Унда айтилишича, фуқаро Навоий шаҳрида жойлашган авиакассадан жорий йилнинг 13 июль куни “Тошкент – Краснодар” йўналиши бўйича 4 миллион 100 минг сўмга билет олган, аммо унга аэропортда COVID-19га қарши эмланмагани сабабли учишга рухсат берилмаган. Шундан сўнг фуқаро авиабилетни авиакассага топширган бўлсада, чипта учун тўланган пул турли важлар билан қайтариб берилмаган.
Мазкур мурожаат Федерациянинг Навоий шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида авиабилет учун тўланган 4 миллион 100 минг сўм миқдоридаги пул маблағи истеъмолчига қайтариб берилди.
Яна бир мурожаат Бухоро вилояти Когон шаҳрида яшовчи фуқаро Р.И. томонидан келган бўлиб, унда истеъмолчи туман марказида жойлашган маиший техникалар дўконига банкдан пул ўтказиш орқали 9 миллион 500 минг сўм эвазига кир ювиш машинаси ва қўл телефони харид қилгани, бироқ дўкон ходими истеъмолчига ўзи танлаган маиший техника воситаларини етказиб бермаганидан норози эканини айтиб ўтган.
Мазкур мурожаат Федерациянинг Когон шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганилиб, маиший техника воситалари бошқасига алмаштириб берилди.
Шунингдек, Бухоро шаҳар С.Муродов кўчасида яшовчи фуқаро А.А. ўз мурожаатида жорий йилнинг июнь ойида 5 миллион 800 минг сўм эвазига 2 та “Akfa plast” ромини буюртма қилган ва 3 миллион 180 минг сўм миқдорида олдиндан тўловни амалга оширган. Аммо ромлар истеъмолчи хоҳлагандек сифатли чиқмаган, ўлчамлари эса тўғри келмагани сабабли уста-тадбиркордан тўлаган пулини қайтариб беришини сўраганида у турли баҳоналар билан пулини қайтариб бермаганини айтиб ўтган.
Мазкур мурожаат ҳам ўрганилиши натижасида акфа-ромлари учун тўланган маблағ истеъмолчига қайтарилишига эришилди.