Унга кўра, йил бошидан буён мамлакатимизнинг барча ҳудудларида автомобиль савдосининг сезиларли ўсиши қайд этилди. Жумладан, энг юқори ўсиш суръатлари Наманган — 44 %, Қашқадарё — 34% ва Жиззах вилоятларида – 23% кузатилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳозирги кунда автомобилларга бўлган талаб анча барқарор бўлиб, шу йилнинг январь ойида бошланган фаоллик ўсиш тенденциясини давом эттирмоқда. Август ойида автомобиль сотиб олишга қизиқишнинг ортиши қайд этилди, бу валюта курсларининг ўзгариши ва истеъмолчиларнинг пул маблағларини инвестиция қилиш истаги ортиши билан боғлиқ.

Жорий йилнинг август ойида сотилган автотранспорт воситаларининг умумий сони 119,3 мингтани ташкил этди, бу июль ойига нисбатан 16 % га кўп.

2021 йил август ойига нисбатан автомобиль савдоси 2 баравар ошди (+61,9 минг).

Эслатиб ўтамиз, йил бошига келиб жисмоний шахсларга тегишли автомобилларнинг умумий сони 3,1 млн.ни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 0,28 млн.га кўп. Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг ҳар минг доимий аҳолисига ўртача 87 та автомобил тўғри келади. Статистика маълумотларига кўра, мамлакатимизда ҳар 12 кишидан бири автомобилга эга.

Энг кўп автомобиллар Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган - 525 028 та. Пойтахтдан кейин энг кўп рўйхатга олинган автомобиллар Самарқанд вилоятида — 392 475 та, Тошкент вилоятида — 324 154 та ва Фарғона вилоятида — 325 009 та.

Ҳудудлар бўйича жисмоний шахсларга тегишли энг кам рўйхатга олинган енгил автомобиллар Сирдарё – 68 278 та, Жиззах – 90 860 та ва Навоий вилоятларида – 97 439 та қайд этилди.

Август ойида иккиламчи бозорда 98 мингта автомобиль сотилган, бу ўтган ойга нисбатан 21 фоизга кўп. Шу билан бирга, иккиламчи автомобиль бозори йил давомида 2,2 баробар ўсди.

Август ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобилларнинг сотилиши 17 мингтани ташкил этди ва июль ойига нисбатан 7,5 фоизга камайди. Шу билан бирга, 2021 йил август ойига нисбатан савдо ҳажми 1,8 баравар ошди.