Кеча университет ўқув-услубий бошқармаси, тарбиявий бўлим, 4-курсантлар батальони ҳамда “Тилларни ўрганиш” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ташкил этилди. Тадбирга адибнинг суюкли фарзандлари Гулюз Калонова ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоир Шукур Қурбон таклиф этилдилар. Кечани кириш сўзи билан кафедра профессори Тўлқин Сайдалиев очди.

Ўз чиқишида нотиқ адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қизиқарли ва камёб маълумотларни тадбир иштирокчиларига етказди. Ўз оташин нутқида адибнинг “Темур Малик” романига алоҳида урғу берди. Тарихдан маълумки, Темур Малик Жалолиддин Мангуберди билан елкама-елка туриб, юртимизни мўғил босқинчиларидан мардонавор ҳимоя қилган. Мазкур асар Мирмуҳсин ижодида алоҳида аҳамият касб этади, чунки бу асар мустабид тузум даврида ҳарбий ватанпарварлик ҳақида баралла бонг урган.

Тадбирда адиб ҳақидаги ҳужжатли фильм йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.   Намойишдан сўнг адибнинг қизи Гулюз Калонова отасининг оммага номаълум бўлган қирралари билан ўртоқлашди. Айниқса, устоз ижодкорнинг ёш ижодкорларга беминнат кўмак бергани ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганликларини ҳаётий мисоллар асосида айтиб ўтди.

Адиб нафақат буюк ижодкор, балки меҳрибон ота бўлганликлари ҳам  ёшлар учун алоҳида ибрат мактаби эканлигини таъкидлаб ўтди. Ёзувчи  бемор рафиқасига салкам ўн беш йил беминнат ғамхўрлик қилган.  Мирмуҳсиннинг ҳам боши узра “қора булутлар” тўпланаётган вақтда, онгли тарзда узлатга чекинганларини ҳамма ҳам билавермайди. Ёзувчи бир муддат Бекободнинг чекка қишлоқларидан бирида истиқомат қилганлари кўпчиликка номаълум.

Тадбирда курсантлар ҳам фаол иштирок этиб, адиб шеърларидан намуналарни қойилмақом даражада ўқиб беришди. Айниқса, университет қошидаги курсантлар “Алвон беретлар” дастасининг Мирмуҳсин шеърига қўшиқ ижро этиши йиғилганларнинг ҳайратини оширди. Адибнинг қизи қайтадан сўз олиб курсантларга алоҳида миннатдорчилигини изҳор этди. Шоир Шукур Қурбон ўз нутқида адиб билан узоқ йиллар журналларда “Устоз-шогирд” сифатида кўп меҳнат қилганликлари ва улардан кўп нарсани ўрганликларини таъкидлади.

Мирмуҳсиндан шоир ёш каламқашларга алоҳида меҳрибонлик кўрсатишларини ва ижод намуналарини бошқа даврий нашрларда чоп этмасдан пайсалга солаётган вақтда ўзлари муҳаррирлик қилаётган “Шарқ юлдузи” журналида мунтазам чоп этиб борганликларини айтиб ўтди. Адибни фавқулодда довюрак ижодкор бўлганлигини алоҳида меҳр билан эслади. Мирмуҳсин устозларга хос бўлган меҳрибонлик ила ўз шогирди Шукур Қурбонга устози Асқад Мухтордан мерос қолган рамзий маънодаги бир ижодкорлик буюмини туҳфа қилган.

Тадбир университет курсантларида жуда катта қизиқиш уйғотди ва таассурот қолдирди. Бундай йўсиндаги тадбирлар ҳарбий олий ўқув юртларида мунатазам бўлиши курсантлар ва офицерлар дунёқарашини кенгайтиради, маънавиятини юксалтиради. Тадбир якунида адибнинг қизи ва шоир Шукур Қурбон Мирмуҳсин қаламига мансуб китобларни курсантлар ва офицерларга тақдим этдилар ҳамда курсантларнинг адибнинг уй-музейига ташриф буюришлари келишиб олинди.  

Оқил Латипов,

Ўзбекистон Республикаси

Жамоат хавфсизлиги

университети профессори