Хабарингиз бор, 2021 йилнинг 16 октябрь куни давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятига ташрифи давомида мутасаддиларга Юқори Чирчиқ туманидаги Astrum IT академияси фаолиятига доир бир қанча топшириқлар берган эди.Биз учун ёшлар сиёсати – биринчи ўринда. Бу ерда иқтидорли, билимли болалар ўқийди. Уларга замонавий, эркин шароит яратиш керак. Уйи ҳам, овқатланиши ҳам, спорти ҳам, дам олиши ҳам шу ерда бўлиши зарур. Давлат ташкилотлари, саноат корхоналарининг буюртмаларини шакллантириб, бу мутахассисларни иш билан таъминлаш муҳим», – деган эди жумладан Президентимиз.
Мутасаддиларга шу ерда ёшлар учун коворкинг марказ, турар жой барпо этиш бўйича кўрсатма ҳам берилганди.Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев бугун мазкур академияда бўлиб, унинг фаолияти, бу ерда яратилган шароитлар билан бирма-бир танишди.Икки қаватли бино замонавий жиҳозланган, 700 дан ортиқ компьютер билан таъминланган. Академия таълим ва ишлаб чиқаришни қамраб олган кластер мақомида бўлиши режалаштирилган.
Бу ерда ёшлар аввал дастурлашни ўрганиб, кейин шу соҳада ишлайди. Уларнинг ўзлаштиришини "сунъий интеллект" баҳолаб боради. Вилоят етаксичи академия ёшлари билан мулоқот қилди. Уларнинг интилиш ва қизиқишларини, умид ва мақсадлари, таклифларига қулоқ тутди.
Шунингдек, Зойир Мирзаев академия фаолияти билан боғлиқ истиқболдаги лойиҳалар билан танишиш асносида қурилиш лойиҳаларида акс этган ошхона, ётоқхона, университет, ёшлар маркази, спорт кемплекси, сув ҳавзалари сингари объектлар юзасидан ўз фикр ва тавсияларини баён этди.
Гуличеҳра ДУУРДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири