Aёл эъзоз топган юртда юксалиш, онага эҳтиром кўрсатилган оилада фаровонлик, пировардида эртамиз эгалари — фарзандла­римиз бахтли бўлади. Она дуоси билан юк­салган хонадон — тинчлик ва бараканинг маскани, аёл салоҳияти билан тараққий этган жамият эса маърифатлидир.

Бугунги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иж­тимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасида устувор вазифага айланди. Бу йўналишдаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган дастур ва ташаббуслар юзаки ва қўл учида эмас, улар ҳар бир оиланинг фаро­вонлиги, ҳар бир аёлнинг имконияти, ҳар бир фарзанднинг эртанги куни билан бевосита боғлиқ ҳаётий дастур ўлароқ шакллангани билан аҳамиятли.

Янги имкониятлар

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кўп миллатли халқимизнинг оқилона так­лиф-тажрибаси, одил муҳокамаси асосида такомиллаштирилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида оила ва хотин-қизларни қўл­лаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, улар­нинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ва даромад топиш имкониятларини кенгай­тириш давлат сиёсатидаги устувор йўналиш сифатида янада аниқ кўрсаткичлар билан мустаҳкамланди.

Президентимизнинг “Мамлакат тараққиё­тининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқиш­нинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”­ги фармонида оилани мустаҳкамлаш масала­лари устувор вазифа сифатида белгиланган.

Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” страте­гиясидаги 25-мақсад аввал хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса, ҳозир оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган мақсад сифатида ўзгартирил­гани ҳам оиланинг жамият ҳаётидаги ўрни янада юксалганининг белгиси.

Янги мақсадлар қаторига долзарб масала: оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича ўқув курс­ларига ёшларни жалб этишни жорий йилда 50 фоиз ошириш ва 2030 йилга қадар 80 фоизини қамраб олиш, оила ва хотин-қизлар масканларида кўрсатиладиган хизматларни 40 фоиздан 60 фоизга кўтариш, шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятла­рини кенгайтириш, рақамли саводхонликни кучайтириш, манзилли қўллаб-қувватлаш орқали хотин-қизларни эҳтиёжмандликдан чиқариш каби 11 та мақсадли кўрсаткич белгиланди.

Лидер тадбиркор аёллар орқали эҳтиёж­манд хотин-қизларни даромад топишга ўр­гатиш кўламини 100 минг нафарга етказиш ташаббуси, шу билан бирга, маҳаллаларда хотин-қизлар бандлиги ва саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишида 3940 та марказ ташкил этилиши режалаштирилгани ҳам стратегиянинг инсон капиталини комплекс қўллаб-қувватлашга қаратилганини кўрсата­ди. Шунингдек, ахборот-коммуникация тех­нологияларидан фаол фойдаланишга жалб этиладиган хотин-қизлар сони ҳар йили 100 минг нафарга, жами 500 минг нафарга ет­казилиши белгиланди.

Бундан ташқари, сиёсий партиялар­да хотин-қизларнинг улушини 50 фоизга, судьялар орасида 30 фоизга ошириш, аёллар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни кескин камайтириш каби аёл­лар манфаати кўзланган мақсадлар ҳам ўрин олган.

Ҳа, марралар баланд олиниб, яқин беш йилликда улкан мақсадлар қўйилмоқда. Бун­дан англашиладики, бугун ҳар бир аёлнинг фаровонлиги оиланинг ички масаласи эмас, бутун мамлакат тараққиётининг мезони, ҳам драйверидир. Янгиланган стратегиянинг энг катта қиймати ҳам шунда.

Билимли жамият таянчи

Маърифатли жамиятни маърифатли она­ларсиз қуриб бўлмайди. Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш­дек буюк мақсадни кўзлар экан, шубҳасиз, бунда маърифатли жамият ҳал қилувчи аҳа­миятга эга бўлади. Шу боис, кейинги йил­ларда мамлакатимизда ҳар бир оилада олий маълумотга эга мутахассислар бўлишини таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида 1 нафари олий маълумотли бўлиши учун шароит яратишга алоҳида эътибор қа­ратилмоқда.

Ушбу мақсадда хотин-қизларнинг олий ва ундан кейинги таълимини давом эттиришини қўллаб-қувватловчи янги ташаббуслар ама­лиётга жорий этилиб, қатор имтиёз ва суб­сидиялар берилиши натижасида сезиларли ютуқларга эришилмоқда.

Хусусан, 2025 йилда олий маълумотга эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга ажра­тилган грантлар миқдори икки мингдан тўрт мингтага етказилди, яъни икки баробар оши­рилди. Беш йил иш стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар конт­ракт квотаси эса 500 тадан 2500 тага оширил­ди. 2025-2026 ўқув йилида қарийб 255,5 минг хотин-қиз олий таълим муассасаларига тала­баликка қабул қилинди.

Ўтган йили олий таълим ташкилотларини битирган 128 мингдан зиёд талаба-қиздан қа­рийб 117 минг нафарининг бандлигини таъ­минлашга кўмаклашилди. Ушбу жараён айни пайтда ҳам давом этмоқда.

Бундан ташқари, 262 минг хотин-қиз “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси дои­расида ахборот технологиялари бўйича ўқитилди. Инновацион ривожланиш агент­лиги томонидан ўтказиб келинаётган “Оли­ма аёллар” танловида 1612 та лойиҳа талаб­номалари ўрнатилган тартибда экспертиза босқичларидан ўтказилиб, қиймати 127,3 миллиард сўм миқдоридаги 156 та лойиҳа молиялаштирилди.

Хотин-қизлар таълимига қаратилаётган алоҳида эътибор, тақдим этилаётган қу­лайликлар ҳисобига илм-фан соҳасида ҳам аёлларимизнинг нуфузи ошиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда илмий тадқиқот қи­лаётганларнинг 42 фоизини хотин-қизлар ташкил этади, фан докторларининг 26,5 фои­зи, фалсафа доктори, фан номзодларининг 40,1 фоизи аёллардир.

Тенг ҳуқуқ, тенг юксалиш

Сўз хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тенг имкониятлар муҳитини яра­тиш хусусида борар экан, бу масаладаги яна бир асосий дастурий ҳужжат — 2030 йилга­ча гендер тенгликка эришиш стратегияси­га тўхталиб ўтиш лозим. Зеро, ушбу страте­гия 2025 йилда ҳам аниқ натижалари билан намоён бўлди.

Жумладан, тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган 17 та норматив-ҳу­қуқий ҳужжат қабул қилинди, бюджет режа­лаштиришда гендер ёндашувни жорий этиш бўйича индикаторлар ишлаб чиқилди. Давлат органларида гендер аудити ўтказиш услубия­ти янгиланиб, айрим вазирликларда амалда татбиқ этилди.

Раҳбар кадрлар тайёрлашда ҳам силжиш бор: миллий кадрлар захирасида хотин- қизлар сони 1267 нафарга етди (27 фоиз), “Раҳбар аёллар мактаби”да ўқиганлардан 60 нафари юқори лавозимларга тайинланди. Таълимда хотин-қизлар улуши барқарор ўс­моқда: олий таълим бакалавриатида талаба­ларнинг 54 фоизини, магистратурада таҳсил олувчиларнинг 67 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Гендер асосида режалаштириш ва бюд­жетлаштириш амалиётини такомиллашти­риш мақсадида гендер индикаторлари ишлаб чиқилиб, бюджет дастурлари лойиҳаларида қўллаш учун барча вазирлик ва идораларга етказилди.

2025 йил давомида бюджет ташкилотла­рида ишловчи 1,3 миллион хотин-қизнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловла­ри учун 64,8 триллион сўм, 162 мингга яқин бюджет ташкилотида ишловчи аёлларга ҳо­миладорлик нафақаси учун 1,5 триллион сўм йўналтирилди.

Шунингдек, хусусий секторда ишловчи аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 12,3 минг хотин-қизга бюджетдан 32,8 миллиард сўм, ишсиз ҳамда иш қиди­раётган хотин-қизларни касбга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида эса Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 259,6 минг хотин-қиз учун 245,4 миллиард сўм ажратилди.

Ўз навбатида, ипотека кредитлари бў­йича тўлаб бериладиган бошланғич бадал тўловлари учун 8,6 минг хотин-қизга 256,7 миллиард сўм субсидия, бола туғилганда бир марталик тўлов учун (суюнчи пули) 242,3 минг аёлга 205,3 миллиард сўм ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафа­қаси ва моддий ёрдам учун уларнинг 671,2 минг нафарига 4,2 триллион сўм давлат бюджетидан тўлаб берилди.

Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таълим олаётган 17,8 минг хотин-қизнинг тўлов контрактини тўлаб бериш учун 122,9 миллиард сўм, тижо­рат банклари томонидан эса 67,3 минг хотин- қизга таълим кредитлари учун 1,1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилди.

Иқтисодий қўллаб-қувватлаш йўналиши­да хотин-қизларнинг 12,4 миллиард сўмлик 21 та стартапи қўллаб-қувватланди, грантлар орқали 3,1 миллиард сўмлик 23 та ижти­моий лойиҳа амалга оширилди. “Gender-madad” платформаси орқали 2,1 мингдан ортиқ ҳуқуқий маслаҳат берилгани, “Gender. stat.uz” тизимига 217 дан зиёд кўрсаткич жойлаштирилгани ҳам очиқлик ва ҳисобдор­ликни кучайтирди.

Халқаро эътироф

Янги Ўзбекистонимиздаги бу каби кенг кўламли ислоҳотлар бугун халқаро май­донда ҳам аниқ натижалари билан эътироф этилмоқда. Айниқса, бу халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларимиз барқарор яхшиланиб бораётганида яққол кўринмоқ­да. Ўзбекистон Очиқ гендер маълумотла­ри (Open Data) индексида энг яхши 20 та мамлакат қаторига кирди, парламент қуйи палатасида аёллар фаоллиги бўйича дунёда 15-ўринни эгаллади.

Ислоҳотларнинг халқаро майдондаги эътирофини англатувчи муҳим янгиликка алоҳида тўхталиш зарур. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индекси мамла­катимиз учун устувор рейтинг ва индекслар қаторига киритилган. Яқинда ушбу индекс­нинг янгиланган методологияси асосида тайёрланган ҳисоботи натижалари эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон ўз пози­циясини 43 поғонага яхшилаб, 100 дан 82,1 балл билан 190 та давлат орасида 48-ўрин­ни эгаллади.

Эътиборли жиҳати шундаки, индекснинг янгиланган методологияси фақат қонун нор­маларини таҳлил қилиш билан чекланиб қолмай, уларнинг ижросини таъминловчи механизмларни ҳам қамраб олди. Яъни экс­пертлар томонидан қонунларнинг ҳаётдаги амалий ифодаси, айниқса, хотин-қизлар ҳаё­тига таъсири ва кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги ҳам баҳоланди. Натижада мамлакатимизнинг гендер тенгликка оид қо­нунчилиги 82,1 баллга баҳоланди. Бу глобал ўртача кўрсаткичдан қарийб 15 балл, Европа ва Марказий Осиё минтақаси ўртача кўрсат­кичидан эса 1,5 балл юқори.

Ҳисоботда мамлакатимиздаги қатор ти­зимли ислоҳотлар ижобий баҳоланди. Жум­ладан, давлат харидлари тизимида гендерга йўналтирилган қоидалар жорий этилгани, қонунчиликка аёллар тадбиркорлигини рағ­батлантирувчи нормалар киритилгани, ижти­моий ҳимоя ва меҳнат соҳасидаги айрим чек­ловлар қайта кўриб чиқилгани алоҳида қайд этилди. Айниқса, Ўзбекистон Европа ва Мар­казий Осиё минтақасида давлат харидларида гендер омилни ҳисобга олувчи қонунчилик­ка эга бўлган саноқли давлатлардан бири экани таъкидланиши мамлакатимизнинг институционал тажрибаси юқорилиги ҳамда халқаро стандартларга мос сиёсий иродаси­нинг эътирофидир.

Шунингдек, мазкур ҳисоботда Ўзбекис­тон сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳа­сида гендер тенгликни таъминловчи янги ислоҳотларни амалга оширган давлат си­фатида ҳам эътироф этилди. Натижада ин­декснинг қонунчилик таҳлилидаги қатор индикаторлари бўйича мамлакатимиз мак­симал 100 балл тўплади. Бундай натижа, ав­вало, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш йўналишидаги ислоҳотларнинг мақсадли ва тизимли эканининг ёрқин ифодасидир. Гап шундаки, Ўзбекистон хотин-қизлар учун тенг ҳуқуқий муҳит яратиш борасида Япония, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Бразилия, Грузия, Сингапур ва Ҳиндистон каби давлат­ларни ортда қолдиргани ҳам қайд этилди. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортгани, ислоҳотларимиз натижаси глобал баҳолаш тизимларида ҳам муносиб акс этаётганининг амалий исботидир.

Аёллар, бизнес ва қонун” индексида бундай юқори натижага ўз-ўзидан эришил­гани йўқ, албатта. Бунга хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бораси­даги ислоҳотлар қамрови кенгайиб, самара­дорлиги ортиб бораётгани асос бўлмоқда. Масалан, 2025 йилда хотин-қизлар тадбир­корлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 427 минг хотин-қизга жами 23 триллион 360 миллиард сўм, “Оилавий тадбиркор­лик”, “Бизнесга биринчи қадам”, “Маҳалла лойиҳаси” дастурлари доирасида эса 352 минг аёлга 8 триллион 611 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. 1192 маҳал­лаларда Хотин-қизлар бандлигини таъмин­лаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш мар­казлари ташкил этилди.

Хорижга кетган ва фарзандларини назо­ратсиз қолдирган хотин-қизларни аниқлаш ҳамда уларни ватанга қайтариш бўйича Чир­чиқ шаҳрида яратилган тажриба оммалашти­рилиб, онлайн мулоқот орқали миграциядаги 270 мингдан ортиқ хотин-қизнинг оилалари манзилли ўрганилди. Онлайн мулоқотлар ор­қали хорижда кам даромад билан қийналиб юрган 230 мингдан ортиқ аёл ватанга қай­тарилди ва реинтеграция дастурлари амалга оширилди. Миграциядаги фуқароларнинг вояга етмаган фарзандларига белгиланган васий ҳамда ҳомийлар билан суҳбатлар ўтка­зилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган бир миллиондан зиёд хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”нинг беш йил­лик сарҳисобига бағишлаб “Иқтисодий мус­тақилликдан ижтимоий мустақиллик сари” мавзусида ўтказилган миллий анжуманларда беш мингга яқин хотин-қиз қатнашди. Улар иштирокида “Етакчи аёллар” клуби ташкил этилди.

Халқаро эътироф ва эришилган нати­жалар юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалда самара бераётганини яқ­қол тасдиқлайди. Зотан, яратилаётган имко­ниятлар ҳар бир аёлнинг ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва эртанги кунга мустаҳкам ишончида ўз акси­ни кўрсатмоқда.

Дарҳақиқат, кўз ўнгимизда юз бераётган бу каби воқеликлар, халқаро даражадаги ютуқлар “Инсон қадри учун” тамойили ҳаёт­га изчил татбиқ этилаётганидан фахрланиш ҳиссини туямиз, айни шу йўналишда янада масъулият билан тадбир бошлашимизга турт­ки беради.

Эъзоз ва эътибор

Салқин саҳарларда, бодом гулида,

Бинафша лабида, ерларда баҳор.

Қушларнинг парвози, елларнинг нози,

Бахмал водийларда, қирларда баҳор...

Аёл ва баҳор, янгиланиш ва нафосат гўё бир-бирига эгиз тушунчалар. Орзиқиб кутга­нимиз — кўкламнинг илк куни улуғ шоира, атоқли жамоат арбоби, садоқат тимсоли Зул­фияхоним таваллудининг 111 йиллиги юрти­миз бўйлаб кенг нишонланди. “Дийдор насиб яна сиз билан!” номи остида анжуманлар ўтказилди, улуғ шоира хотирасига эҳтиром кўрсатилди.

Мазкур маърифий-маданий тадбирлар, хотира кечалари, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари иштирокида мушои­ралар “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли­дир!” шиори остида 15 февралдан 15 мартга қадар давом этаётган “Аёлларни эъзозлаш” ойлиги доирасида ўтказилмоқда. Ойлик дои­расида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисо­дий ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда фидойи ва ибратли аёллар меҳнатини эътироф этишга қаратилган кенг қамровли тадбирлар ташкил этилмоқда. Маҳаллалар­да хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, муаммоларини барвақт аниқлаш ва ҳал этиш, ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Эрта аниқла — ҳаётни сақла” шиори ости­да аёллар саломатлигини асраш, хавфли ка­салликларни барвақт аниқлашга қаратилган скрининг текширувлари эса эъзознинг энг амалий кўриниши сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, 2025 йил­да онкологик касалликларни эрта аниқлашни ташкил этиш борасида қарийб тўрт миллион аёл онкоскрининг текширувидан ўтказилди, 3300 нафардан ортиғи мутахассис текширу­вига юборилди. Натижада икки ярим минг­дан зиёдида касаллик эрта босқичда аниқ­ланди. 3245 нафари соғломлаштиришга жалб этилди.

Қўмитамиз томонидан оилани жамият­нинг стратегик ижтимоий институти сифати­да мустаҳкамлаш мақсадида давлат сиёсати истиқболлари ва устувор йўналишларини белгилаб беришни ўз ичига олган “Оила фа­ровонлиги — 2030” миллий дастури ишлаб чиқилди.

Асрлар давомида аёл зотига эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ташаббусларини қўл­лаб-қувватлаш, эл-юрт ҳурматига сазовор аёлларни қадрлаш эзгу анъанамизга айлан­ган. Ана шу қадриятнинг ёрқин ифодаси си­фатида 8 март — нафосат айёми арафасида 28 қизимиз Зулфия номидаги давлат муко­фоти, 72 аёлимиз турли давлат мукофотлари, 351 нафари “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Мухтасар айтганда, хотин-қизларни қўл­лаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белги­лаб олинган мақсадлар хотин-қизларимиз истиқболларини янада нурли, оилаларни барқарор ва жамиятни фаровон қилишга қаратилган эзгу сиёсатнинг ҳаётий инъико­сидир. Зеро, аёл қадр топган юртда эртанги кунга ишонч ҳам, ютуқлар ҳам бардавом бўлади.

Зулайҳо МАҲКАМОВА,

Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси