Мулоқот чоғида Ўзбекистонда электротехника соҳасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Австрия томонига электротехника йўналишида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун мамлакатимизда катта хом ашё базаси ва имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Томонлар Австрия электротехника корхоналари билан қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида фикр алмашдилар.
Австрия вакили Ўзбекистон билан электротехника соҳасида ҳамкорлик ўрнатишга катта қизиқиш мавжудлигини ва аниқ натижага қаратилган ишларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида шу йилнинг март ва апрель ойларида Венада икки мамлакат корхоналари вакиллари иштирокида алоҳида учрашув ташкил этишга келишиб олдилар, деб хабар беради «Дунё» АА.
Австрия Электроника ва электротехника уюшмаси 1914 йилда ташкил этилган. Уюшма электротехника соҳасида фаолият юритаётган Австрия корхоналари манфаатларини илгари суришда кўмаклашади, шунингдек, соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Ҳозир кунда ушбу ташкилотга 300 та йирик корхона аъзо ҳисобланади. Уюшмага аъзо компанияларнинг ишлаб чиқариш қиймати йилига 23,3 миллиард долларга тенг, савдо ҳажми эса 27 миллиард долларни ташкил этади.