Тарих — одамзодга сабоқ берувчи, уни хатарли йўлларга киришдан сақлаб қолувчи ажойиб бир дунё. Шунинг учун ҳам ХХ асрнинг 20-50 йилларида мустабид шўро тузумининг ноҳақ азобини тортган ва шаҳид кетган ота-боболаримиз, Ватан учун хизмат қилган ардоқли зиёлилар, ижтимоий ҳаётнинг оғир дамларини бошидан кечирган юрт фарзандларининг номларини тиклаш, уларнинг меросини келажак авлодларга етказиш муҳим вазифалардан биридир.
Лекин бир-икки китоб ёки мақола чоп этиш билан қатағон қурбонларининг бутун бошли тарихини ёритиб бўлмайди.
Истиқлол туфайли ҳақиқат ва адолатни қайта тиклаш, халқимизнинг минглаб фидокор ва собитқадам фарзандлари хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, бундай қисматга дучор бўлган юртдошларимизни аниқлаш, номларини абадийлаштириш ва тарих зарварақларига муҳрлаш борасида кўплаб савобли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам.
Қорақалпоғистоннинг раҳбар ҳамда хўжалик ташкилотлари ходимлари, зиёли қатлам вакиллари, фан, маданият, адабиёт соҳасида хизмат кўрсатган инсонларнинг кўпчилиги ўтган асрнинг 30-50 йиллари бошида қатағонга учраган эди. Улар бировларнинг ёлғон аризаси, туҳмати сабаб «халқ душмани», «миллатчи» ёки «ижтимоий келиб чиқишини яширган, халқ душманига хайрихоҳлик қилган» каби айбловлар билан ноҳақ жазоланди, қамоққа олинди. Диний китоблар, қорақалпоқ шоирлари шеърлари йўқ қилиниб, ёндирилди, маънавият ва маданиятга жоҳилларча муносабатда бўлинди.
Раҳим Мажитовнинг рафиқаси 80 ёшли Анвара аянинг бошидан ўтказган ва айтиб берган ҳаётий воқеаларини адабиётчи Қ.Бойниёзов бундай ёзади:
— 1928 йили қайин отамнинг (Сейфулғабит Мажитов — А.Қ.) бир китоби чоп этилиб, унга қалам ҳақи (гонорар) олди. Бизлар жуда ночор аҳволда яшар эдик. Отам бу пулдан уйга керакли бўлган уй жиҳозлари ва бизларга кийим-кечак сотиб олди. Ўша вақтлари Раҳим ака Қўнғиротда райком секретари бўлиб ишларди. Кимдир буни кўриб, бизларни «бойиб кетди», деб ариза берибди.
Шу сабабдан турмуш ўртоғимни ишдан бўшатишди. 1937-1938 йиллари аҳволимиз янада оғирлашди. Қайин отамни ва Раҳим акани «халқ душмани» деб турмага ташладилар. Мен уларнинг ҳолидан хабар олиш учун борган эдим. — Сен чет элнинг айғоқчисисан, — деб мени ҳам ушлаб, бир кун тергов қилди. Бешикда эмизикли болам бор эди. Вақтида овқатлантириб келишим учун ҳам юбормади. Ишхонамга ҳомиладорлик таътили давридаги пулларимни оламан деб борсам, беришмади. Сен «халқ душмани»нинг рафиқасисан деб ишдан бўшатишди. Бошқа жойлардан иш изласам, фамилиямни айтишим билан қайтараверди. Шундай қилиб, мен 1937-1938 йиллари беш болам билан ишсиз қолдим.
С.Мажитов 1920 йилда партияга аъзо бўлиб, шўро ҳукуматининг сиёсатини қўллаб-қувватлаб таърифлаган дастлабки шоир бўлишига қарамай, «Миллий иттиҳод» ташкилоти Қўнғирот бўлими раҳбари сифатида айбланиб, 1921 йили қамоққа олинди. Шўро ҳукуматига қарши аксилинқилобий қўзғолон ташкиллаштирган, деган айб тиркалди. У билан бирга имом Убби Ерниязов ва Пиржан имом Бекешов беш йил қамоқ жазосига ҳукм этилди. Бироқ Хоразм Халқ Республикаси ички ишлар вазири Ўроз Ермановнинг аралашуви билан улар қамоқдан озод этилди. Иккинчи марта С.Мажитов 1930 йили яна «халқ душмани» сифатида айбланиб, қудаси Ўроз Ерманов билан қамоққа олинди. Улар 8 ой давомида қаттиқ тергов берди.
Бироқ иккиси ҳам ўзига қўйилган айбларни тан олмаган. 1930 йил 3 ноябрда С.Мажитов ва Ў.Ерманов
ишлари устидан тўпланган далиллар етарли эмаслиги
сабаб уларни қамоқдан озод этиш тўғрисида қарор чиқаришга мажбур бўлишган.
Аммо қамоқхона азоби ва терговчиларнинг турли қийноқ усулларини кўтара олмаган Сейфулғабит Мажитов 1938 йили 16 апрелда турмада вафот этади ва шу тариқа жиноят иши ҳам тўхтатилади.
1937-1938 йиллардаги қатағон натижасида партия, комсомол, совет ташкилотлари раҳбар лавозимларида ишлайдиган миллий кадрлар қолмади ҳисоб. Сабаби, уларнинг кўпчилиги қамалди ва отиб ташланди. Масалан, 1937 йил сентябрь ойидан 1938 йил июнь ойига қадар Қорақалпоғистон АССР партия комитетининг биринчи секретари вазифасини бажарадиган одам бўлмаган. Бу лавозимни партия йўлланмаси билан Тошкентга келган Ф.Павлов деган киши вақтинча эгаллаб турди. У бошқарган даврда қорақалпоқ халқи зиёлилари жуда кўп жабр чекди.
1930 йилларнинг иккинчи ярмида олимлар ва жамоат фаолларини ҳам қатағон қилиш бошланади. Москвалик олим Баскаков бундай эслайди:
— Бир куни вилоят партия комитетининг биринчи котиби Ислом Алиевнинг ёрдамчиси, озарбайжонлик йигит Казембек уйга келиб, эртага мени қамамоқчи эканликлари ҳақида огоҳлантирди. У бизларга от топиб берди ва Хоразм вилоятигача кузатиб қўйди. Бу ердан Нина Владимировна икковимиз бир ҳафтада Туркманистоннинг Чоржўй туманигача пиёда келдик. Чоржўй, Красноводск, Боку орқали бир ойда Москвага зўрға етиб бордик. Агар Казембек ҳақиқатни айтмаганда, ОГПУ ходимлари мени «буржуачи миллатчи» деб аллақачон йўқ қилиб юборган бўлар эди. Бизлар Қорақалпоғистондан кетгандан кейин Қ.Авезов, К.Нурмуҳамедов, И.Алиев ва унинг ёрдамчиси Казембек ҳам қамоққа олинган ва «халқ душмани» сифатида отишга ҳукм этилган эди...
Таниқли маърифатчи Қози Мавлик ҳам совет ҳокимияти томонидан қатағонга учраган. У 1929 йили кузда қамоққа олиниши арафасида Чимбойни ташлаб Туркманистон томонга қочиб кетади. Шоирнинг умри давомида ёзган, йиққан маданий мероси, мол-мулки ҳам шу ерда қолади. 1930 йилнинг охирида Чимбойдаги янги ҳукумат етакчилари Қози Мавликнинг уйида қолган барча қўлёзмаларни йиғиб олади ва ёқиб юборади.
Ўша даврнинг таниқли шоири Аббаз Дабиловнинг эслашича, у 1929 йили Қози Мавликнинг уйига келганида, шоирнинг барча китобларини, кўплаб қўлёзмаларини олти қопга солишиб, Кегейли канали бўйида ёқиб, кўмиб ташлашган экан.
Алишер КУДИЯРОВ,
Қорақалпоқ давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори