Австралиядаги Гарри Перкинс медицина институти ва ғарбий Австралия медицина университети тиббий тадқиқотчилари асалари заҳаридан олинган кучли аралашмани тажрибадан ўтказишди. Бу ноёб аралашма тажаввузкор кўкрак бези саратони(раки) хужайраларини тез фурсатда, организмдаги соғлом хужайраларига минимал зарар билан 100 фоиз ҳалок қилиши мумкин, деб хабар беради Хинхуа агентлиги.
Мелиттин номи билан анча машҳур бўлган бу аралашмани саратон касаллигида, хусусан кўкрак бези саратонининг турли тажаввузкор шаклларига қарши қўллаш бўйича авваллари тадқиқотлар ўтказилмаган эди.
Тадқиқотлардан маълум бўлдики, умуман асалари заҳари, хусусан мелиттин аралашмаси кўкрак безида пайдо бўладиган уч карра салбий саратон хужайралари ва Her2 ижобий(позитив) саратон хужайраларига тезликда, сезиларли даражада жиддий таъсир этади ва бу хужайраларнинг яшовчанлик, тез тарқалиш хусусиятларига кескин зарба бера олади.
Меллитин саратон хужайраларини тез ҳалок эта олиш хусусиятидан ташқари, тажриба давомида бошқа бир қатор ижобий хоссаларини ҳам намоён қилди. У саратон хужайралари тарқалишини тўхтатди ва кимё терапияси самарадорлигини оширишга ҳам ёрдам берди. Хусусан, кимётерапияси воситаси бўлган доцетаксел моддаси билан мелиттин аралашмасини уйғунликда қўллаш, айниқса катта ижобий самара бериши кузатилди.