Ушбу қарорда истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришни “газ тақсимлаш станцияси – туман (шаҳар) чегараси – йирик участкаларнинг кириш қисми – истеъмолчи” технологик занжири асосида туман (шаҳар)лар чегарасидаги қувурларга электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш ва онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим ишга туширилиши белгиланган. Бу борада Навоий вилоятида муайян ишлар бажарилди.

Вилоятда айни вақтда табиий газдан фойдаланадиган 164 мингдан ортиқ аҳоли ва 3000 та улгуржи истеъмолчи мавжуд бўлиб, ҳудудни 49 та йирик ҳудудга ажратиш ҳамда 59 та газ ҳисоблаш ускунасини ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозир 56 та газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилиб, ишга туширилди. 35 та модем қурилмаси ўрнатилиб, “аскугбаланс” дастури орқали кузатиб бориш имконияти яратилди. Айни пайтда Кармана тумани ва Навоий шаҳрида бу борада ишлар давом этмоқда.

– Асосий мақсад туман ва шаҳарлар чегарасидаги қувурларга электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш орқали газ тақсимлаш станцияларидан қабул қилинаётган газни табиий газ истеъмолчиларига йўқотишларсиз етказиб беришдир. Шунингдек, табиий газнинг истеъмолчилар томонидан ноқонуний фойдаланишини ҳамда газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлашда ушбу автоматлаштирилган тизим катта самара беради. Яъни газ тақсимлаш станцияларидан олинган газ сарфи миқдори йирик ҳудудлардаги қувурларга ўрнатилаётган ҳисоблагичлардаги миқдор билан тенг бўлишига эришилади. Туман ва шаҳарларни йирик ҳудудларга ажратиш ва ҳисоблагичлар ўрнатишда истеъмолчилар сони, истеъмол сарфи инобатга олинди.

Масалан, вилоятимизда табиий газ истеъмолчилари сони нисбатан кўп бўлган Кармана тумани 9 та йирик ҳудудга ажратилиб, 18 та ҳисоблагич ўрнатилди. Белгиланган режа бўйича яна битта ҳисоблагич ўрнатилади. Табиий газ истеъмоли миқдори оз бўлган Учқудуқ туманида эса энг кам – 1 та ҳисоблагич ўрнатилди, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали директори ўринбосари Баҳриддин Худоёров.

Айтиш керак, онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим ишга туширилиши табиий газ таъминоти соҳасини янада ривожлантириш, турли оворагарчиликларнинг олдини олиш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланишда асос бўлмоқда. Пировардида, бу табиий газ таъминоти билан боғлиқ қатор муаммоларнинг бартараф этилишига ёрдам беряпти.