Аввал хабар қилинганидек, Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга қаратилган таҳлилий ўрганиш ўтказилиб, унинг натижалари асосида Ички ишлар вазири ўринбосарининг ахбороти эшитилган эди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, ўрганишлар давомида асосий эътибор Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти, интернет нашрлари ҳамда “facebook” ижтимоий тармоғи орқали кенг жамоатчиликнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида билдирган фикр ва таклифларига қаратилди.

Депутатлар томонидан қонун ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилаётган мазкур қонун лойиҳаси қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар, статистик маълумотлар таҳлили, соҳа мутахассисларининг фикр ва мулоҳазалари, шунингдек кўп сонли фуқаролар томонидан билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, тайёрланмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳаси билан қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни мақсад қилиб қўймоқда:

— “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексга йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим турдаги қоидабузарликларга нисбатан базавий ҳисоблашнинг “энг кам” ва “энг кўп” миқдорда белгиланган жарималарнинг минимал даражасини қўллаш;

— такроран содир этилган баъзи ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарималар миқдорини камайтириш;

— айрим ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарималар миқдорини оқибатидан келиб чиққан ҳолда белгилаш.

Таъкидлаш лозим, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда киритилиб, сиёсий партиялар фракциялари муҳокамаларидан сўнг, Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида уч ўқишда кўриб чиқилади.   

Бундан ташқари, қўмита томонидан ўтказилган эшитув муҳокамалари натижасига кўра, ҳукуматнинг айрим қарорларига ҳам қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда:

— автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтган ҳудудидан қатъи назар, республиканинг исталган ҳудудида техник кўрикдан ўтказишга рухсат бериш;

— ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш жараёнларида инсон омилини камайтиришга қаратилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

— ҳайдовчилик гувоҳномаларини йўқотган (ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа ҳолларда) шахсларга дубликат бериш тартибини соддалаштириш.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги томонидан светофорли чорраҳаларда ўнга бурилиш белгиларининг қамровини кенгайтириш чоралари ҳам кўрилади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, айнан Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоларининг ташаббуси билан қабул қилинган қонунга кўра суғурта полиси бўлмаган ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситасини жарима майдончасига киритиб қўйиш тартиби бекор қилиниб, бу кенг жамоатчилик томонидан ижобий қўллаб-қувватланган эди.