IТ Parkнинг Урганч филиалида маҳаллий IТ компаниялар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, унда юқори тезликдаги интернет алоқа ва замонавий компьютер техникаси билан жиҳозланган офислар, коворкинг маркази ташкил этилган. Ҳозирги кунда филиалда 9 та резидент фаолият кўрсатади ва 40 га яқин стартап лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан 5 таси молиялаштирилган.

Aйни вақтга келиб, IТ Park Урганч филиали қошида 13 та Рақамли технологиялар ўқув маркази, 13 та IТ мактаб ҳамда BPO йўналиши бўйича мактаб фаолият кўрсатмоқда. IТ Park томонидан амалга оширилаётган йирик IТ лойиҳалардан бири — “Бир миллион дастурчи” доирасида Хоразм вилоятида жами 300 мингдан ортиқ тингловчилар таҳсил олиб, улардан 270 минг нафари курсларни муваффақиятли тамомлаб, сертификатларни қўлга киритди.

Шунингдек, бугун IТ Park Урганч филиали қошида Инкубация марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур марказни очишдан мақсад — маҳаллий ёшлар учун ўз стартап ғоя ва бизнес лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга барча шароитларни яратишдан иборат. Мазкур марказ зарур жиҳозлар ва компьютер ускуналари, яъни ноутбук, интерактив доскалар, мультимедия проекторлар, принтерлар ва бошқа қўшимча жиҳозлар билан жиҳозланган.

Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов бугунги кунда Корея Республикаси билан кенг қамровли икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани, бошқа соҳалар каби ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида ҳам ишлар жадал суръатларда олиб борилаётгани, IТ Parkнинг Урганч филиали қошида Инкубация марказининг очилиши ҳам ана шундай ҳамкорлик самараси эканлигини алоҳида таъкидлади.

“Замонавий математика ва ахборот-коммуникация технологияларига асос солган буюк олим Муҳаммад ал-Хоразмий ватанида кореялик ҳамкорлар кўмагида илк IТ марказлардан бири очилаётгани ғоят рамзий маънога эга. Давлатимиз раҳбари Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида мамлакатлар ўртасидаги шерикликни янги босқичга кўтариш бўйича кўрсатмалар берди. Мазкур марказнинг очилиши эса ана шу ғояларнинг амалий тимсолидир” — деди AКТ вазири Шерзод Шерматов.

Маълумот учун айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Корея Республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги ўртасида электрон ҳукуматни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро Aнглашув меморандуми имзоланган. Мазкур меморандумга мувофиқ, IТ Park филиалларининг 4 та ҳудудда ташкил этилаётган IТ ўқув марказларини зарур компьтер техникалари ва бошқа қурилмалар билан техник жиҳозлаш учун молиявий қўллаб-қувватланиши кўзда тутилган.

Учрашув давомида “Течбика” лойиҳаси иштирокчиларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари IТ Parkнинг Урганч филиали резидентлари томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалари билан танишди.