Бунинг учун, албатта, сайёҳлик компанияларига мурожаат қилиши табиий. Бироқ юртдошларимиз томонидан асосли эътирозлар, жойлардаги ўрганишлар ҳамда мавжуд аҳвол айрим йўналишлар учун авиачипталар нархи ҳаддан зиёд юқорилигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига биргина 2021 йил давомида авиабилет билан боғлиқ юздан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Мурожаатлар ўрганилиши натижасида 93 фоиз мурожаат истеъмолчилар фойдасига ҳал этилган.

Авиабилет нархи истеъмолчиларни қониқтирадими?

Юртимизда 11 та аэропорт мавжуд бўлиб, улар халқаро мақомга эга. Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаро авиацияси соҳасига бошқарувнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш, авиаташувлар бозорида рақобатни ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Аммо “Uzbekistan airways” орқали Туркия, Россия, Миср ёки Дубайга учиш нархи Қозоғистон ёки Қирғизистондан учишга қараганда икки баробар қиммат экани бор гап.

aviasales.uz cайтидан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи эконом 3 миллион 562 минг сўм, бизнеc класс эса 5 миллион 22 мингни ташкил қилмоқда. Ҳолбуки, парвоз вақти 3 соат 40 дақиқадан иборат Тошкент – Москва йўналиши бўйича авиачипта нархи эконом 3 миллион 254 минг сўм, бизнес класс эса 7 миллион 29 минг; Тошкент – Рига йўналиши бўйича 2 миллион 773 минг сўм (парвоз вақти – 5 соат 30 дақиқа), Тошкент – Нью Йорк йўналиши бўйича эса эконом 4 миллион 677 минг сўм, (парвоз вақти – 12 соат) этиб белгиланган. Самолётлар турлари эса деярли бир хил.

Кўриниб турибдики, парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи ундан бир неча соат кўп парвоз қилинадиган йўналишлар учун белгиланган нархлардан сезиларли даражада юқори. Оддий ишчи чет эл саёҳатига бориш учун камида 6 ой тинимсиз меҳнат қилиши ва ортиқча харажатсиз пул жамғариши керак. Албатта, авиачипта нархи қимматлиги, биринчи навбатда, чет эллик сайёҳларнинг юртимизга ташриф буюришига ҳам бироз тўсқинлик қилади.

Масалан, Истанбулдан Чимкентга учаётган хорижий компания самолёти Истанбулдан Тошкентгача ҳам шунча вақт, шунча масофа ва шунча йўловчи билан учади, агар, зарар қилса, учмасди.

Авиачипталар бўйича халқаро сайт ҳисобланган “Anywayanyday” да ҳам чипталар нархидаги фарқни кўриш мумкин.

Биргина халқаро рейслар эмас, балки маҳаллий авиақатновларнинг нархи ҳам жуда қиммат. Мисол учун, 12 февралга Нукусдан Тошкентга энг арзон (эконом класс) учиш чиптаси нархи 405508 сўмдан бошланади. Парвоз вақти – 1 соату 20 дақиқа.

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг авиация бозоридаги, масалан, Тошкент – Самарқанд йўналиши бўйича авиачипта нархини кўриб чиқамиз (парвоз вақти 50 дақиқа.) Аviasales.uz сайтида ушбу йўналишда 21 доллар эвазига билет мавжуд.

Яна бир мисол. Урганч – Тошкент йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи 385 минг сўмдан бошланади. Парвоз вақти – 1 соату 30 дақиқа. Бироқ Нурсултон – Алмати йўналиши бўйича энг арзон авиачипта ўша сана ва ўша парвоз вақти билан (1 соат 35 дақиқа) 344 минг сўмни ташкил этади. Ушбу нарх Қозоғистон лоукостери томонидан тақдим этилган.

Нарх нималарга боғлиқ?

Баъзан чартер рейслар нима ўзи, бизга нега керак деган тушунмовчиликлар ҳам келиб чиқади. Чартер рейслар сайёҳлик операторлари томонидан сайёҳлик мавсуми давомида ташкил этиладиган жараён. Мунтазам қатновлар эса авиакомпаниялар томонидан ташкиллаштирилади. Ёз мавсумида маҳаллий сайёҳлик агентликлари чартер қатновларига буюртма бериш учун миллий авиакомпанияларга мурожаат қилишади. Авиакомпания мажбуриятига эса, самолёт, учувчи таркиби ҳамда парвоз хавфсизлигини таъминлаш киради. Шунингдек, Ҳиндистон, Франция, Германия, Италия, Латвия, АҚШ, Япония ва бошқа мамлакатларнинг авиаташувчилари Ўзбекистонга тенглик асосида қатновларни амалга ошириш учун тўла ҳуқуққа эга ва мамлакатимиз юридик жиҳатдан уларга рад жавобини бермайди.

Фуқаро қанча вақтлироқ, яъни олдинроқ авиачипта сотиб олса, билет шунча арзон тушади. Қатнов куни яқинлашгани сари тарифлар қимматлашади. Ҳар бир класс учун авиачипталар нархи, қоидага кўра, олдиндан тасдиқланади ва нарх кейинчалик ўзгармайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, авиакомпания ўз имконият ва қулайликлари ҳақида қанчалик тушунтиришга уринмасин, мавжуд камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Нархларни минималлаштириш эса юртдошларимизнинг Қозоғистон ёки Қирғизистон авиакомпаниялари орқали парвоз қилиш ўрнига ўзмизнинг миллий авиакомпаниямиз орқали парвоз қилишларига замин яратади.

Шаҳбоз АБДУСАТТОРОВ,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

жамиятлари федерацияси ахборот хизмати ходими