Автомобиль суғуртаси ҳам шундай: кутилмаганда юз берадиган йўл- транспорт ҳодисаси сабаб кўриладиган зарарнинг муайян қисми қопланишига кафолатдир.

Ўзбекистон амалиётида суғурталаш ме­ханизми мавжуд. Кўпчилик, ҳеч бўлмаганда, автосуғурта шартномасини тузган. Чунки ав­томобилни давлат рўйхатидан ўтказаётганда, мажбурий суғурта тўлови деган банд бор. Бел­гиланган вақтда бу сумма тўланмаса, тегишли жарима белгиланган.

Айни шу тўлов, одатда, кўпчиликка малол келади. Бир томондан, ушбу суғурта туридан фойдаланишга зарурат бўлмайди деб ўйласак, бошқа жиҳатдан, керакли вақтда суғурта пулини олиш учун ортиқча қоғозбозлик ва ово­рагарчилик талаб этилиши ҳақида ўйлаймиз. Шу боис, кўпчилик суғуртага оддий тўловнинг бир қисми, шунчаки расмиятчилик сифатида қарайди.

Юртимизда узоқ йиллар давомида ушбу ме­ханизм асосан суғурта компаниялари фойдаси­га ишлаб келгани ҳам сир эмас.

Одамлар ихтиёрий ёки мажбурий суғур­та шартномаларини имзолаганига қарамай, зарур ҳолларда суғурта бадалини олиш имко­ни жуда кам эди. Тизимдаги мураккабликлар ҳозиргача сақланиб қолган. Шартнома туз­ганларнинг кўпи товон пулини олиш жара­ёнида ҳужжатбозлик, ортиқча текширувлар, қайта-қайта ариза топшириш, муддат чўзили­ши ёки тўлов бўйича тортишувларга дуч ке­лади. Айрим ҳолларда эса фуқаро ўз ҳуқуқини билмагани учун маблағни ололмайди. Аслида, суғурта оддий жараён эмас. У ҳуқуқий кафолат, молиявий ҳимоя механизми ва ижтимоий барқарорлик воситаси бўлиши керак.

Шу боис, давлатимиз раҳбарининг топши­риғи билан ушбу тизимни такомиллаштириш, халқаро стандартларга мослаштириш вазифаси қўйилган. Бунинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Суғурта тизими ҳам бошқа барча соҳа каби одамлар учун ишлаши, қонуний кафолатга айланиши ва халқаро стандартларга мос бўлиши учун замонавий чоралар қўлланяпти.

Товон пули қайси томонга берилади?

Кейинги йилларда соҳадаги сезиларли ривожланишлар сабаб суғурта компаниялари сони ортиб, улар ўртасида соғлом рақобат пайдо бўл­моқда. Одамларнинг ҳам ҳуқуқий саводхонлиги ошган, суғурта шартномаларини шунчаки туз­май, зарур ҳолларда товон пулини талаб қила бошлади. Танлов имконияти ҳам етарлича. Бир­гина автомобиль суғуртаси бўйича ўнлаб компа­ния хизматларини таклиф қилади.

Аслида, ҳеч ким йўл-транспорт ҳодисаси бўлиши тарафдори эмас. Аммо кутилмаганда турли вазият бўлади. Кичик эътиборсизлик сабаб исталган вақтда кўнгилсизлик рўй бери­ши мумкин. Бундан айбдор ҳам, жабрланган ҳам бирдек зарар кўради. Руҳий ёки жисмоний зарардан ташқари етказилган моддий зарар кўлами ҳам турлича бўлади. Баъзан зарарни қоплашга томонларнинг имконияти етмайди. Шундай вақтда суғурта товони зарарнинг муайян қисмини ёки тўлиқ қоплаши керак. Ҳар ҳолда суғурта механизми ҳақидаги тушунчамиз шундай.

Аммо амалда бу тизим қанчалик ишлаяпти? Нега ҳамон йўл-транспорт ҳодисаларидан кейин суғурта товонини ундириш асосий муам­мога айланади? Гарчи мажбурий автосуғурта шартномасига эга бўлсак-да, компания зарарни қанчалик қоплаб бериши катта сўроқ остида қолади. Шу жиҳатдан одамларда мажбурий автосуғурта зарурати, қонунчилик талабла­рига қанчалик мослиги, ихтиёрий суғуртадан фарқли жиҳатлари билан боғлиқ саволлар кўп пайдо бўлади. Ваҳоланки, автомобиль эгалари ҳар гал белгиланган муддатда янгилаб турила­диган мажбурий автосуғуртадан амалда фойда­ланишни истайди ва қонуний жиҳатдан бунга тўла ҳақли.

— Мамлакатимизда суғурта фаолияти тегишли қонун билан тартибга солинади. Қонунчиликка кўра ушбу тизим юридик ва жисмоний шахсларнинг фуқаролик фаолияти­ни суғурта қилиш, яъни суғурта ҳодисаси юз берган вақтда жабрланувчининг мол-мулки, ҳаёти ёки унга бошқа хавф-хатарларда еткази­лиши мумкин бўлган зарарни тўлаб беришни англатади, — дейди Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Педагоглар маркази мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Зафаржон Раҳмонов. — Суғурта одатда ихтиёрий ва мажбурий кўри­нишда бўлади. Автосуғурта мисолида олсак, ихтиёрий суғурта орқали фуқаро ўз автомаши­насини турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилади. Мажбурий суғурта эса транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилади. Яъни давлат мажбурий суғурта орқали фуқароларни молиявий хавфдан ҳимоя қилади ва ҳайдовчи бошқа шахсга зарар етказса, ушбу зарарни суғурта компанияси қоплаб беради.

Гап шундаки, баъзи фуқаролар бировнинг автомобилига зарар етказса, тўлов қобилияти бўлмаган ҳолларда қатор оворагарчиликлар ке­либ чиқади. Натижада жабрланувчининг узоқ суд жараёнлари, ижро ишлари билан овора бўлишига тўғри келади. Мажбурий автосуғурта эса бундай ҳолларда жабрланувчи учун ка­фолатга айланади ва кўрган зарарини қоплаб беришга қаратилади. Шу боис, миллий қонун­чилигимизда янги машина харид қилган одам 10 кун давомида автомобилини суғурта қилди­риши, акс ҳолда, унга жавобгарлик қўлланиши кўрсатилган.

Суғурта шартномаси одатда бир йил муддат­га расмийлаштирилади. Аммо ундан фойдаланиш тартибида фарқ бор. Масалан, мажбурий суғуртада бадал пули тўланганидан сўнг бир йил давомида ҳеч қандай йўл-транспорт ҳодиса­си бўлмаса, суғурта пули қайтариб берилмайди. Ёки шартнома бекор қилинса, қолган давр учун тўланган бадал пули қайтарилмайди. Ихтиёрий суғуртада эса бир йил ичида тўловнинг қолган суммасини қайтариб олиш мумкин. Умуман, маз­кур жараён тизимда энди ривожланяпти ва ҳали такомиллаштирилиши керак.

Давлатимиз раҳбари бу йўналишни халққа яқинлаштириш вазифасини қўйгани бежиз эмас. Чунки тизимда етарлича камчиликлар, мураккабликлар, ҳужжатбозлик бор. Халқаро тажриба ўрганилганида юртимиз амалиётида, биринчи навбатда, соҳадаги ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликларни камайтириш кераклиги яққол кўринди. Шу боис, соҳада жаҳон стандартлари, замонавий механизмлар­ни қўллаш, электрон ариза бериш тизимини ривожлантириш бўйича ишлар бажариляпти. Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқий билими ҳам ошиб боради. Шундагина одамлар суғуртага ихтиёрий равишда эҳтиёж сеза бошлайди.

Тўлов қандай ҳолларда рад этилади?

Яқинда бир танишим йўл-транспорт ҳоди­сасига учрагани, автомобилининг орқасидан бир машина келиб ургани ҳақида айтиб қолди. Албатта, ҳодиса атай содир этилмаган. Воқеа жойига тегишли органлар вакиллари етиб кел­ган. Зарар етказган киши айбини тан олган, аммо ҳозирча имконияти йўқлиги сабаб зарар­ни қоплаб беролмаслигини, жабрланувчи судга бериши мумкинлигини билдирган. Маълумки, суд жараёни узоқ давом этади, машинага етка­зилган зарарни эса қоплаш керак.

Шунда тегишли ташкилотлар вакиллари иккала ҳайдовчидан автосуғурта шартнома­си бор-йўқлиги, муддати тугаган-тугамагани ҳақида сўраган. Уларнинг ҳар иккисида суғур­та шартномаси бўлгани сабабли товон пули­ни олиш учун ариза топширилиши кераклиги тушунтирилган. Аввалига икки томон бундан қувониб, товон пули қисқа муддатда ундириб берилишига ишонган. Аммо кейинроқ суғурта компанияси товон пулини тўламаслик бўйича қарор чиқариши мумкинлиги, бу ҳам ортиқча оворагарчилик талаб қилишини эшитиб, ҳаф­саласи пир бўлган.

Ҳақиқатан, бизда суғурта пулини олиш жа­раёнида қоғозбозлик кўплиги айтилади. Баъ­зилар унга кетадиган вақт, югур-югур сабаб ўша пулдан кечиб ҳам кетади. Айрим суғурта компаниялари белгиланган пулни бермасликка турли важлар келтирадиган ҳолатлар ҳақида ҳам эшитамиз. Аммо бу қонунчиликка қанча­лик тўғри келади? Умуман, автомобиль учун суғурта бадали тўланар экан, керакли вақтда ундан фойдаланиш ҳайдовчининг қонуний ҳаққи эмасми?

— Аслида, суғуртадан кўзланган мақсад жа­брланувчига етказилган зарарни қоплаб бериш­га қаратилган, — дейди Зафаржон Раҳмонов. — Аммо суғурта компанияси тегишли тартибда ариза топширилгандан сўнг ҳолатни ўрганиб, суғурта ҳодисаси юз берган деб топганидан кейингина зарарни қоплаб беради. Шунда ҳам ком­пания етказилган зарар кўламига қараб, қонун­чиликда белгиланган суммадан ошиб кетмаган ҳолда тўлайди. Тўғри, бунда тўлов жуда катта бўлмаслиги мумкин, аммо зарарнинг муайян қис­мини, баъзан тўлиқ қоплайди.

Суғурта товон пулини олишнинг тартиби бор. Транспорт ҳодисаси юз берган вақтдан бошлаб фуқаролар 72 соат ичида суғурта ком­паниясига ёзма ёки электрон тарзда ариза орқа­ли хабар бериши керак. Суғурта ташкилотига алоқага чиқиш имкони бўлмаган вақтлар узрли деб топилади, аммо электрон ариза юборилган вақт ҳуқуқий асос ҳисобланади. Кўрсатил­ган вақт оралиғи суғурта ташкилотининг иш кунига тўғри келмаслиги ҳолати эса бундан мустасно.

Иккинчи талаб шуки, транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида йўл ҳаракати хавфсиз­лиги органига хабар берилиши керак. Ҳодиса жойида далолатнома расмийлаштирилади. Сўнг транспорт воситасига етказилган зарарни ўша жойнинг ўзида баҳолатиш керак. Ана шу ҳужжатлар илова қилинган ҳолда суғурта ком­паниясига ариза берилади.

Тартибга кўра, суғурталовчи ташкилот аризани 15 иш кунида кўриб чиқиб, жавоб бериши керак. Агар суғурта ҳодисаси тас­диқланса, қарор қабул қилинганидан сўнг 5 иш куни ичида товон пули тўланиши шарт. Муддатни кечиктириш ноқонуний ҳисобланади.

Ариза топширилгач, суғурта компанияси ҳақиқатан бахтсиз ҳодиса бўлгани ва бошқа жиҳатларни ўрганганидан кейингина товон пули­ни тўлаш бўйича тегишли қарор чиқаради. Бунда тўлов рад этилиши ҳам мумкин. Масалан, юз бер­ган транспорт ҳодисаси суғурта шартномасига кирмайдиган ҳолатда, ариза топшириш муддати узрли сабабларсиз бузилганда, транспорт восита­сига қасддан етказилган зарар исботланганда ёки маст ҳолда транспорт бошқарилган вазиятларда суғурта компанияси тўловдан бош тортиши қону­ний ҳолат бўлади. Агар фуқаро кўрсатилган са­баб ва чиқарилган қарордан норози бўлса, судга ёки назорат қилувчи ваколатли органларга муро­жаат қилиши мумкин.

Яна бир жиҳати, суғурта товон пули авто­мобиль билан содир бўладиган тасодифий бах­тсиз ҳодисаларда ҳам тўлаб берилиши мумкин. Бундай ҳолатларда ҳам суғурта компаниясига ариза билан мурожаат қилинади. Масалан, ма­шина устига дарахт ағанаб кетса ёки автомобиль эгаси йўл носозлиги ёки бошқа иккиламчи омиллар сабаб уловни бирор жойга уриб олса, товон пули ундирилиши мумкин. Фақат фуқаро чиндан бахтсиз ҳодиса содир бўлганини исбот­лаб бериши керак. Бунда воқеа жойига ЙПХ ходимлари ёки профилактика инспекторларини чақириш ёхуд камера ёзуви орқали олинган да­лилларни тақдим этиши зарур. Шундан кейин жараённи суғурта компанияси ўрганади, маши­нанинг техник жиҳатдан созлигини текширади. Агар ҳақиқатан автомобилнинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда бахтсиз ҳодиса юз берган деб топилса, етказилган зарар суғурта асосида бел­гиланган тартибда қоплаб берилади.

* * *

Гап фақат суғурта пулини тўладикми, товон пулини ҳам, албатта, ундиришимиз кераклигида эмас. Гап ушбу амалиёт ҳақиқатан ишлаши, барча томон манфаати ҳамда белгиланган ва­зифага хизмат қилишида. Яъни суғурта шун­чаки кераксиз ёки мажбурий тўлов эмас, балки амалдаги ишонч, ҳуқуқий кафолат белгисига айланиши керак. Соҳани ривожлантириш ҳара­катлари эса айни мақсадларга хизмат қилиши лозим.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири