асосида колибактериоз, сальмонеллёз ва пастереллёз касалликларини даволаш учун қон зардоби олиш усули ва технологияси яратилди.  

Ўсимлик моддалари кимёси институти билан ҳамкорликда яратилган “Альсус” препарати Жиззах вилоятидаги “Golden territоriya” МЧЖда 9 минг бош қўй-эчкиларда гельминтозларнинг олдини олиш, даволаш мақсадида татбиқ этилди. Ҳайвонларнинг хавфли паразитоз ва табиий ўчоқли трансмиссив касалликларга қарши “Биоинсектицид” препарати ишлаб чиқилди.

Россиянинг “ЮНИГЕН” МЧЖ ҚК билан ҳамкорликда юртимизда илк бор лейкоз касаллигини диагностика қилувчи маҳаллий “Лейкоз IgG–ИФА” иммунофермент таҳлил реагентлари жамланмаси яратилди.

Тадқиқотлар натижасида қизил чўл зотли сигирларнинг янги оилаларига асос солиниб, 2 та янги ва сермаҳсул сигирларнинг 10 та оиласи яратилди. Швиц зотли қорамолларнинг янги водий типи ва учта янги сермаҳсул завод линиялари ҳамда швиц зотли қорамолларнинг 11 та оиласи яратилиб, Андижон вилояти хўжаликларига жорий этилмоқда.

Кореянинг KOPIA маркази билан ҳамкорликда юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан 30 тадан хонадонга 3 бошдан, жами 390 та хонадонга 1170 бош ёш қорамоллар олиб берилиб, TMR технологияси асосида озиқлантириш жорий қилинди. Бунда, озиқалар ҳазмланиши 20 фоизга, буқачаларнинг ўсиш ва ривожланиши 15 фоизга, аҳоли даромади 30 фоизгача оширилди. Ҳозирда KOPIA маркази билан ҳамкорликда 2021–2023 йилларга мўлжалланган 150 минг долларлик лойиҳа амалга ошириляпти.

Оҳангарон туманида гўшт-ёғ йўналишидаги жайдари зотли қўйларнинг сермаҳсул янги “Ақчасой” типи яратилди.

Маҳаллий  популяциядаги асаларилар Карпат зотли асаларилар билан чатиштирилиб, маҳсулдорлиги 30–40 фоиз юқори бўлган авлодлар олинди ҳамда Тошкент ва Наманган вилоятларидаги асаларичилик хўжаликларида жорий этилди. Асаларичиликда илк бор она асалариларни сунъий усулда уруғлантириш технологияси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, тадқиқотлар натижасида илк бор Сибирь осётри балиқларидан маҳаллий иқлим шароитида сунъий урчитиш орқали уруғлик (икра) олиш йўлга қўйилди. Очиғи, соҳа эришилган бу каби янгиликлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Асосийси, бу каби натижалар мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ривожи, илмий ва амалий фаолият интеграциясини таъминлашга қаратилган эътибор самараси бўлиб, бу борадаги ишлар жадал ривожланмоқда.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан олиб борилаётган бу каби барча саъй-ҳаракатлар замирида мамлакатимизда ветеринария осойишталигини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш мақсади мужассам. Шуни ишонч билан айта оламанки, соҳа мутахассислари юртдошларимизнинг сифатли, арзон гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлақонли таъминлашда бор билим, куч-ғайратини сафарбар этади.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси

раисининг биринчи ўринбосари