Мамлакатимизда сўнгги йилларда аёллар масаласида жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларимиз учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, ёшларнинг ўз билим ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишини таъминловчи тизим яратилди. Хусусан, ҳозирги пандемия даврида бу борадаги ишлар самарасига ҳар қачонгиданда кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Ўтган хафта давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлашда бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни «темир дафтар» тузилган, эндиликда ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилиши таъкидланди. Бу рўйхатлар «темир дафтар»дан алоҳида бўлиб, унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилиши белгилади.

Шунингдек, бу ташаббусни амалга ошириш механизмлари Хатирчи тумани ва Янгиер шаҳри мисолларида тушунтириб ўтилди.

Ҳақиқатан ҳам бугун юртимизда хотин-қизлар ва ёшлар аҳолининг катта қисмини ташкил этмоқда. Натижада ижтимоий масалаларнинг аксарияти айнан шу икки қатлам вакиллари иштирокида ҳал этилмоқда.

Шу боис, мазкур икки йўналиш бўйича Ўзбекистонда давлат сиёсатини маҳалла даражасигача юритадиган вертикал тизим яратилмоқда.

Бугун давлатимиз раҳбари томонидан жамиятда аёллар ва ёшлар фаоллигини ошириш ҳамда улар дуч келаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш учун илгари сурилаётган «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари»ни шакллантириш учун ёшлар масалалари бўйича ҳар бир туманда алоҳида ҳоким ўринбосари, унинг 3 нафаргача мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимининг 3 нафар ходими, вилоятда ҳам ҳоким ўринбосари, унинг 4 нафар мутахассиси, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармасининг 11 нафар ходими фаолият юритяпти. Хотин-қизлар масалалари бўйича ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари, туманда – маҳалла ва оила бўлими бошлиғи ўринбосари ва 2 нафар мутахассиси, вилоятда эса 8 нафаргача штат бирликлари ташкил этилган.

Эндиликда ишлар самарадорлигида янгича ёндашув ва механизмлардан ҳам кенг фойдаланилади. Яъни, сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар вакилларига ҳар бир маҳалладаги ҳолатни ўрганиш, ёшлар ва аёллар билан бирма-бир мулоқот қилиб, эҳтиёжларини, қизиқишларини аниқлаш борасида ҳам аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.

«Ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари»га киритиладиган ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотилиб, касбий кўникмалар шакллантирилади. Мамлакат келажагини таъминловчи аёллар ва ёшлар масаласида мутлақо янги, замон талаб­ларига мос иш услублари асосида муаммолар ечимига эришилади.

Бу эса, ўз навбатида, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар ва ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишига кенг имкониятлар яратади.

Зуҳра ИБРАГИМОВА

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати