Мазкур ҳужжат ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ва иқтисодиёт тармоқлари учун ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш, юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида тайёрланган.
Техникумлар Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг ҳузурида фаолият юритадиган юридик шахс ҳисобланади ва улар фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.
Техникумларда кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагичнинг камида 3 ёки 4-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи асосида камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
Техникумларда ўқув жараёни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари, Тошкент шаҳридаги Инха университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети ҳамда тегишли олий таълим муассасаларининг ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда анъанавий ва масофавий таълим шаклида олиб борилади.