Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро С. Томонидан қилинган мурожаатда айтилишича “Farg‘ona AvtoTexXizmat” автосалонига 115 миллион 607 минг сўм, яъни 100 фоизлик олдиндан тўловни амалга ошириш орқали “Lacetti-Gentra” русумли автомашина сотиб олган.
Бироқ мазкур автоуловда нуқсонлар борлиги (эшиклари чоклари бир-бирига тўғри келмаслиги, автоуловни олд қисми бамперида бўёқ кўчгани ва ҳ.к) сабабли бошқасига алмаштириб берилишини талаб қилган. Автосалон ходимлари эса истеъмолчининг бу талабини қаноатлантирмаган.
Бу мурожаат, Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти томонидан ўрганилиши натижасида мазкур автомобиль янгисига алмаштириб берилди.
Яна бир мурожаатда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшовчи фуқаро У.Бозов 2020 йил 21 январь куни Тўрткўл тумани марказида жойлашган “Тўрткўл Навигатор” МЧЖдан Урганч-Внукова, Внукова-Урганч йўналиши бўйича 2020 йил 29 март куни учадиган авиарейсга 1 та чиптани 2 миллион 284 минг сўм эвазига харид қилгани айтилади.
Бироқ пандемия сабабли рейслар маълум муддатга қолдирилган. Шунда истеъмолчи авиакассага бориб чипта пулларини қайтаришини сўраганида сотувчи турли баҳоналар билан пулни қайтариб бермаган.
Мурожаат федерация ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида истеъмолчига чипта пули қайтарилишига эришилди.