Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Маълумотга кўра, 24 ноябрь куни соат 19:00 дан сўнг мамлакатда атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида кенг кўламли экологик назорат рейдлари ўтказилди.

Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан ташкил этилган тадбирлар Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманлари, шунингдек, Тошкент шаҳри ҳудудларида тузилган 4 та тезкор гуруҳ орқали амалга оширилди. Рейдларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар идоралари ходимлари ҳам жалб этилди.

Текширувлар давомида жами 103 та корхона ва объект фаолияти ўрганилиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид қонунчилик талабларига риоя этилиши кўриб чиқилди.

Натижада:

  • 38 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди;
  • айбдорларга нисбатан 34,8 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди;
  • атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатган 18 та объектнинг фаолияти 10 кунга тўхтатилди.

Экологик рейдлар белгиланган режа асосида давом эттирилмоқда.