Бунга ечим сифатида махсус илмий оромгоҳлар ташкил этиш орқали аёл-қизларнинг таълими ва каръераси учун кенг йўл очиш имконияти пайдо бўлди. Бу борада Ўзбекистонда илк марта аёл-қизлар учун илм-фан оромгоҳи ташкил этилди. Унда юртимиз бўйлаб сараланган энг иқтидорли, илмга чанқоқ ва креатив аёл-қизлар жамланди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ташкил этилган оромгоҳ лойиҳаси доирасида хотин-қизларнинг илмий фаолияти кенг тарғиб этилди. Илмий тадқиқот билан шуғулланаётган опа-сингилларимизга тажрибали олим ва мутахассислардан назарий билимларни ўзлаштириш, ўзаро тажриба алмашиш учун қулай имконият тақдим этилди.

Дастур асосида тақдим этилган бир-биридан манфаатли тренингларда иштирокчилар махсус либосда қатнашди. Бу илм-фанда жон куйдираётган ёш олималарнинг умумий қиёфасини яхлит оила аъзолари сифатида гавдалантирди. Тадбир иштирокчиларга тажриба алмашиш, янги кўникмаларни ўрганиш ва илмий салоҳиятини ривожлантириш учун платформа вазифасини ўтади.

— Аёл-қизлар учун илм-фан оромгоҳи соҳада гендер тенгликни тарғиб қилиш билан бирга гендер қарама-қаршилигисиз илмий фаолият билан шуғулланиш, халал берувчи стереотипларни йўқ қилиш ва илм-фанда аёл-қизларнинг ролини оширишга ҳисса қўшади, — дейди лойиҳа иштирокчиси Раъно Алиқулова. — Тажриба майдонида билим ва тажрибамни синовдан ўтказдим. Илм-фан оромгоҳи лойиҳаси ўзим танлаган ва бошлаган илмий изланишлар учун катта олималар билан бирга ишлашимда мустаҳкам занжир бўлди.

Илм-фан оромгоҳида аёл-қизлар ноёб ғоялари ва ёндашувлари билан ўртоқлашди. Бу эса фикрлар хилма-хиллиги ва инновацион ечимларни рағбатлантирди.

— Оромгоҳ лойиҳаси ёш аёл-қизларнинг илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, уларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, иқтидорли талаба қизларни излаб топиш, рағбатлантириш, илмий тадқиқотларга қизиқишини оширишни кўзда тутади, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттахонова. — Шунингдек, ёш олималар ҳамда юқори малакали илмий-педагог кадрлар ўртасида тизимли учрашувлар ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий ва лойиҳалаштириш фаолияти билан шуғулланишга жалб қилиш, мантиқий ва танқидий тафаккурни сингдириш, жаҳон таълим манбаларидан, илғор илмий адабиётлар электрон каталоглари ва маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш каби мақсадлар кўзланган.

Жамиятда ўз ўрнига эга бўлган таниқли шахслар ўтказган семинар-тренинглар оромгоҳнинг 100 га яқин иштирокчисида илмий тадқиқотнинг аҳамиятли жиҳатларини тушунишга хизмат қилди. Уларда илм-фанга чинакам қизиқиш ошиши ва танлаган соҳаси бўйича кейинги таълимни давом эттиришга ундаши, илмий қобилиятига ишончни орттириб, қийинчиликларни чидам билан енгиш каби кўникмаларни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

— Муттасил ривожланаётган илм-фан ва технологиялар ландшафтини кезар эканмиз, келажак илмини шакллантиришда аёл-қизлар роли тобора долзарблик касб этмоқда, — дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Зебинисо Адҳамова. — Аёл-қизлар учун илм-фан оромгоҳлари ҳали фойдаланилмаган истеъдоднинг ўзгарувчан потенциалини очиш, тараққиёт йўлига ғов бўлаётган тизимли тўсиқларни ҳал қилиш учун калит вазифасини бажаради.

Жаҳон иқтисодиёти глобаллашуви ва янги технологик ривожланишга ўтиш жараёни халқаро товар ва молия бозорларида, рақамли технологияларни жорий этиш соҳаси ва аҳолининг ўсиб бораётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш усулларида рақобатнинг тобора кучайишига олиб келмоқда. Ушбу масалаларнинг асосий ечими илм-фан ва инновациялар соҳасида етакчи мамлакатлар қаторидан ўрин олишдир. Шу боис, ривожланаётган аксар мамлакатлар рақобатбардошликни ошириш ва мустаҳкамлаш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқаришни ва глобал маркетингни фаол ўзлаштириш, устувор йўналишларда илмий мактабларини ташкил этиш, тажрибали ва малакали мутахассисларни жалб этиш, инновацион салоҳиятга эга истиқболли стартапларни қўллаб-қувватлаш, узоқ муддатли барқарор ривожланишнинг молиявий ва институционал асосларини яратиш учун давлат имтиёзларидан мақсадли фойдаланиш каби чораларни кўрмоқда. Бу жараёнда аёл-қизларнинг ўрни ва иштирокини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

— Бугунги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг имкониятини кенгайтириш, гендер тенгликни таъминлаш долзарб масалага айланди, — дейди лойиҳа иштирокчиси Гулҳаё Равшанова. — Бунинг муҳим жиҳатларидан бири аёл-қизларнинг таълим олиш имкониятини таъминлаш билан боғлиқ. Уларнинг билим олиши бир неча сабабга кўра жуда муҳим. Жумладан, имкониятларни кенгайтиради, онгли равишда танлов қилиш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш имконини беради. Қолаверса, гендер меъёрлари ва тенгсизликларига қарши курашиш, орзуларини амалга ошириш ва ўзгаришлар иштирокчиси бўлишга кўмаклашади.

Ўқимишли аёл-қизлар овқатланиш, гигиена, репродуктив саломатлик ва касалликларнинг олдини олиш бўйича билимларга эга бўлиб, жамиятнинг умумий турмуш фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, таълим орқали камбағалликни енгишда бошқалар қатори тенг иштирок этиб, ҳисса қўшади. Аёл-қизлар зарур билим, кўникма ва малакага эга бўлса, яхши иш топиб, кўпроқ маош олади ва оиласининг иқтисодий фаровонлигига ҳисса қўшади. Бу орқали жамиятнинг юксалишига ёрдам беради.

Илм-фан оромгоҳида тадқиқотчилик билан изчил шуғулланаётган аёл-қизлар қатори бўлғуси олималарнинг илмий изланишга қизиқиши ва интилиши қўллаб-қувватланди. Кейинги фаолиятида илм-фан билан кенгроқ шуғулланиши, илмий манбалардан фойдаланишда аҳамият бериладиган жиҳатлар, илмий самарадорликка эришиш, касбда, илм-фанда ва, энг асосийси, оилада муваффақиятли аёл-қизлар бўлиши учун замин ҳозирланди. Учрашувлар, илмий ҳамжамият билан қимматли ўзаро алоқалар жуда катта аҳамиятга эга бўлиши, бу каби илм-фан оромгоҳлари ёш тадқиқотлар сафини кенгайтириш ва олима аёллар кўмагида устоз-шогирд анъаналарини ривожлантиришда беқиёс ўрин тутиши эътироф этилди. Олималарнинг илмий фаолиятига оид ютуқларни оммалаштириш ва инновацион ғояларини рағбатлантириш, илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги миллий ва халқаро танловларда, халқаро рейтингларда иштирокини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш фаол давом эттирилиши таъкидланди.

Назокат КАРИМОВА,

Тошкент давлат техника университети

таянч докторанти