"– Ҳар ойда туманимиз ижодкорлари тўпланиб мушоира ва адабий суҳбат қилиб турамиз, – дейди Қудрат Одинаев. – Сумалак сайли тараддудида бўлиб ўтган бу сафарги адабий йиғинимиз ўзгача кечди. Устоз Академик Абдурашид Ҳасанов, филология фанлари доктори, профессор Шомиддин Ёрматов, фаол ижодкорлар Неъмат Душаев, Озод Хушназаровлар олиб борган маҳорат дарслари ёш ижодкорларга жуда катта завқ ва илҳом бағишлади.
Баҳор мушоирасига қишлоғимиздаги нуроний онахонлар ва фаол опа-сингилларимиз ҳам таклиф этилди. Уларнинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни тарғиб қилиш борасидаги мулоҳазалари ва қизиқарли ҳикоялари йиғилганларда жуда катта таассурот қолдирди. Биз “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган мақолаларни ҳам биргаликда ўқиб, таҳлил қилиб турамиз. Сизларга ўзим ушбу мушоирада ўқиган шеърларимдан бирини жўнатяпман", дейди мактубда.
Аёлга эҳтиром
Ҳаётимиз кўрки, зийнати бўлган,
Гоҳ гулдек очилиб завқ бериб кулган.
Гоҳида тўлин ой мисоли тўлган,
Аёлга эҳтиром, аёлга таъзим.
Керак бўлса қилни қирққа тилган у,
Ҳатто бир жонини қирқта қилган у,
Ҳар неки иш қилса кўзин билган у,
Аёлга эҳтиром, аёлга таъзим.
Китоб бўлди Кумушу Зайнаб бўлиб,
Отабекка ўзларин зийнат билиб,
Не дилларни тиғсиз кетса ҳам тилиб,
Аёлга эҳтиром, аёлга таъзим.