Aёл эъзоз топган юртда юксалиш, онага эҳтиром кўрсатилган оилада фаровонлик, пировардида эртамиз эгалари — фарзандларимиз бахтли бўлади. Она дуоси билан юксалган хонадон — тинчлик ва бараканинг маскани, аёл салоҳияти билан тараққий этган жамият эса маърифатлидир.
Бугунги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасида устувор вазифага айланди. Бу йўналишдаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган дастур ва ташаббуслар юзаки ва қўл учида эмас, улар ҳар бир оиланинг фаровонлиги, ҳар бир аёлнинг имконияти, ҳар бир фарзанднинг эртанги куни билан бевосита боғлиқ ҳаётий дастур ўлароқ шакллангани билан аҳамиятли.
Янги имкониятлар
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кўп миллатли халқимизнинг оқилона таклиф-тажрибаси, одил муҳокамаси асосида такомиллаштирилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ва даромад топиш имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатидаги устувор йўналиш сифатида янада аниқ кўрсаткичлар билан мустаҳкамланди.
Президентимизнинг “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оилани мустаҳкамлаш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган.
Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясидаги 25-мақсад аввал хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса, ҳозир оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган мақсад сифатида ўзгартирилгани ҳам оиланинг жамият ҳаётидаги ўрни янада юксалганининг белгиси.
Янги мақсадлар қаторига долзарб масала: оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича ўқув курсларига ёшларни жалб этишни жорий йилда 50 фоиз ошириш ва 2030 йилга қадар 80 фоизини қамраб олиш, оила ва хотин-қизлар масканларида кўрсатиладиган хизматларни 40 фоиздан 60 фоизга кўтариш, шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, рақамли саводхонликни кучайтириш, манзилли қўллаб-қувватлаш орқали хотин-қизларни эҳтиёжмандликдан чиқариш каби 11 та мақсадли кўрсаткич белгиланди.
Лидер тадбиркор аёллар орқали эҳтиёжманд хотин-қизларни даромад топишга ўргатиш кўламини 100 минг нафарга етказиш ташаббуси, шу билан бирга, маҳаллаларда хотин-қизлар бандлиги ва саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишида 3940 та марказ ташкил этилиши режалаштирилгани ҳам стратегиянинг инсон капиталини комплекс қўллаб-қувватлашга қаратилганини кўрсатади. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларидан фаол фойдаланишга жалб этиладиган хотин-қизлар сони ҳар йили 100 минг нафарга, жами 500 минг нафарга етказилиши белгиланди.
Бундан ташқари, сиёсий партияларда хотин-қизларнинг улушини 50 фоизга, судьялар орасида 30 фоизга ошириш, аёллар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни кескин камайтириш каби аёллар манфаати кўзланган мақсадлар ҳам ўрин олган.
Ҳа, марралар баланд олиниб, яқин беш йилликда улкан мақсадлар қўйилмоқда. Бундан англашиладики, бугун ҳар бир аёлнинг фаровонлиги оиланинг ички масаласи эмас, бутун мамлакат тараққиётининг мезони, ҳам драйверидир. Янгиланган стратегиянинг энг катта қиймати ҳам шунда.
Билимли жамият таянчи
Маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди. Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк мақсадни кўзлар экан, шубҳасиз, бунда маърифатли жамият ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳар бир оилада олий маълумотга эга мутахассислар бўлишини таъминлаш, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида 1 нафари олий маълумотли бўлиши учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу мақсадда хотин-қизларнинг олий ва ундан кейинги таълимини давом эттиришини қўллаб-қувватловчи янги ташаббуслар амалиётга жорий этилиб, қатор имтиёз ва субсидиялар берилиши натижасида сезиларли ютуқларга эришилмоқда.
Хусусан, 2025 йилда олий маълумотга эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга ажратилган грантлар миқдори икки мингдан тўрт мингтага етказилди, яъни икки баробар оширилди. Беш йил иш стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар контракт квотаси эса 500 тадан 2500 тага оширилди. 2025-2026 ўқув йилида қарийб 255,5 минг хотин-қиз олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди.
Ўтган йили олий таълим ташкилотларини битирган 128 мингдан зиёд талаба-қиздан қарийб 117 минг нафарининг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Ушбу жараён айни пайтда ҳам давом этмоқда.
Бундан ташқари, 262 минг хотин-қиз “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ахборот технологиялари бўйича ўқитилди. Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиб келинаётган “Олима аёллар” танловида 1612 та лойиҳа талабномалари ўрнатилган тартибда экспертиза босқичларидан ўтказилиб, қиймати 127,3 миллиард сўм миқдоридаги 156 та лойиҳа молиялаштирилди.
Хотин-қизлар таълимига қаратилаётган алоҳида эътибор, тақдим этилаётган қулайликлар ҳисобига илм-фан соҳасида ҳам аёлларимизнинг нуфузи ошиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда илмий тадқиқот қилаётганларнинг 42 фоизини хотин-қизлар ташкил этади, фан докторларининг 26,5 фоизи, фалсафа доктори, фан номзодларининг 40,1 фоизи аёллардир.
Тенг ҳуқуқ, тенг юксалиш
Сўз хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, тенг имкониятлар муҳитини яратиш хусусида борар экан, бу масаладаги яна бир асосий дастурий ҳужжат — 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегиясига тўхталиб ўтиш лозим. Зеро, ушбу стратегия 2025 йилда ҳам аниқ натижалари билан намоён бўлди.
Жумладан, тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган 17 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, бюджет режалаштиришда гендер ёндашувни жорий этиш бўйича индикаторлар ишлаб чиқилди. Давлат органларида гендер аудити ўтказиш услубияти янгиланиб, айрим вазирликларда амалда татбиқ этилди.
Раҳбар кадрлар тайёрлашда ҳам силжиш бор: миллий кадрлар захирасида хотин- қизлар сони 1267 нафарга етди (27 фоиз), “Раҳбар аёллар мактаби”да ўқиганлардан 60 нафари юқори лавозимларга тайинланди. Таълимда хотин-қизлар улуши барқарор ўсмоқда: олий таълим бакалавриатида талабаларнинг 54 фоизини, магистратурада таҳсил олувчиларнинг 67 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Гендер асосида режалаштириш ва бюджетлаштириш амалиётини такомиллаштириш мақсадида гендер индикаторлари ишлаб чиқилиб, бюджет дастурлари лойиҳаларида қўллаш учун барча вазирлик ва идораларга етказилди.
2025 йил давомида бюджет ташкилотларида ишловчи 1,3 миллион хотин-қизнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари учун 64,8 триллион сўм, 162 мингга яқин бюджет ташкилотида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик нафақаси учун 1,5 триллион сўм йўналтирилди.
Шунингдек, хусусий секторда ишловчи аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 12,3 минг хотин-қизга бюджетдан 32,8 миллиард сўм, ишсиз ҳамда иш қидираётган хотин-қизларни касбга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида эса Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 259,6 минг хотин-қиз учун 245,4 миллиард сўм ажратилди.
Ўз навбатида, ипотека кредитлари бўйича тўлаб бериладиган бошланғич бадал тўловлари учун 8,6 минг хотин-қизга 256,7 миллиард сўм субсидия, бола туғилганда бир марталик тўлов учун (суюнчи пули) 242,3 минг аёлга 205,3 миллиард сўм ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун уларнинг 671,2 минг нафарига 4,2 триллион сўм давлат бюджетидан тўлаб берилди.
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таълим олаётган 17,8 минг хотин-қизнинг тўлов контрактини тўлаб бериш учун 122,9 миллиард сўм, тижорат банклари томонидан эса 67,3 минг хотин- қизга таълим кредитлари учун 1,1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилди.
Иқтисодий қўллаб-қувватлаш йўналишида хотин-қизларнинг 12,4 миллиард сўмлик 21 та стартапи қўллаб-қувватланди, грантлар орқали 3,1 миллиард сўмлик 23 та ижтимоий лойиҳа амалга оширилди. “Gender-madad” платформаси орқали 2,1 мингдан ортиқ ҳуқуқий маслаҳат берилгани, “Gender. stat.uz” тизимига 217 дан зиёд кўрсаткич жойлаштирилгани ҳам очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтирди.
Халқаро эътироф
Янги Ўзбекистонимиздаги бу каби кенг кўламли ислоҳотлар бугун халқаро майдонда ҳам аниқ натижалари билан эътироф этилмоқда. Айниқса, бу халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларимиз барқарор яхшиланиб бораётганида яққол кўринмоқда. Ўзбекистон Очиқ гендер маълумотлари (Open Data) индексида энг яхши 20 та мамлакат қаторига кирди, парламент қуйи палатасида аёллар фаоллиги бўйича дунёда 15-ўринни эгаллади.
Ислоҳотларнинг халқаро майдондаги эътирофини англатувчи муҳим янгиликка алоҳида тўхталиш зарур. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индекси мамлакатимиз учун устувор рейтинг ва индекслар қаторига киритилган. Яқинда ушбу индекснинг янгиланган методологияси асосида тайёрланган ҳисоботи натижалари эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 100 дан 82,1 балл билан 190 та давлат орасида 48-ўринни эгаллади.
Эътиборли жиҳати шундаки, индекснинг янгиланган методологияси фақат қонун нормаларини таҳлил қилиш билан чекланиб қолмай, уларнинг ижросини таъминловчи механизмларни ҳам қамраб олди. Яъни экспертлар томонидан қонунларнинг ҳаётдаги амалий ифодаси, айниқса, хотин-қизлар ҳаётига таъсири ва кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги ҳам баҳоланди. Натижада мамлакатимизнинг гендер тенгликка оид қонунчилиги 82,1 баллга баҳоланди. Бу глобал ўртача кўрсаткичдан қарийб 15 балл, Европа ва Марказий Осиё минтақаси ўртача кўрсаткичидан эса 1,5 балл юқори.
Ҳисоботда мамлакатимиздаги қатор тизимли ислоҳотлар ижобий баҳоланди. Жумладан, давлат харидлари тизимида гендерга йўналтирилган қоидалар жорий этилгани, қонунчиликка аёллар тадбиркорлигини рағбатлантирувчи нормалар киритилгани, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат соҳасидаги айрим чекловлар қайта кўриб чиқилгани алоҳида қайд этилди. Айниқса, Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасида давлат харидларида гендер омилни ҳисобга олувчи қонунчиликка эга бўлган саноқли давлатлардан бири экани таъкидланиши мамлакатимизнинг институционал тажрибаси юқорилиги ҳамда халқаро стандартларга мос сиёсий иродасининг эътирофидир.
Шунингдек, мазкур ҳисоботда Ўзбекистон сўнгги йилларда тадбиркорлик соҳасида гендер тенгликни таъминловчи янги ислоҳотларни амалга оширган давлат сифатида ҳам эътироф этилди. Натижада индекснинг қонунчилик таҳлилидаги қатор индикаторлари бўйича мамлакатимиз максимал 100 балл тўплади. Бундай натижа, аввало, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш йўналишидаги ислоҳотларнинг мақсадли ва тизимли эканининг ёрқин ифодасидир. Гап шундаки, Ўзбекистон хотин-қизлар учун тенг ҳуқуқий муҳит яратиш борасида Япония, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Бразилия, Грузия, Сингапур ва Ҳиндистон каби давлатларни ортда қолдиргани ҳам қайд этилди. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортгани, ислоҳотларимиз натижаси глобал баҳолаш тизимларида ҳам муносиб акс этаётганининг амалий исботидир.
“Аёллар, бизнес ва қонун” индексида бундай юқори натижага ўз-ўзидан эришилгани йўқ, албатта. Бунга хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар қамрови кенгайиб, самарадорлиги ортиб бораётгани асос бўлмоқда. Масалан, 2025 йилда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 427 минг хотин-қизга жами 23 триллион 360 миллиард сўм, “Оилавий тадбиркорлик”, “Бизнесга биринчи қадам”, “Маҳалла лойиҳаси” дастурлари доирасида эса 352 минг аёлга 8 триллион 611 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. 1192 маҳаллаларда Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилди.
Хорижга кетган ва фарзандларини назоратсиз қолдирган хотин-қизларни аниқлаш ҳамда уларни ватанга қайтариш бўйича Чирчиқ шаҳрида яратилган тажриба оммалаштирилиб, онлайн мулоқот орқали миграциядаги 270 мингдан ортиқ хотин-қизнинг оилалари манзилли ўрганилди. Онлайн мулоқотлар орқали хорижда кам даромад билан қийналиб юрган 230 мингдан ортиқ аёл ватанга қайтарилди ва реинтеграция дастурлари амалга оширилди. Миграциядаги фуқароларнинг вояга етмаган фарзандларига белгиланган васий ҳамда ҳомийлар билан суҳбатлар ўтказилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган бир миллиондан зиёд хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”нинг беш йиллик сарҳисобига бағишлаб “Иқтисодий мустақилликдан ижтимоий мустақиллик сари” мавзусида ўтказилган миллий анжуманларда беш мингга яқин хотин-қиз қатнашди. Улар иштирокида “Етакчи аёллар” клуби ташкил этилди.
Халқаро эътироф ва эришилган натижалар юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалда самара бераётганини яққол тасдиқлайди. Зотан, яратилаётган имкониятлар ҳар бир аёлнинг ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва эртанги кунга мустаҳкам ишончида ўз аксини кўрсатмоқда.
Дарҳақиқат, кўз ўнгимизда юз бераётган бу каби воқеликлар, халқаро даражадаги ютуқлар “Инсон қадри учун” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаётганидан фахрланиш ҳиссини туямиз, айни шу йўналишда янада масъулият билан тадбир бошлашимизга туртки беради.
Эъзоз ва эътибор
Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор...
Аёл ва баҳор, янгиланиш ва нафосат гўё бир-бирига эгиз тушунчалар. Орзиқиб кутганимиз — кўкламнинг илк куни улуғ шоира, атоқли жамоат арбоби, садоқат тимсоли Зулфияхоним таваллудининг 111 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланди. “Дийдор насиб яна сиз билан!” номи остида анжуманлар ўтказилди, улуғ шоира хотирасига эҳтиром кўрсатилди.
Мазкур маърифий-маданий тадбирлар, хотира кечалари, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари иштирокида мушоиралар “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтлидир!” шиори остида 15 февралдан 15 мартга қадар давом этаётган “Аёлларни эъзозлаш” ойлиги доирасида ўтказилмоқда. Ойлик доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда фидойи ва ибратли аёллар меҳнатини эътироф этишга қаратилган кенг қамровли тадбирлар ташкил этилмоқда. Маҳаллаларда хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, муаммоларини барвақт аниқлаш ва ҳал этиш, ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Эрта аниқла — ҳаётни сақла” шиори остида аёллар саломатлигини асраш, хавфли касалликларни барвақт аниқлашга қаратилган скрининг текширувлари эса эъзознинг энг амалий кўриниши сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, 2025 йилда онкологик касалликларни эрта аниқлашни ташкил этиш борасида қарийб тўрт миллион аёл онкоскрининг текширувидан ўтказилди, 3300 нафардан ортиғи мутахассис текширувига юборилди. Натижада икки ярим мингдан зиёдида касаллик эрта босқичда аниқланди. 3245 нафари соғломлаштиришга жалб этилди.
Қўмитамиз томонидан оилани жамиятнинг стратегик ижтимоий институти сифатида мустаҳкамлаш мақсадида давлат сиёсати истиқболлари ва устувор йўналишларини белгилаб беришни ўз ичига олган “Оила фаровонлиги — 2030” миллий дастури ишлаб чиқилди.
Асрлар давомида аёл зотига эҳтиром кўрсатиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, эл-юрт ҳурматига сазовор аёлларни қадрлаш эзгу анъанамизга айланган. Ана шу қадриятнинг ёрқин ифодаси сифатида 8 март — нафосат айёми арафасида 28 қизимиз Зулфия номидаги давлат мукофоти, 72 аёлимиз турли давлат мукофотлари, 351 нафари “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мухтасар айтганда, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгилаб олинган мақсадлар хотин-қизларимиз истиқболларини янада нурли, оилаларни барқарор ва жамиятни фаровон қилишга қаратилган эзгу сиёсатнинг ҳаётий инъикосидир. Зеро, аёл қадр топган юртда эртанги кунга ишонч ҳам, ютуқлар ҳам бардавом бўлади.
Зулайҳо МАҲКАМОВА,
Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси