Маълумотларга кўра, у Ердан атиги 31 ёруғлик йили узоқда жойлашган. Сайёра қизил митти юлдуз – Wolf 1069 атрофида айланади, шу сабабли унга Wolf 1069b номи берилди.

Олимларнинг аниқлашича, унинг массаси Ерникидан 1,36 баравар кўп. Сайёра 15,6 кун ичида юлдуз атрофида тўлиқ айланиб чиқади. Уларнинг орасидаги масофа Қуёш ва Ер орасидаги масофанинг 1/15 қисмига тенг. Бироқ, қизил митти юлдуз кам иссиқлик чиқариши сабабли, сайёрадаги шароитлар назарий жиҳатдан яшашга яроқли деб топилган.

Астрономларнинг таъкидлашича, Wolf 1069b “яшаш учун қулай зона” деб аталадиган ҳудудда, сирти жуда иссиқ ёки совуқ бўлмаслиги учун юлдуздан оптимал масофада жойлашган. У Ер Қуёшдан оладиган иссиқликдан 35% камроқ иссиқлик олади.

Ҳисоб-китобларга кўра, агар сайёра атмосферасиз бўлса, ундаги ўртача ҳарорат Цельсий бўйича -23 даража бўлади. Ундаги зич газсимон қобиқ иссиқликни ушлаб туриши ва иқлимни янада қулайроқ қилиши мумкин. Аммо олимлар ҳали Wolf 1069b сайёрасида атмосфера ва магнит майдонининг мавжудлиги ҳақида маълумотга эга эмаслар.

Уларнинг таҳминларига кўра, технологияларнинг ривожланиши бундай тадқиқотларни камида 10 йилдан кейин амалга оширишга имкон беради.

Аввалроқ Монреаль университети халқаро олимлар жамоаси бутун ер юзи сув билан қопланган “Океан сайёраси” топилгани ҳақида маълум қилган эди, деб хабар беради uzreport.news.