Экспонатларнинг уч ўлчамдаги тасвирлари профессионал камералар томонидан суратга муҳрланди.

Тўрақўрғон тумани Яккатом маҳалласида жойлашган Ахси саййидлари илмий-маърифий, меъморий мажмуаси таркибидаги ушбу музейида Мирзо Бобур ва Темурийлар даврига оид мингдан ортиқ экспонат тўпланган. Аҳамиятлиси, уларнинг бари шу қишлоқдаги қазишма ишлари давомида қўлга киритилган ноёб топилмалардир.

– Музейимизда I асрдан ХХ аср бошларигача бўлган даврда фойдаланувда бўлган ашёлар сақланмоқда, – дейди мажмуа раҳбари Билолхон Рустамов. – Улар орасида 2000 йиллик сувдон, 1000 йиллик шамшир ва қилич, 1200 йиллик муҳр алоҳида ўринга эга. 

Айни пайтда музей учун янги жой ҳозирланмоқда. Мажмуа таркибидаги Ҳунармандчилик маркази, илмий-қўлёзмалар мактаби ҳам жорий йилда фойдаланишга топширилади.