Илгари барчамизнинг онгимизга сингиб кетган бир стереотип бор эди: илм-фан аёлнинг иши эмас. Лекин тарих ҳақиқатларига мурожаат қилсак, аёлларнинг фан, маданият, маънавият, тиббиёт оламида алоҳида ёндашувига эга эканини кўрамиз. Бибихоним, Тўмарис, Бопай Хоним, Қурбонжон Додхоҳ, Нодирабегим, Назипа Қулжанова, Сайра Киизбаева, Софя Ҳакимова, Балжан Бультрикова, Хадича Сулаймонова, Дилбар Абдураҳмонова, Асал Сартбоевалар Марказий Осиёда ўз иқтидори, ақлий с алоҳияти билан ном қозонган.
Илм-фан тараққиётига эркаклар билан бир сафда ўз ҳиссасини қўшган аёллар сони оз эмас. Афсуски, аёл олимлар кўпда шуҳрат қозона олмаган. Бугунги кунда хотин-қизларни илм-фаннинг энг мураккаб йўналишларида ҳам кўришимиз мумкин. Албатта, бу қувонарли ҳолат.
Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида гендер тенгликни таъминлаш Ўзбекистон ички сиёсий концепциясининг устувор йўналишлари қаторига киради. Бугун Ўзбекистон академик доираларида аёлларнинг ўрни билан бемалол мақтана оламиз. Жорий йил Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда давлатимиз раҳбари: “Илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш — бу игна билан қудуқ қазишга баробар. Мен ўзим шу соҳадан чиққаним учун бу ишнинг нақадар қийин ва мураккаб эканини яхши биламан. Шунинг учун ҳам оила ташвишлари ва фарзанд тарбиясини илмий-тадқиқот билан бирга олиб бораётган, бу борада амалий ютуқ ва натижаларга эришаётган олима аёлларни шахсан мен чинакам матонат ва жасорат соҳибалари деб биламан ва юксак қадрлайман”, дея таъкидлади. Бу билан Президентимиз хотин-қизларимизга зўр маънавий далда ва ишонч берди.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида Олима аёллар жамияти тузилиши, унга ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилиши, шунингдек, жорий ва келгуси йилда шу каби мақсадларга 1,8 триллион сўм йўналтирилиши ҳам айни муддао бўлди. Бугун бу жамият чинакамига хотин-қизлар ўз сўзини айта оладиган минбарга айланмоқда. Қайд этишимиз жоизки, жамият тараққиётига хизмат қилувчи, инсон капитали ривожланишига бебаҳо ҳисса қўшувчи омиллардан бири, албатта, олималарнинг илм-фан соҳасида улуши кўп бўлишидир.
Магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пулларини тўлиқ бюджетдан қоплаб бериш учун ҳар йили 200 миллиард сўм ажратилиши, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 та мақсадли квота берилиши каби имтиёзлар юрт тараққиёти учун ўз ҳиссамни қўшаман, дея мақсад қилган ҳар бир хотин-қизга зўр имконият бўлди. Бунинг ортидан илм олишга интилган қизлар сафи кенгаймоқда. Ўзбекистон аёлларига, қизларига илму маърифат олишида яратилган имкониятни миллат келажагига юксак эътибор, аёл-қизларимизга эътироф сифатида қабул қилдик.
Давлатимиз раҳбари: “Иложи борича, аёлларимизнинг дардини, ташвишларини севинч ёшига, ғалаба ёшига, муваффақият ёшига, натижа ёшига айлантиришга ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қиламиз. Битта қиз фарзандни ўқитсангиз — бутун оилани ўқитган бўласиз, деб ота-боболаримиз бежиз айтмаган”, дея биз аёлларнинг қадру қимматини юксакка кўтарди. Баъзилар аёл киши жамиятда илми, ижоди, санъати билан нуфузга эга бўлса, унинг оиласи, фарзандларига қарашга, тарбиялашга имкони йўқ, деб ўйлайди. Фикримизча, чинакам она фарзандлари ва оиласи учун ҳар қандай вазиятда ҳам имкон топади. Илму маърифатга ошно маънавий-ахлоқий баркамол аёл фарзанд тарбиясида ҳам, шубҳасиз, етукликка интилади.
Эронлик тарихчи олим Абдибек Шерозий аёлларнинг илм олиши ҳақида бундай деган эди: “Яхши таҳсил кўрган ва илм нури билан хулқини яхшилаган аёл ҳар ерда иззат топади. Илм — аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан қутқарган ҳар бир аёл номус, иззат, аёллик қадрини тушуниб етади. Бундай аёл ҳеч бир ишда адашмайди”.
Дарҳақиқат, бугунги замонавий технологиялар асрида ақлу заковати билан юқори кўрсаткичларга эришаётган фарзандларни кўриб қувонамиз ва фахрланамиз. Сабаби, бир фарзанднинг ютуғи ортида бир онанинг заҳматли меҳнати жо бўлганини биламиз. Илму мансаб пиллапояларида юқори марраларни забт этаётган эр киши ортида ҳам аҳли аёлининг ҳиссаси борлигини тан оламиз. Ҳа, аёл қалбида буюк фидойилик, миллат келажагига дахлдорлик мужассам.
Илм олмоқнинг минг бир машаққатини роҳат каби қабул қилиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлаётган аёллар салмоғи кўплигидан фахрлансак арзийди.
Аёлларнинг илмли, зиёли бўлишига катта эътибор қаратилаётган юртда яшаяпмиз. Юқорида айтганимиздек, Ўзбекистон академик доирасида аёлларнинг ўрни катта. Бу борада фаолияти таҳсинга сазовор профессор, доцент илмий унвонига эга бўлган закий, олима аёлларимиз рўйхатини узундан-узоқ келтиришимиз мумкин.
Айтиш жоизки, яқин йилларгача илм йўлига отланган аёллар қалбида ишончсизлик, совуққонлик пайдо бўла бошлагани ҳам кўпчиликка аён. Президентимизнинг хотин-қизлар илм олишига алоҳида эътибори билан бу каби муаммолар ҳам бартараф этилди.
Бугунги янгиланаётган жамият аёлни илмсизлик, маърифатсизлик каби таназзулдан сақлаб қолса, бу энг катта ютуқ, деб баҳолаш мумкин. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг аёлларга илм-фан соҳасида ҳам кўрсатаётган эътиборига муносиб даражадаги илмий изланишларимиз, кашфиётларимиз билан жавоб қайтармоғимиз керак.
Статистик кўрсаткичларга назар солганимизда, юртимиз илмий таълим муассасаларида 660 аёл фан доктори, 7 академик меҳнат қилаётгани, Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтларида эса 3 мингга яқин хотин-қиз тадқиқот олиб бораётгани маълум бўлади. Демак, ўз-ўзидан равшанки, бу кўрсаткич ҳали янада ошади. Чунки илм-фан орзуси билан ёниб яшаётган хотин-қизлар сони жуда кўп.
Юлдузлар фақат осмонда бўлмайди. Ён атрофингизга қарасангиз, уларни албатта кўрасиз. Бу — илм истаётган аёл, минг бир манбага термулиб умрининг ярмини кутубхоналар билан боғлаган хотин-қизлар, илмий-тадқиқот жараёнларида ҳатто ўзини-да унутиб, мақсади учун курашган нозик хилқат вакиласи.
Маҳфуза Йўлдошева,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)