Имомованинг оилавий шароитини ҳисобга олган маҳалладагилар уни “Аёллар дафтари” рўйхатига киритишганди. Бу орада маҳалла фаолларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан: “Ширин маҳалласи чегара ҳудудида жойлашганлиги муносабати билан бу жойда федерация ҳомийлигида “Аёллар гўзалик салони” ташкил этилади”, деган мазмундаги хабар келди.
Маҳалла фаоллари маслаҳатлашиб, бу ишга Гўзал Имомованинг номзодини муносиб кўришди. “Аёллар гўзаллик салони” учун маҳалла ҳудудидан то жой ажратилгунича Гўзал Имомовани хотин-қизлар сочини турмаклаш, маникюр, педикюр ҳунарларини эгаллаш учун Тошкент шаҳрига икки ҳафталик малака оширишга жўнатишди. Сўнг Сариосиё тумани Бандлик маркази томонидан ташкил қилинган мономарказда ҳам у бир ой ўқиди. Бугун Гўзал Имомова ишли, “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқарилди. Касаба уюшмалари республика федерацияси томонидан 73 миллион сўмга контейнердан тайёрланган, ичида барча қулайлиги бор “Аёллар гўзаллик салони”да Гўзал Имомова “Ёшлар дафтари” рўйхатида турган Мастона Пўлатова ва Дурдона Боймирзаева билан қишлоқ аёлларининг гўзаллигига гўзаллик, чиройига чирой қўшиш учун ўз ҳунарларини сидқидилдан адо этишяпти. Албатта, текинга эмас.
— Ҳалқимизда “Онангни отангга бепардоз кўрсатма”, деган нақл бор, — дейди Гўзал Имомова ўзи бажараётган ишидан мамнун бўлиб. — Қишлоғимизда “Аёллар гўзаллик салони” очилганидан буён хотин-қизлар, айниқса бўйи етган қизлар салонимизга тез-тез ташриф буюрадиган бўлиб қолишди. Никоҳ тўйлари бўлаётган келинлар ҳам мижозимизга айланган.
Шунингдек, худди шундай “Аёллар гузаллик салони” Узун туманидаги “Мустакилликнинг 22 йиллиги”, Термиз туманидаги “Гулбаҳор”, Шеробод туманидаги “Учёғоч” маҳаллалари ҳудудида ҳам бунёд этилиб, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган хотин-қизлар ишли қилинди.
Усмонали НОРМАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири