Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ҳудудгазтаъминот“ АЖ ахборот хизмати раҳбари Дилором Жуманиёзованинг маълум қилишича, жамият томонидан 2025 йил бошидан буён аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга 4 миллиард 923 миллион 74 минг метр куб табиий газ етказилган.
Шундан 3 миллиард 441 миллион 910 минг метр куби аҳолига, 1 миллиард 481 миллион 164 минг метр куби улгуржи истеъмолчиларга йўналтирилган. Шунингдек, иссиқлик таъминоти корхоналари 297 миллион 180 минг, ижтимоий соҳа объектлари 63 миллион 47 минг, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари эса 462 миллион 21 минг метр куб табиий газ билан таъминланган. 90 минг 463 тонна суюлтирилган газ истеъмолчиларга етказилган.
Олис ҳудудлардаги аҳоли режа-график асосида газ баллонлари билан таъминланмоқда. Қиш мавсуми учун 35 минг 100 дона газ баллони ва 3,5 минг тонна захира шакллантирилган.
Газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида махсус техника, бутловчи қисмлар ва авария ҳолатларини бартараф этиш учун 848 мутахассисдан иборат бригадалар жалб қилинган.
Йил бошидан буён 6021 та ноқонуний газ истеъмоли ҳолати аниқланиб, 81 миллиард 300 миллион сўмлик газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди. Шунингдек, 30 та “бункер“ фаолияти фош этилиб, 17,3 минг тонна суюлтирилган газ талон-тарож қилинишига йўл қўйилмади.
Газ таъминоти тизимини модернизация қилиш доирасида масофадан мониторинг ва назорат имконини берувчи телеметрия тизими жорий этилди. Янгиланган газ тақсимлаш пунктларида сунъий интеллектдан фойдаланиш имконияти яратилди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида мазкур лойиҳа амалга оширилмоқда.