Автомобиль суғуртаси ҳам шундай: кутилмаганда юз берадиган йўл- транспорт ҳодисаси сабаб кўриладиган зарарнинг муайян қисми қопланишига кафолатдир.
Ўзбекистон амалиётида суғурталаш механизми мавжуд. Кўпчилик, ҳеч бўлмаганда, автосуғурта шартномасини тузган. Чунки автомобилни давлат рўйхатидан ўтказаётганда, мажбурий суғурта тўлови деган банд бор. Белгиланган вақтда бу сумма тўланмаса, тегишли жарима белгиланган.
Айни шу тўлов, одатда, кўпчиликка малол келади. Бир томондан, ушбу суғурта туридан фойдаланишга зарурат бўлмайди деб ўйласак, бошқа жиҳатдан, керакли вақтда суғурта пулини олиш учун ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчилик талаб этилиши ҳақида ўйлаймиз. Шу боис, кўпчилик суғуртага оддий тўловнинг бир қисми, шунчаки расмиятчилик сифатида қарайди.
Юртимизда узоқ йиллар давомида ушбу механизм асосан суғурта компаниялари фойдасига ишлаб келгани ҳам сир эмас.
Одамлар ихтиёрий ёки мажбурий суғурта шартномаларини имзолаганига қарамай, зарур ҳолларда суғурта бадалини олиш имкони жуда кам эди. Тизимдаги мураккабликлар ҳозиргача сақланиб қолган. Шартнома тузганларнинг кўпи товон пулини олиш жараёнида ҳужжатбозлик, ортиқча текширувлар, қайта-қайта ариза топшириш, муддат чўзилиши ёки тўлов бўйича тортишувларга дуч келади. Айрим ҳолларда эса фуқаро ўз ҳуқуқини билмагани учун маблағни ололмайди. Аслида, суғурта оддий жараён эмас. У ҳуқуқий кафолат, молиявий ҳимоя механизми ва ижтимоий барқарорлик воситаси бўлиши керак.
Шу боис, давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан ушбу тизимни такомиллаштириш, халқаро стандартларга мослаштириш вазифаси қўйилган. Бунинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Суғурта тизими ҳам бошқа барча соҳа каби одамлар учун ишлаши, қонуний кафолатга айланиши ва халқаро стандартларга мос бўлиши учун замонавий чоралар қўлланяпти.
Товон пули қайси томонга берилади?
Кейинги йилларда соҳадаги сезиларли ривожланишлар сабаб суғурта компаниялари сони ортиб, улар ўртасида соғлом рақобат пайдо бўлмоқда. Одамларнинг ҳам ҳуқуқий саводхонлиги ошган, суғурта шартномаларини шунчаки тузмай, зарур ҳолларда товон пулини талаб қила бошлади. Танлов имконияти ҳам етарлича. Биргина автомобиль суғуртаси бўйича ўнлаб компания хизматларини таклиф қилади.
Аслида, ҳеч ким йўл-транспорт ҳодисаси бўлиши тарафдори эмас. Аммо кутилмаганда турли вазият бўлади. Кичик эътиборсизлик сабаб исталган вақтда кўнгилсизлик рўй бериши мумкин. Бундан айбдор ҳам, жабрланган ҳам бирдек зарар кўради. Руҳий ёки жисмоний зарардан ташқари етказилган моддий зарар кўлами ҳам турлича бўлади. Баъзан зарарни қоплашга томонларнинг имконияти етмайди. Шундай вақтда суғурта товони зарарнинг муайян қисмини ёки тўлиқ қоплаши керак. Ҳар ҳолда суғурта механизми ҳақидаги тушунчамиз шундай.
Аммо амалда бу тизим қанчалик ишлаяпти? Нега ҳамон йўл-транспорт ҳодисаларидан кейин суғурта товонини ундириш асосий муаммога айланади? Гарчи мажбурий автосуғурта шартномасига эга бўлсак-да, компания зарарни қанчалик қоплаб бериши катта сўроқ остида қолади. Шу жиҳатдан одамларда мажбурий автосуғурта зарурати, қонунчилик талабларига қанчалик мослиги, ихтиёрий суғуртадан фарқли жиҳатлари билан боғлиқ саволлар кўп пайдо бўлади. Ваҳоланки, автомобиль эгалари ҳар гал белгиланган муддатда янгилаб туриладиган мажбурий автосуғуртадан амалда фойдаланишни истайди ва қонуний жиҳатдан бунга тўла ҳақли.
— Мамлакатимизда суғурта фаолияти тегишли қонун билан тартибга солинади. Қонунчиликка кўра ушбу тизим юридик ва жисмоний шахсларнинг фуқаролик фаолиятини суғурта қилиш, яъни суғурта ҳодисаси юз берган вақтда жабрланувчининг мол-мулки, ҳаёти ёки унга бошқа хавф-хатарларда етказилиши мумкин бўлган зарарни тўлаб беришни англатади, — дейди Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Педагоглар маркази мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Зафаржон Раҳмонов. — Суғурта одатда ихтиёрий ва мажбурий кўринишда бўлади. Автосуғурта мисолида олсак, ихтиёрий суғурта орқали фуқаро ўз автомашинасини турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилади. Мажбурий суғурта эса транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилади. Яъни давлат мажбурий суғурта орқали фуқароларни молиявий хавфдан ҳимоя қилади ва ҳайдовчи бошқа шахсга зарар етказса, ушбу зарарни суғурта компанияси қоплаб беради.
Гап шундаки, баъзи фуқаролар бировнинг автомобилига зарар етказса, тўлов қобилияти бўлмаган ҳолларда қатор оворагарчиликлар келиб чиқади. Натижада жабрланувчининг узоқ суд жараёнлари, ижро ишлари билан овора бўлишига тўғри келади. Мажбурий автосуғурта эса бундай ҳолларда жабрланувчи учун кафолатга айланади ва кўрган зарарини қоплаб беришга қаратилади. Шу боис, миллий қонунчилигимизда янги машина харид қилган одам 10 кун давомида автомобилини суғурта қилдириши, акс ҳолда, унга жавобгарлик қўлланиши кўрсатилган.
Суғурта шартномаси одатда бир йил муддатга расмийлаштирилади. Аммо ундан фойдаланиш тартибида фарқ бор. Масалан, мажбурий суғуртада бадал пули тўланганидан сўнг бир йил давомида ҳеч қандай йўл-транспорт ҳодисаси бўлмаса, суғурта пули қайтариб берилмайди. Ёки шартнома бекор қилинса, қолган давр учун тўланган бадал пули қайтарилмайди. Ихтиёрий суғуртада эса бир йил ичида тўловнинг қолган суммасини қайтариб олиш мумкин. Умуман, мазкур жараён тизимда энди ривожланяпти ва ҳали такомиллаштирилиши керак.
Давлатимиз раҳбари бу йўналишни халққа яқинлаштириш вазифасини қўйгани бежиз эмас. Чунки тизимда етарлича камчиликлар, мураккабликлар, ҳужжатбозлик бор. Халқаро тажриба ўрганилганида юртимиз амалиётида, биринчи навбатда, соҳадаги ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликларни камайтириш кераклиги яққол кўринди. Шу боис, соҳада жаҳон стандартлари, замонавий механизмларни қўллаш, электрон ариза бериш тизимини ривожлантириш бўйича ишлар бажариляпти. Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқий билими ҳам ошиб боради. Шундагина одамлар суғуртага ихтиёрий равишда эҳтиёж сеза бошлайди.
Тўлов қандай ҳолларда рад этилади?
Яқинда бир танишим йўл-транспорт ҳодисасига учрагани, автомобилининг орқасидан бир машина келиб ургани ҳақида айтиб қолди. Албатта, ҳодиса атай содир этилмаган. Воқеа жойига тегишли органлар вакиллари етиб келган. Зарар етказган киши айбини тан олган, аммо ҳозирча имконияти йўқлиги сабаб зарарни қоплаб беролмаслигини, жабрланувчи судга бериши мумкинлигини билдирган. Маълумки, суд жараёни узоқ давом этади, машинага етказилган зарарни эса қоплаш керак.
Шунда тегишли ташкилотлар вакиллари иккала ҳайдовчидан автосуғурта шартномаси бор-йўқлиги, муддати тугаган-тугамагани ҳақида сўраган. Уларнинг ҳар иккисида суғурта шартномаси бўлгани сабабли товон пулини олиш учун ариза топширилиши кераклиги тушунтирилган. Аввалига икки томон бундан қувониб, товон пули қисқа муддатда ундириб берилишига ишонган. Аммо кейинроқ суғурта компанияси товон пулини тўламаслик бўйича қарор чиқариши мумкинлиги, бу ҳам ортиқча оворагарчилик талаб қилишини эшитиб, ҳафсаласи пир бўлган.
Ҳақиқатан, бизда суғурта пулини олиш жараёнида қоғозбозлик кўплиги айтилади. Баъзилар унга кетадиган вақт, югур-югур сабаб ўша пулдан кечиб ҳам кетади. Айрим суғурта компаниялари белгиланган пулни бермасликка турли важлар келтирадиган ҳолатлар ҳақида ҳам эшитамиз. Аммо бу қонунчиликка қанчалик тўғри келади? Умуман, автомобиль учун суғурта бадали тўланар экан, керакли вақтда ундан фойдаланиш ҳайдовчининг қонуний ҳаққи эмасми?
— Аслида, суғуртадан кўзланган мақсад жабрланувчига етказилган зарарни қоплаб беришга қаратилган, — дейди Зафаржон Раҳмонов. — Аммо суғурта компанияси тегишли тартибда ариза топширилгандан сўнг ҳолатни ўрганиб, суғурта ҳодисаси юз берган деб топганидан кейингина зарарни қоплаб беради. Шунда ҳам компания етказилган зарар кўламига қараб, қонунчиликда белгиланган суммадан ошиб кетмаган ҳолда тўлайди. Тўғри, бунда тўлов жуда катта бўлмаслиги мумкин, аммо зарарнинг муайян қисмини, баъзан тўлиқ қоплайди.
Суғурта товон пулини олишнинг тартиби бор. Транспорт ҳодисаси юз берган вақтдан бошлаб фуқаролар 72 соат ичида суғурта компаниясига ёзма ёки электрон тарзда ариза орқали хабар бериши керак. Суғурта ташкилотига алоқага чиқиш имкони бўлмаган вақтлар узрли деб топилади, аммо электрон ариза юборилган вақт ҳуқуқий асос ҳисобланади. Кўрсатилган вақт оралиғи суғурта ташкилотининг иш кунига тўғри келмаслиги ҳолати эса бундан мустасно.
Иккинчи талаб шуки, транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида йўл ҳаракати хавфсизлиги органига хабар берилиши керак. Ҳодиса жойида далолатнома расмийлаштирилади. Сўнг транспорт воситасига етказилган зарарни ўша жойнинг ўзида баҳолатиш керак. Ана шу ҳужжатлар илова қилинган ҳолда суғурта компаниясига ариза берилади.
Тартибга кўра, суғурталовчи ташкилот аризани 15 иш кунида кўриб чиқиб, жавоб бериши керак. Агар суғурта ҳодисаси тасдиқланса, қарор қабул қилинганидан сўнг 5 иш куни ичида товон пули тўланиши шарт. Муддатни кечиктириш ноқонуний ҳисобланади.
Ариза топширилгач, суғурта компанияси ҳақиқатан бахтсиз ҳодиса бўлгани ва бошқа жиҳатларни ўрганганидан кейингина товон пулини тўлаш бўйича тегишли қарор чиқаради. Бунда тўлов рад этилиши ҳам мумкин. Масалан, юз берган транспорт ҳодисаси суғурта шартномасига кирмайдиган ҳолатда, ариза топшириш муддати узрли сабабларсиз бузилганда, транспорт воситасига қасддан етказилган зарар исботланганда ёки маст ҳолда транспорт бошқарилган вазиятларда суғурта компанияси тўловдан бош тортиши қонуний ҳолат бўлади. Агар фуқаро кўрсатилган сабаб ва чиқарилган қарордан норози бўлса, судга ёки назорат қилувчи ваколатли органларга мурожаат қилиши мумкин.
Яна бир жиҳати, суғурта товон пули автомобиль билан содир бўладиган тасодифий бахтсиз ҳодисаларда ҳам тўлаб берилиши мумкин. Бундай ҳолатларда ҳам суғурта компаниясига ариза билан мурожаат қилинади. Масалан, машина устига дарахт ағанаб кетса ёки автомобиль эгаси йўл носозлиги ёки бошқа иккиламчи омиллар сабаб уловни бирор жойга уриб олса, товон пули ундирилиши мумкин. Фақат фуқаро чиндан бахтсиз ҳодиса содир бўлганини исботлаб бериши керак. Бунда воқеа жойига ЙПХ ходимлари ёки профилактика инспекторларини чақириш ёхуд камера ёзуви орқали олинган далилларни тақдим этиши зарур. Шундан кейин жараённи суғурта компанияси ўрганади, машинанинг техник жиҳатдан созлигини текширади. Агар ҳақиқатан автомобилнинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда бахтсиз ҳодиса юз берган деб топилса, етказилган зарар суғурта асосида белгиланган тартибда қоплаб берилади.
* * *
Гап фақат суғурта пулини тўладикми, товон пулини ҳам, албатта, ундиришимиз кераклигида эмас. Гап ушбу амалиёт ҳақиқатан ишлаши, барча томон манфаати ҳамда белгиланган вазифага хизмат қилишида. Яъни суғурта шунчаки кераксиз ёки мажбурий тўлов эмас, балки амалдаги ишонч, ҳуқуқий кафолат белгисига айланиши керак. Соҳани ривожлантириш ҳаракатлари эса айни мақсадларга хизмат қилиши лозим.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири