Шарқда оила инсоннинг энг муҳим қўрғони сифатида қаралади. Унинг юраги эса аёл бўлиб, у фарзанд тарбиясида, оилавий қадриятларни сақлашда ва жамиятнинг руҳиятини шакллантиришда беқиёс аҳамият касб этади. Аёл ўз оиласида нафақат меҳр-муҳаббат, балки донишмандлик ва фаросат тарбиячиси сифатида фаолият олиб боради.

Аёл оила аъзоларининг нафақат тақдирини, балки миллий руҳиятини ҳам шакллантиради. Шу сабабли аёлнинг оила ичидаги роли жамиятнинг умумий барқарорлиги учун ҳам асосий омил бўлиб хизмат қилади. Уларнинг илм олишга бўлган интилиши нафақат ўз ҳаётини, балки жамиятни ҳам юксалтиради. Фарзандларга тарбия бериш учун ҳам, жамиятни бойитиш учун ҳам илм зарур. Лекин бу илм уни ўрганиш билан чекланиб қолмаслиги лозим. Аёл илм ўрганиш орқали аввало ўзини англайди, ҳаёт моҳиятини тушунади ва ички дунёсини бойитади. Аёлнинг илм-фанга интилиши фақатгина оиласига ёки ўз касбий фаолиятига хизмат қилмасдан, балки жамият учун янги имкониятлар эшигини очади.

Миллий қадриятлар ва замонавий технологияларни бирлаштириш орқали аёллар замонавий дунёда шахсий имкониятларини кенгайтирмоқда. Бу эса нафақат уларнинг ўз ҳаётида, балки бутун жамиятнинг ҳар бир соҳасида фаолият олиб боришига имкон яратади.

Фалсафий нуқтаи назарга кўра, ўзини англамаган шахс нафақат жамият учун, балки ўзи учун ҳам қадрини йўқотади. Аёллар учун бу жараён ўз имкониятларини кашф этиш, ҳаётий қарорларни мустақил равишда қабул қилиш ва бошқаларга ўрнак бўлиш билан боғлиқдир. Шу сабабли, аёллар жамиятнинг интеллектуал ва маънавий ривожланишига бевосита таъсир ўтказади.

Аёл жамиятда нафақат аъзо, балки йўлбошчи сифатида ҳам ўз ўрнини топиши лозим. Раҳбарлик – бу фақат лавозим ёки масъулият эмас, балки санъатдир. Аёлнинг раҳбарлик қобилияти унинг сабр-қаноати, адолатпарварлиги ва инсоний фазилатлари орқали намоён бўлади. Бугунги кунда аёллар нафақат оилада, балки бошқарув соҳасида ҳам ўз ўрнини топиб, бошқаларга ўрнак бўлиб келмоқда.

Раҳбарлик масъулиятини ўз зиммасига олган аёл жамиятда адолат, ҳалоллик ва инсонийлик тамойилларини тарғиб этади. Бу тамойиллар жамият тараққиётининг асосий пойдеворларидан биридир. Аёлнинг бошқарувдаги ўрни унинг жамиятга бўлган меҳрибонлиги, кучли аналитик фикрлаши ва самарали қарор қабул қилиш қобилиятлари билан белгиланади.

Хулоса қилсак, аёлларнинг жамиятдаги фаоллиги нафақат индивидуал муваффақиятларни, балки миллий тараққиётни ҳам таъминлайди. Шундай экан, уларнинг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш, илм ва маърифат эшикларини очиш давлат ва жамиятнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолиши айни муддао.

Ҳусан ТУРСУНОВ,

журналист