Ҳар йили дунёда 19 ноябрь — Халқаро аёллар тадбиркорлиги куни кенг нишонланади. Бу йил мазкур сана мавзуси “Аёллар тадбиркорлиги — молиявий мустақиллик ва аёлларнинг иқтисодиётдаги иштироки” мавзусига бағишланди.

Ушбу сана муносабати билан юртимизда “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси ташаббуси билан анъанавий саккизинчи Аёллар тадбиркорлиги ҳафталиги ташкил этилди. Жорий йилнинг 6—10 ноябр кунларига мўлжалланган ҳафталик режасидан қатор тадбирлар жой олган. Уларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 300 дан ортиқ аёллар онлайн ва офлайн форматда иштирок этадилар. Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ҳафталик олдидан брифинг бўлиб ўтди.

— Бутун ҳафта давомида барча ҳудудий бўлинмаларда ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари, экспертлар, ҳамкорлар иштирокида семинарлар, давра суҳбатлари ва конференциялар ўтказилади, — дейди “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси кенгаши аъзоси Нигора Ёқубова. —  Бундан ташқари, ҳафта давомида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро дастурларнинг тақдимотлари ўтказилади, тадбир иштирокчилари тўпланган тажрибалари билан алмашишади, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, мамлакатимиз тадбиркор аёллари учун туризм соҳасида хизматлар сифатини ошириш бўйича навбатдаги стратегия ишлаб чиқилади. Ҳафталикнинг мақсади Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш, унинг заиф томонларини аниқлаш, тўсиқларни аниқлаш ва қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тавсия чораларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ишбилармон аёлларнинг экспорт имкониятларини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат.

Ҳафталик тадбирларидан жой олган учрашув, кўргазма, давра суҳбатлари юртимизнинг  турли ҳудудлари давом этади. ҳафталик якунида эса “Анор — 2023” кўрик танловининг республика босқичи ўтказилади. Мамлакатимиз тадбиркор аёлларининг бу йил 8-бор ўтказилаётган “АНОР” Миллий кўрик танлови юртимиз  давлат, бизнес ва ижтимоий доиралари юксак эътирофига сазовор бўлиб, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлди, аёллар тадбиркорлиги ривожининг ўзига хос ўлчов мезонига айланди. Шу боис ҳам ушбу танлов якунловчи финал қисми ўтказилажак ҳафталикнинг энг асосий тадбирлари сирасида қайд этилган.

Маълумот учун, “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси 1991 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда 17 мингга яқин аъзоси, 73 та ҳудудий бўлими,  200 дан ортиқ тренерлари мавжуд. Ассоциация томонидан ўтган 9 ой давомида мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида 10 минг нафардан зиёд аёллар тадбиркорлик асослари бўйича тренингларда иштирок этди. 9 мингдан ортиқ аёл иш билан таъминланди.

Ассоциация кўмагида 1 минг 547 нафар аёл 22 миллиард 700 млн сўм миқдорида кредит олди. Лойиҳалар доирасида грант эгаларига креатив бизнес-режаларини амалга ошириш учун 154 минг АҚШ доллари ажратилди. Бугунги кунга келиб ассоциациянинг ҳудудий бўлинмалари сони 73 тага етди.