Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари 2022 йил якунлари бўйича ўтказган таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистонда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 357 554,5 миллиард сўмни ташкил этган. Транспорт хизматлари иқтисодий фаолият турлари бўйича бозор хизматлари таркибида савдо хизматларидан кейин иккинчи ўринни эгаллаган (22,7 фоиз).

Транспорт хизматлари орасида автомобиль транспорти энг катта улушга эга – 51 фоиз. Ундан кейинги ўринларни ҳаво транспорти (14,2 фоиз), қувурлар орқали етказиш (13,1 фоиз) ва темир йўл транспорти (11,4 фоиз) эгаллаган.

Республика ҳудудлари бўйича кўрсатилган транспорт хизматларининг умумий ҳажмида энг катта улушга эга ҳудудлар қуйидагилар:

- Тошкент шаҳри – 13 112,7 миллиард сўм (25,5 фоиз);

- Тошкент вилояти – 5 946,4 миллиард сўм (11,6 фоиз);

- Самарқанд вилояти – 5 333,6 миллиард сўм (10,4 фоиз).

Энг паст кўрсаткичли ҳудудлар:

- Навоий – 1 497,9 миллиард сўм (2,9 фоиз);

- Жиззах – 1 164,7 миллиард сўм (2,3 фоиз);

- Сирдарё – 666,2 миллиард сўм (1,3 фоиз). 

2022 йилда транспорт хизматлари экспортида энг катта улуш қувур орқали ташиш хизматининг ҳиссасига тўғри келган (682 659,1 минг АҚШ доллари). Ундан кейинги ўринларни темирйўл транспорти (508 900,4 минг АҚШ доллари), ҳаво транспорти (466 110,2 минг АҚШ доллари) ва автомобиль транспорти (45 266,3 минг АҚШ доллари) эгаллаган.