Аёлларнинг узоқ умр кўриши “эликсир”и аниқланди. 25 йиллик тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, “Ўрта Ер денгизи диетаси” деб номланувчи овқатланиш рациони аёлларда ўлим хавфини 23 фоизга камайтириши мумкин. Тадқиқот натижалари Америкадаги JAMA журналида чоп этилди.

Олимлар 25 мингдан ортиқ соғлом америкалик аёлларни 25 йил давомида кузатиб ушбу хулосага келишди. Илмий изланиш саратон ва юрак-қон томир касалликлари оқибатида эрта ҳаётдан кўз юмишни сезиларли даражада камайтиришини исботлади.

“Ўрта Ер денгизи диетаси”да ёнғоқлар, дуккакли маҳсулотлар, мевалар, сабзавотлар ва тўлиқ доналар каби ўсимликка асосланган озиқ-овқатлар, асосий ёғ сифатида зайтун мойидан фойдаланилади. Мазкур диета ўртача миқдорда балиқ, парранда гўшти, сут маҳсулотлари ва тухумни ҳам ўз ичига олади.

Тадқиқотларга бошчилик қилган доктор Самиа Мора узоқ умр кўриш учун парҳезнинг муҳимлигини яна бир бор исботлаганидан мамнун эканлигини билдирган. Унинг таъкидлашича, “Ўрта Ер денгизи диетаси”га риоя қилиш аёллар учун жуда ҳам фойдали бўлиб, бу нафақат узоқ умр кўриш, балки ўз гўзалликларини сақлаб қолишга ҳам ёрдам беради.

Маълумотларга кўра, эркаклар 1970-йилларда аёлларга қараганда бир йил, 1980-йилларда 2 йил, 1990-йилларда 4 йил, XXI асрда эса 5 йил кам яшаган. АҚШда умумий статистик рақамларга кўра, эркаклар аёлларга қараганда 7 йилга, Россиядаги эркаклар эса аёлларга қараганда 10 йилга кам яшайди.

Бунда Европада эркак ва аёл ҳаёти давомийлиги ўртасидаги фарқ уч ва олти йил орасида эканлигига гувоҳ бўламиз. Шарқда эса бу кўрсаткич етти-саккиз йил орасини ташкил қилади.

Зулхумор Акбарова