Турли соҳаларда муаффақиятларга эришяпмиз. Ижтимоий, иқтисодий, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этяпмиз. Жумладан, куни кеча юртимизда бўлиб ўтган Президент сайловида ҳам муносиб қатнашдик.

Очиғи, мен сайловда бир аёл, қолаверса, тадбиркор сифатида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлаб овоз бердим. Нимага? Аввало, Шавкат Мирзиёев номзоди айнан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилди. Бу сиёсий тузилма эса, номидан ҳам маълумки, тадбиркорларнинг яқин кўмакчиси ва суянчидир.

Бугун тадбиркорликни ривожлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар нафақат иқтисодиётимиздаги ислоҳотларда, балки ҳар бир оила, ҳар бир аёл ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда яққол кўзга ташланмоқда. Бунга кўплаб мисоллар бор. Фикримни ўз ишим мобайнида кузатилган бир воқеа билан тушунтирсам, ўйлайманки, ўринли бўлади.

Фабрикамизда бирор механизм ишдан чиқса, уни зудлик билан тузатмасангиз, ишчиларнинг қўли бўш қолади, энг ёмони, маҳсулотни бой берамиз. Шунинг учун гоҳида эҳтиёт қисмлар топишга ўзим бош-қош бўламан. Шундай муаммони ҳал этиш учун кетаётганимда йўлда бошини тиззасига қўйиб, йиғлаб турган аёлни кўриб қолдим. Ҳайдовчига “машинани тўхтат”, дедим. У “ахир шошиб турибмиз-ку”, деб эриниброқ тормозни босди.

Аёлнинг ёнига бориб бир-икки тамоқ қирдим, лекин у эшитмади. Кейин аста елкасига қўлимни қўйдим. У менга бурилиб қаради.

– Синглим, нега йиғлаяпсиз, сизга ёрдам керакми, – дедим.

– Йўқ, мен ҳеч кимга ишонмайман, ҳамма алдайди, юзингизга қараб ёлғон гапиради. Сиз ҳам ўшаларнинг бирисиз, сизгаям ишонмайман!

– Бундоқ тушунтириб гапирсангиз-чи, сизни ким хафа қилди?

– Мени тинч қўйинг, сизга ўзи нима керак?

– Сиз кераксиз, опа-сингил тутинмоқчиман.

Шунда у аёл менга маъноли қаради ва ўрнидан турди. Кейин кўз ёшларини артиб:

– Менга ҳеч ким бу гапни айтмаган, – деди.

Уни машинага миндириб олдим. Шу куни ҳамма ишларимга улгурдим. Энг муҳими, иш топа олмай оиламни қандай боқаман, деб йиғлаб турган ўша аёлни корхонамиз ҳузуридаги масофавий таълим марказига касб ўрганишга йўналтирдим. Биласизми, аёл жуда қобилиятли чиқиб қолди. Ҳозир у тикувчилик фабрикамизнинг энг илғор ва энг кўп маош оладиган қўли гул чеварларидан бири.

Мен бу ҳолатни бежиз эсламадим. Аёл кишининг кўзида ёш кўрсам, унинг ёнидан шунчаки ўтиб кета олмайман. Унга қўлимдан келганича ёрдам бераман. Бунинг боиси шуки, аёлга қилинган битта яхшилик ўнта бўлиб қайтади. Чунки аёл — она. Оналар билимли, салоҳиятли бўлса, улар қўлида тарбия топган фарзандлар ҳам зукко ва зеҳнияти ўткир бўлиб вояга етади. Оналарга, аёлларга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромнинг замирида ҳам шу ҳақиқат мужассам.

Дарвоқе, фаолиятимиз ҳам хотин-қизларни ўқимишли, ҳунарли, энг муҳими, ишли қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Мисол учун, Тошкент шаҳридаги Яккасарой туманида жойлашган корхонамизда 160 кишининг бандлиги таъминлангани юртимизда бизнес учун қулай имкониятлар яратилганининг ёрқин исботидир. Ана шу 160 ишчининг аксарияти хотин-қизлар.

Шу аёлларнинг хатти-ҳаракатига қараб туриб, уларга меҳру муҳаббатим янада ошади. Ахир ҳамма ишни шу ожиза деб атаганимиз аёллар қиляпти-ку! Тиним билишмайди. Уларнинг саъй-ҳаракати билан ҳар ойда қиймати 450-500 минг долларгача бўлган 500 турдаги болалар тайёр кийим-кечакларини экспорт қиляпмиз. Россия, Украина, Беларус, Озарбайжон, Португалия ва Польша каби давлатларга тайёр кийим-кечак экспорт қилар эканмиз, бу ютуқларимиз негизида аёллар меҳнати ётганини фахр билан тилга олишни истайман. Шу ўринда Садриддин Айнийнинг “Эркакларни тўқлик бузади, аёлларни йўқлик бузади”, деган машҳур гапини келтириб ўтишни жоиз билдим. Кимки аёлларга, хотин-қизларга қўлидан келган ёрдамини аямаса, келажак учун, миллат эртаси учун қайғурган ҳисобланади. Миллат тақдирига дахлдор киши эса ватанпарвардир.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қўшимча 100 иш ўрни, Юқоричирчиқ туманида ҳам 100 ишчи ўрни очганимизда ҳам ишга қабул қилинган хотин-қизлар юз-кўзидаги қувончни кўриб, беихтиёр кўзимга ёш келди. Ахир бу 200 аёл оиласи, фарзандлари олдидаги оналик бурчини адо этаётганидан хурсанд бўлса, меҳнат қилиб неъмат яратаётгани жамият тараққиёти учун муҳим эмасми?

Ўзи аёл зотини ишга жалб қилишда жуда катта мураккабликлар мавжуд. Биринчидан, уларнинг кўпида ҳунар йўқ. Ахир ҳунар бўлмаса, қуруқ иштиёқнинг ўзи камлик қилади-да. Шунинг учун масофавий таълим маркази очдик. Ўзимиз ўргатиб, ўзимиз ишга оляпмиз. Онлайн ўқишга қизиқувчи хотин-қизлар сафи тобора кўпайиб бормоқда. Ҳозир Тошкент шаҳридаги Машинасозлар маҳалласидан 40 аёл ўқияпти, ўзимизнинг ишхонамизда олий ўқув юртига кириш учун 20 хотин-қиз онлайн таҳсил оляпти. Қўрғонтепа ва Дўстлик маҳалласида уйда ўтирган аёллар ҳунар ўрганмоқда.

Оналар башарият тарбиячиларидир. Оналар, хотин-қизлар қанча эъзозланса, билимли, ақл-идрокли ва тафаккури бой бўлишига эришилса, оила ўзгаради, жамият янгиланади, ҳаёт даражаси юксалади. Айтмоқчиманки, мамлакатимизда бу йўналишдаги ҳаётий ислоҳотлар шу жиҳатлари билан қадрлидир. Ишонаманки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бу борадаги ишлар бардавом бўлади.

Мухлисахон АКРАМОВА,

Тошкент шаҳридаги “O`zimizniki” МЧЖ раҳбари,

“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳибаси