Атрофимизда рўй бераётган ҳар бир эзгу воқеа замирида ҳикмат яширин. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб, уларга муносиб турмуш шароити яратаётгани, илм олиш учун кенг имкон бераётгани ҳам бежиз эмас. Мақсад – миллат қудратини ошириш.

Миллат, юрт қудрати, аввало, икки муҳим эврилишда кўзга ташланади: биринчиси – соғлом авлод, иккинчиси – маънавий юксалиш. Эътибор қилсак, ҳар икки босқичда ҳам аёлларимизнинг ўрни ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу маънода, кейинги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган хотин-қизлар сиёсатининг мазмун-моҳиятини янада чуқур англаш мумкин.  

Табиатда кўклам шукуҳи, Рамазон руҳи кезиб юрган шу кунларда юртимизда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили тобора қўр олмоқда. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга бел боғлаганмиз. Бу йўлдаги барча мақсадларнинг “Инсон қадри учун”, деган эзгу ғоя асосида бирлаштирилгани ҳам қалбимизни қувонтиради.

Адолатли ижтимоий сиёсат мақсадлари

Тараққиёт стратегиясининг “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш”, деб номланган тўртинчи йўналишида белгиланган мақсадлар билан танишган киши Ўзбекистонда хотин-қизлар учун катта имкониятлар яратилаётганига ишонч ҳосил қилиши табиий.

Мисол учун, 60-мақсадни олиб кўрайлик. Унда репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, шунингдек, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш учун 46 та туманлараро перинатал марказ ташкил этиш, уларни кадрлар, техника ва буюмлар билан таъминлаш масаласи қўйилган. Бунинг узвий давоми сифатида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тадбирлари ўрин олгани яна уйғунлик ва изчилликнинг тасдиғидир.

Янаям аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, аёллар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш иши амалий оқимга кўчди. Ҳудудларда, айниқса, чекка қишлоқларда кўмакка муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар белгиланди.

Тадрижийликка таянган ижобий ўзгаришларнинг ёрқин жиҳатларини санаймиз, десак далиллар кўп. Мисол учун, ­Президентимиз 2022 йил 7 март куни имзолаган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳам стратегик мақсадларга мутаносиб равишда аёлларга кўрсатиб келинаётган ғамхўрликни янги босқичга олиб чиқди.

Шу фармон билан 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ва уни амалга ошириш комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқлангани, айниқса, эътиборлидир.

Оқила аёллар ҳаракатга келганда...

Шунда, албатта, Учинчи Ренессанс йўлидаги олий мақсадларимизга эришамиз. Бу баландпарвоз эмас, ташкилий, ҳуқуқий, моддий ва маънавий асосли гап.

Бу ҳақда фикрларимизни Покистон Ислом Республикаси биринчи раҳбари, сиёсат арбоби Муҳаммад Али Жиннанинг “Дунёда икки қудратли куч бор — бири қилич, яна бири қалам. Улар ўртасидаги рақобат ва кураш шиддатли. Лекин улардан ҳам қудратлироқ яна бир куч бор, бу — қўлига қалам олган аёл”, деган ҳикматли гапи асосида бошлаймиз.

Янги Ўзбекистонда қўлида ана шундай қудратли қалами бор хотин-қизлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Бу, аввало, ҳар бир оилада буюк келажак эгалари — оқил фарзандлар тарбияланаётгани муждаси. Шулар ҳақида гапирмоқчи бўлсак, хаёлимизни фикрлар ғужғони банд қилади. Шу боис, ўтган беш йилда хотин-қизлар таълими, илм йўлидаги имтиёз ва имкониятлар ҳақида фикримизни мухтасар қилиб, янги ислоҳотларга назар солишни жоиз билдик.

Президентимиз яқинда зукко ва билимдон хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган қизиқиш ва иштиёқини ошириш мақсадида қатор муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди. Жумладан, келгуси ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган барча қизларнинг контракт пули тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Мана бу — дунё миқёсида ҳеч муқобили йўқ сиёсат. Сир эмас, бизнинг хотин-қизлар бакалавриат йўналишини тугатиши билан, баъзан эса юқори курслигидаёқ, шарқона менталитетимизга кўра, турмушга чиқиши бор гап. Аёлларимиз оилапарварлигини эса дунё билади. Шу боис, айни зиё чўққиси этагида оилавий шароити тўғри келмай ёки моддий имкониятларни ҳисоб-китоб қилиб, илмни давом эттиришга қимтиниб турган аёлларни кўп учратамиз. Янги тизим энди бу қимтинишу иккиланишларга барҳам беради. Иштиёқ борми, марҳамат: ўқинг, илм қилинг, юрт ривожига ҳисса қўшинг. Бунинг учун давлат тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Президентимиз фармонига кўра, келгуси ўқув йилидан эътиборан, олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредитлар берилади. Шунингдек, ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияларига асосан, ҳар бир ҳудуддан 150 нафардан жами 2100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қопланади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фармонда мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумоти йўқ 500 хотин-қизни ҳар йили Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тавсияномасига асосан, давлат олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишига, умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синови натижаларига мувофиқ, тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилиши белгиланган.

Хуллас, ҳаётимизнинг ҳар бир куни, айниқса, хотин-қизларимиз учун қувончли тарихий янгиликлар, ташаббусларга бой ўтяпти. Улардан бири жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида “Олима аёллар жамияти” тузилиб, унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши бўлди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ушбу жамият мамлакатимизда ва хорижда илм-фан соҳасида юксак ютуқларга эришаётган олима аёлларимизни жипслаштириб, уларнинг ақл-заковат нури ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб бориши учун ўзига хос парвоз майдонига айланади.

Ўзбекистонда яна бир қудратли ҳаракат бошланмоқда. Бу — “Оқила аёллар” ҳаракати. Бу борада Президентимиз, жумладан, шундай деди: “Барча ҳудудларимизда жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган, обрў-эътиборли аёлларни ўз сафида бирлаштирган “Оқила аёллар” ҳаракатини сизлар билан бирга ташкил этсак, бу эзгу ҳаракат том маънода жамиятимиз овозига, маҳалла виждонига айланади, деб ўйлайман”.

Дарҳақиқат, бу янги ҳаракат, ҳеч шубҳасиз, жамиятимизда миллий руҳ юксалиши, бунёдкорлик, аҳиллик, бағрикенглик тамойиллари мустаҳкам шаклланиши, ўзаро меҳр-муҳаббат ҳисси қадрланишига йўл очади. Бундай тамойиллар ва қадриятлар бор жойда эса, албатта, барака бўлади, эврилишлар юз беради.

Раҳбар аёллар сони ортади

Яқинда, хотин-қизлар байрамида қатнашиб, давлатимиз раҳбари билан кўришганимдан буён янги куч ва рағбат билан ишлаяпман. Президентимиз орадан кўп ўтмай Давлат солиқ қўмитасига ташриф буюриб, соҳанинг яқин келажакдаги устувор вазифаларини белгилаб берганида эса ўзимга бўлган ишончим янада ошди, руҳиятим енгиллашди, қалбим фахр ва ифтихор туйғуларига тўлиб, зўр мотивация олдим.

Айтмоқчи бўлганим, Ўзбекистондаги ҳар бир хотин-қиз кўтаринки кайфиятда яшаб, жамиятимиз ривожи учун меҳнат қилмоқда. Бу йўлда ҳали қиладиган ишларимиз олдинда. Масалан, 2024 йил биринчи январга қадар тизим ташкилотлари ходимлари орасида хотин-қизлар улушини камида 30 фоизга етказиш, давлат органлари раҳбарларининг камида битта ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинлаш мақсад қилинган.

Давлат солиқ қўмитаси тизимида ана шу мақсадларни бажаришга ҳозирданоқ киришилди. Иқтидорли, билим ва салоҳиятли, бир сўз билан айтганда, фозила аёлларимизни раҳбарлик лавозимига тавсия этишни қуйидан — туманлардаги солиқ инспекциясидан бошладик. Ҳозирга қадар 15 га яқин туманда давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосарлигига аёл раҳбар тайинланди. Қорақалпоғистоннинг Тахиатош ва Хўжайли, Самарқанднинг Пайариқ ва Оқдарё туманлари солиқ инспекцияларида аёл раҳбарлар иш бошлади. Умумий таркибда аёллар улушини оширишга ҳам эътибор қаратамиз. Бугунги кунда тизимдаги
12 минг 747 ходимнинг 17 фоизи аёллар бўлса, йил охиригача бу кўрсаткични
25 фоизга етказишга интиламиз. Бу йўлда биз “Аёллар солиқ инспекциясини бошқара олади”, деган гапни шиор қилиб олдик.

Давлат солиқ қўмитаси марказий аппаратининг ўзида 101 хотин-қиз бандлиги таъминланди. Ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, асосий кўрсаткич Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади. Фарғона, Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси солиқ хизмати тизимида фаолият олиб ­бораётган хотин-қизлар сони ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Давлат солиқ қўмитаси тизимида раҳбар аёллар сони қандай оширилади? Солиқ органларида айни пайтда меҳнат қилаётган хотин-қизлар бўйича кадрлар селекцияси ва мониторинги тадбирлари инновацион усулларда амалга оширилади. Жумладан, раҳбарлик иқтидори намоён бўлган аёлларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитиш амалиёти жонланади. Иқтисодиёт ­соҳасига қизиқиши кучли қизларда ­бошқарув кўникмаларини шакллантириш бўйича қўмита ҳузуридаги Фискал институтда қисқа муддатли курслар ташкил этилади. Раҳбар аёлларни тайёрлаш бир йиллик вазифа эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий йўналишдаги олий таълим муассасалари билан қобилиятли талаба-қизларни аниқлаш-саралаш бўйича яқин ҳамкорлик ўрнатилади.

Талабалар амалиётини солиқ хизмати органларида ташкил этиш жараёнида кўпроқ қизларни жалб қилишнинг алоҳида режа-жадваллари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Қўмита тизими ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тай­ёрлаш юзасидан кўрсаткичларни шакллантиришда хотин-қизларга кўпроқ ўрин ажратилади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали давлат солиқ хизмати органлари мутахассисларининг хорижда таълим олиш ишларини ташкил этиш ва муайян квота ажратишда хотин-қизларга устуворлик бериш масаласи ҳал этилади.

Президентимиз шу йил 8 март байрамидаги нутқида “...биз инсоният тараққиётига унутилмас ва беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизни дунёга келтириб, меҳр билан тарбиялаган, уларни улуғвор ишларга руҳлантириб, камарбаста бўлган фозила аёлларимиз билан албатта фахрланамиз”, деган эди.

Ўз навбатида, аёлларимиз ҳам юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиланишларга ҳиссасини қўшиб, ҳалол ва баракали меҳнати билан миллий тараққиётимизга хизмат қилади.

Гавҳархон МУҚАДДАСОВА,

Давлат солиқ қўмитаси

раиси маслаҳатчиси